Welcome to davaktiv.uz   Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! Welcome to davaktiv.uz GSpeech
  • Очиқ Агентлик
  • Қонунчилик
  • Алоқалар
  •    
     

     

    Агентликнинг ҳуқуқий мақоми

    bino

    Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги ПФ-5630-сон «Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан ташкил этилган.

    Давлат активларини бошқариш агентлиги ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва ҳисобот беради.

    Давлат активларини бошқариш агентлиги ўз фаолиятида қуйидагиларга амал қилади:

    Давлат активларини бошқариш агентлиги ўз фаолиятини бевосита, шунингдек ҳудудий органлар ва унинг идоравий мансуб тузилмалари, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

    Давлат активларини бошқариш агентлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик юритувчи субъектлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади

    Агентлик тузилмаси

     

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг

    Қарори

    Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги ПФ-5630-сон «Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

    1. Қуйидагилар:

    Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг таркибий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

    Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    2. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) бошқарув ходимлари чекланган сони 432 нафар, шу жумладан Агентлик марказий аппарати — 109 нафар этиб белгилансин.

    Агентлик директорига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

    зарур ҳолларда, бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида Агентлик марказий аппаратининг тасдиқланган тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;

    Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари тузилмаларини тасдиқлаш;

    Агентликнинг ҳудудий бошқармаларининг бошқарув ходимлари чекланган сонини тасдиқлаш;

    Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси (кейинги ўринларида — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан Агентликнинг бошқарув ходимлари мутахассисларининг қўшимча штат бирликларини киритиш;

    маҳаллий ва хорижий малакали мутахассисларни ходимлар ва маслаҳатчилар сифатида, уларга истисно тариқасида Жамғарма маблағлари ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаган ҳолда жалб қилиш;

    Жамғарма маблағлари ҳисобидан Агентлик ходимларига асосий эгаллаб турган лавозимлари бўйича лавозим маошлари (тариф ставкалари)га, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, устама ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни белгилаш;

    Агентликка юклатилган вазифаларни бажариш учун шартнома асосида жалб этиладиган малакали хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини халқаро амалиёт ва бозор шароитларидан келиб чиққан ҳолда белгилаш.

    3. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Агентликнинг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармаларини таъминлаш бўйича харажатларнинг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

    4. Белгилансинки:

    а) Агентлик:

    Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда — Давлат рақобат қўмитаси) барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва давлат, шу жумладан чет элдаги активларини бошқариш, хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш (шу жумладан давлат улушларини сотиш), давлат активларини ижарага бериш, хўжалик жамиятларида корпоратив бошқарувни жорий этиш, иқтисодий ночор хўжалик жамиятларини молиявий соғломлаштириш, банкротлик, баҳолаш фаолиятида давлат томонидан тартибга солиш ва мулкни баҳолаш стандартларини тасдиқлаш бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;

    «Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази» ДУКнинг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

    ўз ваколатларини мустақил равишда ва барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда олиб боради ҳамда ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва ҳисобот беради;

    давлат активларини бошқариш соҳасида вазирликлар ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

    Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ хўжалик жамиятларининг устав капиталида ўзига берилган давлат акция пакетлари (улуш) бўйича акциядор (таъсисчи ва иштирокчи) ҳуқуқини амалга оширади;

    Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан савдоларга қўйилган объектлар бўйича сотувчи функциясини бажаради. Бунда Давлат рақобат қўмитаси қайта ташкил этилиши муносабати билан савдо шартлари ва турлари ўзгаришсиз қолдирилади, объектларни савдодан ечиш, қайта баҳолаш ва қайтадан савдога қўйиш талаб этилмайди;

    давлат улуши иштирокидаги хўжалик жамиятларининг (кейинги ўринларда — хўжалик жамиятлари) жорий фаолиятига аралашмаган ҳолда ўзига юклатилган вазифаларни фақат корпоратив бошқарув усулларини қўллаган ҳолда бажарилишини таъминлайди;

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасига ҳар йили ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 октябридан кечиктирмай Агентлик фаолияти, шу жумладан хўжалик жамиятлари фаолиятида стратегик ўзгаришлар натижалари тўғрисида ҳисобот тақдим этади;

    б) Агентлик директори, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, мақоми, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича тегишли равишда вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

    в) Агентлик директори, унинг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари ва Агентлик ходимлари белгиланган тартибда хўжалик жамиятлари кузатув кенгаши аъзолигига сайланиш ҳуқуқига эгадирлар;

    г) Агентликнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш Агентликнинг директори томонидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

    д) Агентлик ходимларига тугатилаётган Давлат рақобат қўмитаси ходимлари учун назарда тутилган тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби сақлаб қолинади.

