Welcome to Госактив   Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! Welcome to Госактив GSpeech
  eye                     
   
 

elon right small

 

Биз ижтимоий тармоқларда

elon right smallTelegram каналимиз

e-auksion2“E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш мақсадида йўлга қўйилган муваффаққиятли лойиҳалардан биридир.

Бугунги кунда савдо майдончасида ер участкаларига бўлган ҳуқуқ реализацияси, давлат активлари (бўш бино, давлат объектлари, муайян корхоналарнинг давлат улушлари), давлат объектларини ижарага бериш, ижро ҳужжатлари бўйича аукцион савдолар (кўчмас мулк, автотранспорт, махсус техника ва бошқа мол-мулклар савдоси), дарёлар ўзанларини тозалаш орқали қум-шағални қазиб олишга бўлган ҳуқуқ, қимматбаҳо металларни қазиб олишга лицензия бериш, “Айдар-Арнасой” кўллар тизими сув ҳавзаси участкаларидан фойдаланиши ҳуқуқи, ҳудудларни санитария жиҳатдан тозалаш ҳуқуқи каби йўналишларда электрон онлайн аукцион савдолар бўлиб ўтмоқда.

Хўш, ушбу фаолиятнинг ўзига хос жиҳатлари нимада, ҳозиргача қандай натижаларга эришилди, келгуси режалар қайси муаммоларни бартараф этишга қаратилган?

Муҳиддин Ходжаев, “Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК директори в.б.:

– Мазкур ягона электрон савдо майдончаси аукционларнинг очиқ ва шаффоф тарзда, инсон омили аралашувисиз ўтишини таъминлаб, коррупция, сансалорлик, сохта бюрократик тўсиқларнинг бартараф этилишига, фуқароларнинг тенг иштирокига, тадбиркорлар ва инвесторлар учун қулайликлар яратишга хизмат қилади. Айнан шу жиҳати билан ҳозиргача амалга ошган аукционлардан фарқ қилади.

Фаолиятимиз натижасини бир қатор асосий кўрсаткичлар билан изоҳлаш мумкин. Электрон онлайн аукционлар ташкил этилганидан бери барча йўналишлар бўйича 18 минг 348 та мол-мулк савдога чиқарилиб, шундан 11 минг 751 таси 689 млрд. сўмга ёки бошланғич нархига нисбатан 130 млрд. сўм қимматга сотилишига эришилди. Ўтказилган аукционлар якунларига кўра, ғолиб иштирокчилар 2 трлн. 372 млрд. сўм инвес­тиция киритиш ҳамда 33 700 янги иш ўрин яратиш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Амалга оширилган ишлар самарасидан келиб чиқиб, ушбу фаолият янада такомиллаштирилаётгани эътирофга лойиқ. Сўнгги бир ой ичида онлайн аукционлар орқали ер участкаларига бўлган ҳуқуқ реализацияси бўйича 2 та ўзгариш рўй берди.

Биринчиси, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаларини онлайн аукционларга қўйиш бош­лангани, иккинчиси, тадбиркорлик учун белгиланган ер участкалари бериш тартибининг соддалаштирилганидир. 2019 йил 1 октябрдан бир қатор янги тартиблар кучга кирди. Яъни бу санадан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотларни “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимига жойлаштириш учун таклифлар киритиш ҳуқуқи берилди. Кейинчалик эса бу таклифлар мутасадди ташкилотлар томонидан кўриб чиқиш ва электрон онлайн аукционга қўйишга асос бўлади. Савдога қўйилган ер участкасининг умумий маълумотлари кенгайтирилди, яъни ер участкаси тўғрисида мажбурий кўрсатиладиган маълумотларда ерга бўлган ҳуқуқ тури, ер участкаси кирадиган ерлар тоифаси ва тури, автомобиль йўлларигача бўлган масофа тўғрисида маълумот, мазкур ер участкасида қурилишга рухсат берилган ёки тақиқланган объектлар турлари рўйхати, шунингдек, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш учун техник шартлар акс эттирилади.

Электрон онлайн аукционга чиқарилган ер участкаси аукцион бошланишидан аввалги 30 кун ўрнига 15 календарь кун олдин амалга оширилади. Иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш муддати ҳам узайтирилиб, 2 кун олдин тугаши ўрнига аукцион кунидан олдинги куни соат тунги 12.00 да (24.00 да) якунланади.