    е) Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини Агентликда қўллашда таълим даражаси минимал қисми бўйича хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган тегишли йўналишдаги мутахассисларга нисбатан ишга қабул қилишда, ишчилар касблари бўйича малака даражаларини белгилашда, истисно тариқасида, тавсиявий хусусиятга эга;

    ж) Давлат рақобат қўмитаси қайта ташкил қилиниши муносабати билан у ва унинг ҳудудий органлари томонидан аввал берилган лицензиялар, ҳуқуқ берувчи, рухсатнома ҳужжатлари ва илгари улар томонидан қабул қилинган қарорлар ўз кучини сақлаб қолади ва уларни бекор қилиш ёки ўзгартириш талаб этилмайди.

    5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

    2019 йилнинг 1 апрелидан хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши (банклар кенгаши) таркиби ва ижроия органи аъзоларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқлаш, шунингдек уларни давлат органларининг раҳбарлари ёки раҳбар ўринбосарларига тенглаштириш амалиёти бекор қилинади;

    2019 йил 1 июлидан бошлаб давлат органларининг раҳбарлари ёки раҳбар ўринбосарлари, Агентлик бундан мустасно, уларда корпоратив бошқарув малака аттестати мавжуд бўлганда давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши аъзолигига давлат улуши бўйича сайланишлари мумкин;

    хўжалик жамиятлари кузатув кенгаши (банклар кенгаши) таркиби давлат органлари, ташкилотлар ёки уларнинг мансабдор шахслари билан келишилмасдан акциядорлар умумий йиғилиши қарори билан тасдиқланади;

    хўжалик жамиятининг ижро органи (раҳбар ва раҳбар ўринбосарлари) танлов асосида юқори малакали, шу жумладан хорижий мутахассислар орасидан танлаб олинади ва давлат органлари, ташкилотлар ёки уларнинг мансабдор шахслари билан келишилмасдан акциядорлар умумий йиғилиши ёки кузатув кенгаши қарори билан тайинланади;

    келгусида хўжалик жамиятлари устав капиталида шаклланадиган давлат органлари ва муассасалари томонидан акциядор (таъсисчи) ҳуқуқлари амалга ошириладиган давлат улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига берилади;

    илгари давлат акцияларини ишончли бошқарувга инвестиция активлари бўйича ишончли бошқарувчиларга бериш бўйича тузилган битимлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар илгари имзоланган шартлар асосида Агентлик томонидан қўшимча битимларни тузиш йўли билан қайта расмийлаштирилади;

    хўжалик жамиятлари иш ҳақи миқдорини, бошқарув ва техник ходимлар бирлигини, автотранспорт воситалари сонини белгилаш ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ хўжалик бошқаруви органлари учун алоҳида тартиб ўрнатилган масалалар бўйича қарорларни мустақил равишда қабул қилади.

    6. Хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги давлат улушлари 3-иловага мувофиқ Агентликка берилсин.

    Агентлик Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда давлат улуши мавжуд хўжалик жамиятларини хатловдан ўтказсин.

    Белгилансинки, хатлов натижасида аниқланадиган ва мазкур қарорнинг 3-иловасига киритилмаган, акциядорнинг (таъсисчининг) ҳуқуқлари давлат органлари ва муассасалари томонидан амалга ошириладиган хўжалик жамиятлари устав капитали (фонди)даги давлат улуши Агентликка берилади.

    7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

    ушбу қарор ижросини таъминлаш доирасида 2019 йилга мўлжалланган Агентлик харажатлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида маблағ ажратсин ва 2020 йилдан бошлаб зарур бюджет маблағларини кўзда тутсин;

    Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил учун тасдиқланган харажатлар параметрларига ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб тегишли ўзгартиришлар киритсин;

    Агентликка хизмат автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун зарур маблағларнинг ажратилишини таъминласин ва 12 та, шу жумладан 9 та шахсий бириктирилган хизмат енгил автомобилларини сақлашга лимит белгиласин;

    Агентликнинг асосланган ҳисоб-китобларидан келиб чиқиб, маъмурий биноларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини шакллантириш мақсадида зарурий жиҳозлар ва ахборот-коммуникация технологияларини харид қилиш учун зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.

    9. Агентлик икки ой муддатда «Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази» ДУКнинг белгиланган тартибда Агентлик таркибига қўшилишини таъминласин.

    10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Агентликни телефон алоқаси, жумладан ҳукумат алоқаси билан белгиланган тартибда таъминласин.

    11. Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Давлат рақобат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органларининг тугатилиши муносабати билан тегишлилиги бўйича давлат божлари ва бошқа турдаги йиғимларни ундирмаган ҳолда:

    Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармаларига кўчмас мулк ва бошқа мулк объектларига ҳуқуқнинг қайта рўйхатдан ўтказилишини;

    Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари тасарруфига ўтадиган автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органларида қайта рўйхатдан ўтказилишини;

    давлат акция пакетлари (улушлари) бўйича акциядор (таъсисчи ва қатнашчи) функция ва ҳуқуқлари Агентликка ўтганлиги муносабати билан хўжалик жамиятлари таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

    12. Агентлик Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига киритилсин.

    13. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ўзига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинсин.

    14. Агентлик Тошкент шаҳри, А. Темур кўчаси, 6-уй манзилига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

    Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда Агентликнинг ҳудудий бошқармаларини тугатилган Давлат рақобат қўмитаси ҳудудий органларининг ҳозирги жойлашуви бўйича биноларига жойлаштирилишини таъминласин.

    15. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Агентлик, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда давлат активларини тадбиркорларга сотиш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўламини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.

    16. Агентлик Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

    а) 2019 йил 1 апрелга қадар:

    хўжалик жамиятларининг кузатув кенгашлари ва ижро органларининг аъзоларини тасдиқлаш, шунингдек ижро органларининг аъзоларини давлат органларининг раҳбарлари ёки раҳбар ўринбосарларига тенглаштириш тўғрисида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш бўйича таклифларни;

    илғор хорижий амалиётни ҳисобга олган ҳолда, давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятига кузатув кенгашлари ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини оширишни, корпоратив бошқарувнинг халқаро тамойилларини назарда тутувчи корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича «Йўл харитаси»ни;

    б) икки ой муддатда:

    Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тўғрисидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида қарор лойиҳасини;

    қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин.

    17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

    Тошкент ш.,

    2019 йил 14 январь,

    ПҚ-4112-сон

     

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг

    2019 йил 14 январдаги ПҚ-4112-сон қарорига
    1-ИЛОВА

     

    Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг

    ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

     

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг

    2019 йил 14 январдаги ПҚ-4112-сон қарорига
    2-ИЛОВА

     

    Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги марказий аппаратининг

    ТУЗИЛМАСИ

     

    Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг умумий сони — 109 нафар.

    Техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар сони тасдиқланган нормативларга мувофиқ белгиланади.

     

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг

    2019 йил 14 январдаги ПҚ-4112-сон қарори
    3-ИЛОВА

     

    Устав капиталидаги давлат акция пакетлари (улушлари) Давлат активларини бошқариш агентлигига бериладиган хўжалик жамиятлари

    РЎЙХАТИ

     

    Т/р

    Жамиятлар номи

    Давлат улуши (%)*

    Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги

    1.

    «Ўзтрейд» АЖ

    100,00

    2.

    «Ўзсаноатэкспорт» АЖ

    100,00

    3.

    «Ўзбекэкспертиза» АЖ

    51,00

    4.

    «Ўрта осиё транс» АЖ

    51,00

    Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

    5.

    «Ўзбектелеком» АЖ

    96,55

    6.

    «Ўзбекистон почтаси» АЖ

    76,4

    7.