Афсуски, айрим харидорлар мулкни харид қилиб, пулини тўлаб бўлганларидан кейин мулкни аввалги мулкдорга қайтариш ҳолатлари учраяпти. Аммо бундай қилиш учун фақат суд қарори лозим. Суд қарорига эса барча бўйсуниши керак. 1 октябрдан кучга кирган янги тартибга кўра, энди аукционда ғолиб бўлган мулкдорнинг мулки қайтарилиши у ёқда турсин, ҳатто муҳокама қилиниши ҳам мумкин эмас. Бу масала алоҳида назоратга олинган.

Энди ким аукционгача бўлган жараёнда хато қилган бўлса, ўша барча зарарни қоплайди, аукциондан кейин мулк ҳар қандай шароитда ғолибда қолади. Айтмоқчимизки, ҳозиргача кузатилган кўплаб муаммоларнинг сабабчиси бўлган вилоятлар ҳамда туманлар ҳокимларининг аукцион ғолиби номига ер участкасини ажратиш бўйича қарор қабул қилиши тўғрисидаги талаб бекор қилинди. Эндиликда аукцион ғолибининг айби бўлмаганида, маъмурий тартиб-таомилларга риоя қилинмаганлиги учун электрон онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани бекор қилиш ёки ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Бугунги кунда юқоридаги янгиликларни ҳаётга жорий этиш мақсадида бир қатор ижро механизмлари ишлаб чиқилди. Хусусан, тадбиркорлик фаолияти учун ер участкалари берилишининг янги тартибига кўра, тадбиркорлар e-аuksion.uz сайтида қўйиладиган ер участкалари бўйича электрон онлайн аукционларда иштирок этишлари мумкин. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкаларини “E-Ijro auksion” савдо майдончаси орқали бериш бошланди. Ҳозир Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида жойлашган ер участкалари электрон савдога қўйилган.

Тез кунларда республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги бўш ерлар ҳам электрон онлайн аукцион савдоларга чиқарилади. Шунингдек, ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятда ҳам ўзгаришлар кутилмоқда. Яъни ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ер участкаларида, шунингдек, давлат мулки бўлган бино ва иншоотларда жойлаштириш ҳуқуқини бериш очиқ электрон аукционлар орқали амалга оширилиши кўзда тутилган. Электрон аукционлар орқали сотиш тартиби тасдиқланган заҳотиёқ бу йўналиш ҳам ишга тушади.

Жамшид Жонибеков, “Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК бўлим бошлиғи:

– Кўпчиликни электрон онлайн аукцион савдоларда қатнашиш тартиби қизиқтириши табиий. Шунинг учун жойларда бўлганимизда ва турли тадбирларда ушбу тартибни кенг аҳоли ўртасида тушунтириш масаласига эътибор қаратамиз. Электрон онлайн аукцион савдоларда интернет тармоғига уланган компьютер воситасида иштирок этилади. Бунинг учун талабгор масофадан туриб интернет тармоғи орқали www.e-auksion.uz cайтини танлайди.

Сайтнинг бош саҳифасида рўйхатдан ўтиш қисмига кириб ўзининг паспорт сериясини ва телефон рақамини қайд қилган ҳолда рўйхатдан ўтади. Бунга қисқа муддат – атиги 8 дақиқа кетади, холос. Шундан сўнг талабгор сайтдан ўзини қизиқтирган лотни танлайди ва аукционда иштирок этиш учун электрон ариза беради. Албатта, ушбу аризани электрон рақамли имзо (ЭРИ) билан тасдиқлаш лозим. ЭРИ калитини яқин атрофдаги Мажбурий ижро бюроси идоралари, давлат хизматлари агентлиги ёки бизнинг марказимиздан олиш мумкин. Ариза берган иштирокчилар сони ва уларнинг шахсий маълумотлари ошкор этилмайди. Бу эса коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.

Талабгор ўзига маъқул лот (яъни савдога қўйилган бирор мол-мулк) учун ариза бергач, аукционда иштирок этиш учун олдиндан белгиланган миқдорда закалат пули тўлайди. Закалат пулини ҳам уйдан чиқмаган ҳолда электрон тўлов хизматлари (Payme, Click, Oson.uz va Paynet) орқали амалга ошириш мумкин. Агарда талабгор аукционда ғолиб бўлмаса, закалат пули унга қайтариб берилади. Яъни электрон онлайн аукционда иштирок этиб, ҳеч нарса йўқотилмайди.