    «Ўзимпексалоқа» МЧЖ

    51,91

    8.

    «UZINFOCOM» ягона интегратори» МЧЖ

    51,0

    9.

    «Матбуот тарқатувчи» АЖ

    26,0

    10.

    «Алоқа банк» АЖ

    6,2

    11.

    «Алском» АЖ

    2,0

    Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги

    12.

    «Ўзагросаноатлойиҳа» МЧЖ

    94,72

    13.

    «Ўзсувлойиҳа» АЖ

    50,8

    14.

    «Сувмаш» АЖ

    47,0

    Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

    15.

    «Ўзагросуғурта» АЖ

    93,46

    16.

    «Кафолат суғурта компанияси» АЖ

    66,51

    17.

    «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ

    59,46

    18.

    «Қурилишмашлизинг» АЖ

    58,82

    19.

    «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ

    54,89

    20.

    АТ «Халқ банк»

    40,43

    21.

    «Агробанк» АТБ

    37,95

    22.

    «Микрокредитбанк» АТБ

    34,48

    23.

    «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ

    32,61

    24.

    «Ипотека-банк» АТИБ

    22,59

    25.

    «Асака банк» АТБ

    21,65

    26.

    «Турон банк» АТБ

    6,53

    Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

    27.

    «Ўзбекистон Республика валюта биржаси» АЖ

    50,13

    Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

    28.

    «Ўзагролизинг» АЖ

    0,9

    Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги

    29.

    «Қишлоққурилишлойиҳа» МЧЖ

    85,94

    30.

    «Сувсаноатфуқароли» МЧЖ

    77,8

    31.

    «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ

    69,43

    32.

    «ЎзГИП» МЧЖ

    53,1

    33.

    «Ташгипрогор» АЖ

    41,48

    Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

    34.

    «ТошуйжойЛИТИ» АЖ

    61,58

    Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

    35.

    «Ўзтиблойиҳа» МЧЖ

    74,16

    Тошкент шаҳар ҳокимлиги

    36.

    «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ

    100,00

    37.

    «Олмазор кичик саноат зонаси» АЖ

    88,58

    38.

    «Тошкент-Осиё» АЖ

    46,67

    Изоҳ: Хўжалик жамиятларининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари ёки берилиши лозим бўлган давлат улушлари миқдори ўзгарган тақдирда, акция пакетлари (улушлари) ўзгаришларни инобатга олинган ҳолда берилади.

    Асосий вазифалар

     

    Давлат активларини бошқариш агентлигининг асосий вазифалари

    • давлат активларини самарали бошқариш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш;
    • ўзига берилган давлат иштирокидаги корхоналар устав капиталидаги давлат акциялари пакетлари (улушлари) бўйича акциядор (таъсисчи ва иштирокчи) ҳуқуқларини амалга ошириш;
    • илғор хорижий тажриба асосида давлат иштирокидаги корхоналарда замонавий корпоратив бошқарув шакл ва усулларини жорий қилиш, уларни бошқаришда кузатув кенгаши ва акциядорларнинг ролини тубдан ошириш;
    • давлат иштирокидаги корхоналарни, шу жумладан халқаро молия институтлари тавсиялари асосида босқичма-босқич ички ва ташқи бозорларда рақобатлаша оладиган, самарали корхоналарга айлантиришга кўмаклашиш;
    • давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятининг самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, бошқарув тузилмасини оптималлаштириш, юқори даромадлилик ва капитализацияни ошириш, соҳасига кирмайдиган ва фойдаланилмаётган активларини чиқариб ташлашга қаратилган ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни мувофиқлаштириш;
    • давлат манфаатларини таъминлаган ҳолда, шу жумладан давлат акция пакетларини (улушларини) ишончли бошқарувга бериш орқали инвестиция фаолиятини амалга ошириш;
    • давлат иштирокидаги корхоналарнинг облигация ва акцияларини чиқариш ва реализация қилиш, шу жумладан маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида IPO/SPO бўйича эмиссияларни жойлаштириш ҳисобига, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни, шунингдек портфель инвестицияларни жалб қилиш;
    • давлат активларини реализация қилиш (хусусийлаштириш) ва ижарага беришнинг очиқ ва шаффоф механизмини таъминлаш, инвесторлар томонидан қабул қилинган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилиши устидан мониторинг қилиш, шунингдек давлат хусусий шериклик бўйича таклифларни тайёрлашда иштирок этиш;
    • таҳлил асосида давлат иштирокидаги фаолият юритмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни аниқлаш, уларни молиявий соғломлаштириш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
    • банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш;
    • Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда давлат иштирокидаги корхоналарда самарали дивиденд сиёсатини олиб бориш;
    • баҳолаш фаолиятининг давлат томонидан тартибга солинишини таъминлаш, мол-мулкни баҳолаш стандартларини тасдиқлаш, шунингдек риэлторларни сертификатлаштириш

    Асосий функциялари

    Давлат активларини бошқариш агентлигининг асосий функциялари

    Давлат активларини бошқариш агентлиги ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради


    - Банкротлик, иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини назорат қилиш соҳасида давлат томонидан тартибга солишни амалга ошириш соҳасида

    банкротлик ишлари бўйича давлат сиёсатини амалга оширади, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш, улар фаолияти самарадорлигини ошириш ва янги инвесторларни жалб этиш дастурларини ишлаб чиқади ва уларни амалга оширишда қатнашади;

    устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг молиявий ҳолатини, шу жумладан, тўловга қодир бўлмаган, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни аниқлаш мақсадида маълумотлар базасини юритиш йўли билан мониторинг ва таҳлил қилади, шунингдек манфаатдор давлат органлари билан биргаликда уларни молиявий соғломлаштириш юзасидан комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

    давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг таклифлари асосида банкротлик тартиботларини қўллаш ташаббуси билан чиқиш, устав фондида давлат улуши бўлган иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш ва ихчамлаштириш тўғрисида қарор қабул қилади;

    устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарда банкротлик тартиботларининг боришини назорат қилади, шунингдек судгача санация, суд санацияси ва ташқи бошқарув режаларини келишади;

    тижорат банкларига берилган (реализация қилинган) банкрот корхоналар бўйича ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари бажарилиши мониторингини олиб боради;

    иқтисодий ночор корхоналарда банкротлик ёки судгача санация тартиботларини амалга оширишда кредиторларнинг манфаатлари ва акциядорлар (қатнашчилар)нинг мулкий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;

    устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) пул мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарздор бўлган корхоналарнинг судгача санациясини ўтказиш, узайтириш ёки муддатидан олдин тўхтатиш тўғрисида, шунингдек судгача санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади;

    таркибий ўзгартирилиши керак бўлган иқтисодий ночор, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли корхоналарнинг, шунингдек уларга нисбатан банкротлик тартиботлари қўлланган корхоналарнинг қурилиши тугалланмаган объектларини ҳамда асосий фондларини консервация қилиш ва сотиш масалаларини кўриб чиқади ва бу тўғридаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

    суд бошқарувчиларини тайёрлаш тизимини ташкил этади, уларни аттестациядан ўтказади ҳамда суд бошқарувчиларининг ягона реестрини юритади, суд бошқарувчилари аттестатини бериш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади;

    устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарда банкротлик тартиботининг боришини назорат қилади, шунингдек судгача санация чоғида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мониторингини амалга оширади;

    давлат томонидан қўллаб-қувватланган корхоналарнинг судгача санациясини узайтириш ва муддатидан олдин тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади;

    зарар кўриб ишлаётган, тўловга қодир бўлмаган ва иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш, ихчамлаштириш, молиявий соғломлаштириш ва судгача санацияни амалга ошириш даврида қонун ҳужжатларида назарда тутилган шаклларда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

    давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш, молиявий соғломлаштириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади;

    ташқи бошқарувчиларнинг, шунингдек давлат томонидан қўллаб-қувватланган ёхуд мулкида давлат улуши бўлган санация қилинаётган корхоналар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;


    - Корпоратив бошқарув соҳасида

    корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ жараёнларни таҳлил қилади ва корпоратив муносабатларни тартибга солувчи нормаларни такомиллаштиришга доир таклифларни шакллантиради;