Савдолар ўзаро мусобақалашиш тартибида ўтказилади. Аукцион савдолар расмий иш кунларида бўлиб ўтади, савдолар соат 9.00 да бошланиб, ғолиб аниқлангунга қадар давом этади. Мулкни сотиб олиш бўйи­ча охирги нархи тасдиқланган иштирокчи аукцион ғолиби деб топилади. Аукцион ғолиби савдо якунлангандан кейин ўша заҳотиёқ сайтда эълон қилинади ва унинг номига автоматик равишда ғолиблик баённомаси расмийлаштирилади. Баённома ғолибнинг электрон почтасига юборилади.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, авваллари, масалан, ер сотиб олиб, бино-иншоот қурмоқчи бўлган шахсга бир қатор ташкилотларнинг хулосаси олиниб, унга ҳоким қарори чиқарилганидан сўнггина қурилишга рухсат берилар эди. Эндиликда аукционда ғолиб бўлган шахслар ғолиблик баённомаси асосида ортиқча оворагарчиликсиз мулкка эга бўлади. Биргина баённома мулкни ғолиб номига расмийлаштиришга асос ҳисобланади.

Умуман, “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида аукцион савдолар инсон аралашувини истисно этадиган махсус дас­турий маҳсулотдан фойдаланилган ҳолда ўтказилади. Аукционлар қайси йўналишда ўтказилмасин, уларда қонунийлик ва шаффофлик таъминланади.

Камолхўжа Йўлдошхўжаев, “Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК бош мутахассиси:

– Ягона элект­рон савдо майдончасида жисмоний ва юридик шахслар ҳам ўз мол-мулкларини реализация қилиш ҳуқуқига эга. Яъни марказимиз билан буюртмачи (жисмоний ёки юридик шахс) ўртасида ўзаро шартнома имзоланганидан сўнг сайтимиз орқали рўйхатдан ўтган ҳолда (интернет тармоғига уланган компьютер орқали) ўз мол-мулкларини электрон онлайн аукционда сотиш учун жойлашлари мумкин. Бунда жисмоний ва юридик шахс­ларга тегишли характерланадиган ҳужжатга, стандарт хусусиятга эга бўлган мол-мулклар, яъни кўчмас мулк, автомототранспорт, махсус техника воситалари, улушлар ва бошқа турдаги асбоб-ускуналар (қимматли қоғозлардан ташқари) сотилади.

“E-IJRO AUKSION” дастуридаги бундай хизматдан фойдаланишнинг бир қатор қулайликлари мавжуд.

Биринчидан, сиз ўз мулкингизни сотмоқчи бўлсангиз, илгаригидек авто ёки уй бозорларда, яъни иссиқ ёхуд совуқ ҳавода кўчада харидор қидириб юришингиз шарт эмас. Фақатгина Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази билан ўзаро шартнома (бунда албатта марказга келган ҳолда) имзолаб, ўз компьютерингиз орқали www.e-auksion.uz сайтидан буюртмачи сифатида рўйхатдан ўтган ҳолда ўз кабинетингизни яратасиз. Мулк бошланғич баҳосининг 5 фоизи миқдорида тўлов амалга оширилади. Бу йўналишдаги натижаларга тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг январь ойидан бугунги кунга қадар “E-IJRO AUKSION” тизимида 13 млн. 400 минг нафардан ортиқ ташриф буюрувчи рўйхатга олинди. Бу худди шунча харидор бўлиши мумкин, деганидир.

Иккинчидан, талабгор ўз мулкини реализация қилишда, харидор излаш мақсадида реклама қилиш, унинг дизайни қандай бўлиши ҳақида бош қотириши шарт эмас, чунки бу фаолият билан шуғулланиш учун марказда алоҳида PR-менежер, дизайнерлар бор.

Учинчидан, одатда ҳар қандай бозор ёки бошқа электрон дўконлар орқали мулк реа­лизация қилинаётганда талабгор белгилаб берган нарх савдолашиш учун асос ҳисобланиб, уни пасайтиришга ҳаракат қилинади. Мулк электрон онлайн аукционлар орқали сотилганда эса талабгор томонидан кўтарилган нархда реализация қилинади.

Тўртинчидан, мол-мулк бозорлар ёки электрон дўконлар орқали реализация қилинганда олди-сотди ҳужжатларини расмийлаштириш учун турнақатор нав­батларда туришга, турли қоғозларни тўлдиришга тўғри келади. Электрон онлайн аукционлар орқали мулкни реализация қилишда ҳеч қандай навбатларсиз, фақатгина мулк эгасига ғолиблик баённомасига асосан топширилади. Марказ томонидан тақдим этилган ғолиблик баённомаси олди-сотди шартномаси кучига эга.

Бешинчидан, электрон онлайн аукцион савдолар қонунийлик, шаффофлик ва холислик тамойили асосида глобал интернет тармоғи орқали ташкил этилгани боис, иштирокчи ҳар қандай фирибгарлар, ўртакашлар “хизматидан” ҳимояланган бўлади.

??????? Orphus
Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! GSpeech