    хўжалик жамиятларида корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, шу жумладан, уларнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш бўйича халқаро тамойиллар ва қоидалар асосида тавсиялар ишлаб чиқади;

    ижро этувчи органлар ва устав фондида давлат улуши бўлган, республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари кузатув кенгашлари раҳбарларининг корпоратив бошқарувнинг сифатли тизимини жорий этиш бўйича ҳисоботларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида вақти-вақти билан эшитишни ташкил этади;

    акциядорлик жамиятларида бошқарув ва назорат органлари фаолиятининг амалий масалаларини акс эттирувчи корпоратив бошқарув бўйича қўлланмалар нашр этади, шунингдек инвесторлар ва қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларини таълим жиҳатидан қўллаб-қувватлашнинг шакллантирилишига кўмаклашади;

    халқаро ташкилотлар билан корпоратив бошқарув ва қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш соҳасидаги халқаро муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашади;


    - Хусусийлаштириш объектларини сотишдан олдин тайёрлаш ва реализация қилиш, инвесторлар томонидан мажбуриятлар бажарилиши мониторингини олиб бориш соҳасида:

    манфаатдор давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларини жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари билан тасдиқланадиган хусусийлаштириш бўйича давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

    хусусийлаштириш объектларини сотишдан олдин тайёрлашни амалга оширади ва хусусийлаштиришнинг, шу жумладан, иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари корхоналарининг, аниқ инвестиция мажбуриятлари эвазига «ноль» харид қиймати бўйича реализация қилинган объектларни хусусийлаштиришнинг шартномавий шартларини белгилайди;

    хусусийлаштириш объектлари, шартлари ва шакллари юзасидан қабул қилинадиган қарорларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлайди, хусусийлаштириладиган корхоналар — эмитентлар ва улар томонидан чиқариладиган қимматли қоғозлар тўғрисидаги ахборотни тарқатади, шунингдек маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб этиш мақсадида реклама-ахборот ишларини амалга оширади;

    Эркин иқтисодий ҳудудларнинг маъмурий кенгаши қарорлари бўйича сотиладиган давлат мулки объектларидан ташқари, хусусийлаштириш объектларининг сотувчиси функциясини амалга оширади, уларнинг бошланғич сотув нархини, инвестициялар ҳажмини, савдоларнинг тури ва шартларини белгилайди, шу жумладан, давлатга тегишли қимматли қоғозларни мустақил равишда ёки шартнома асосида жалб этиладиган маҳаллий ва хорижий инвестиция воситачилари орқали ички ва халқаро бозорларда, биржа савдолари ва биржадан ташқари савдоларда сотади;

    хусусийлаштириш объектларининг олди-сотдиси бўйича тузиладиган битимларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши, шу жумладан, инвесторлар томонидан инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши мониторингини олиб боради;

    устав капиталига берилган объектлардан ташқари, янги мулкдорга хусусийлаштирилган объектга мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ордер (сертификат) беради, шунингдек харидорнинг хизмат кўрсатувчи инвестиция воситачисига унинг томонидан сотиб олинган акцияларни ўтказишга (разблокировка қилишга) депо топшириғини тақдим этади;

    хусусийлаштириш билан боғлиқ жараёнларни таҳлил қилади ҳамда хусусий мулкдорлар томонидан хусусийлаштириш объектлари сотилишининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайдиган хусусийлаштиришнинг янги шакллари ва усулларини жорий этиш, шу жумладан, мулкий муносабатларни тартибга солувчи нормаларни такомиллаштириш юзасидан таклифларни шакллантиради;


    - Давлат мулки объектларини тасарруф этиш, шу жумладан, уларни хатловдан ўтказиш, ҳисобга олиш ва самарали бошқариш соҳасида

    давлат корхоналари ва муассасаларининг, шунингдек давлат корхоналари ва муассасаларини хусусийлаштириш жараёнида ташкил этиладиган хўжалик жамиятларининг Ўзбекистон Республикаси номидан муассиси бўлади;

    қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси номидан давлат акциялар пакети (улуши) бўйича хўжалик жамиятларининг акциядори (иштирокчиси) ҳуқуқларини амалга оширади, шунингдек ушбу ҳуқуқларни ишончли бошқарувчиларга беради;

    давлат активларини хусусий мулкдорларга «ноль» харид қиймати бўйича бериш юзасидан хатловларни амалга оширади;

    давлат кўчмас мулкини, давлат корхоналари ва муассасаларини, устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларини, шу жумладан, чет элдаги ва давлат номидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат органлари иш кўрадиган хўжалик жамиятларининг, давлат кўчмас мулкини хатловдан ўтказади ва ҳисобга олади (хатловдан ўтказиш ва ҳисобга олиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тегишли ваколатли давлат органлари томонидан юритиладиган мол-мулк бундан мустасно);

    давлат акциялар пакетларини (улушларни) ва бошқа мол-мулкни қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этиладиган ва фаолият кўрсатаётган хўжалик жамиятларининг устав фондларига киритади;

    давлат мулки бўлган мол-мулкнинг ижарага берувчиси бўлади, ушбу ваколатларни амалга ошириш ҳуқуқи бошқа давлат органлари ва ташкилотларига берилган ҳоллар бундан мустасно;

    давлат корхоналарига давлат мулкини бериш бўйича давлат корхоналари ташкил этилишининг келишилишини амалга оширади;

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ давлат мулкини бошқариш масалалари бўйича давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиради;

    республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари рўйхати бўйича таклифларни Акциядорлик бирлашмалари ва компанияларидаги акциялар давлат улушидан самарали фойдаланилиши юзасидан мониторинг олиб бориш комиссиясига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади;

    хўжалик жамиятларида давлат улушларини бошқариш бўйича давлат ишончли вакиллари ва инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиларини, шунингдек акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқидан фойдаланувчи («олтин акция») давлат вакилларини тайинлаш ва озод этиш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 31 мартдаги ПҚ-2327-сон қарори билан тузилган Акциядорлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича Комиссияга кўриб чиқиш учун киритади;

    давлатнинг ишончли вакиллари ва ишончли бошқарувчилари билан хўжалик жамиятларидаги давлат улушларини ишончли бошқариш шартномалари тузилишини таъминлайди;

    давлатнинг ишончли вакиллари, давлат активларини ишончли бошқарувчилар фаолияти мониторинги олиб борилишини таъминлайди, акциядорларнинг (иштирокчиларнинг) умумий йиғилишларида ва кузатувчи кенгашлар мажлисларида овоз бериш тартиби бўйича уларга кўрсатмалар беради, шунингдек уларни тақдирлаш тартибини белгилайди;

    устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларининг молиявий-хўжалик фаолиятини таҳлил қилади, жамиятнинг бизнес-режаси параметрлари мунтазам равишда бажарилмаган тақдирда эса — жамиятнинг ижро этувчи органи таркибини ўзгартириш ташаббуси билан чиқади;


    - Баҳолаш ва риэлторлик фаолиятини лицензиялаш соҳасида

    баҳолаш фаолиятини лицензиялайди;

    баҳоловчилар ва риэлторларга малака талабларини белгилайди, уларга малака сертификатлари беради;

    лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади;

    баҳолаш, риэлторлик ташкилотлари ва риэлторларнинг лицензиялари ҳамда баҳоловчилар ва риэлторларнинг малака сертификатлари реестрини юритади;

    махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда риэлторлик ташкилотлари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мониторинг олиб боради ва ушбу қоидаларга риоя этилишини назорат қилади;


    - Фаолиятнинг бошқа соҳаларида

    Давлат активларини бошқариш агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади;

    Давлат активларини бошқариш агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ва методологик базани ишлаб чиқади ва такомиллаштиради;

    Давлат активларини бошқариш агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф этиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида зарур хатти-ҳаракатларни амалга оширади;

    Давлат активларини бошқариш агентлиги ваколатига кирадиган масалаларнинг ҳал этилиши бўйича сансалорлик, бюрократизм, муддатлар чўзилиши ҳолатларини аниқлайди ва уларнинг бартараф этилишини таъминлайди;

    кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади, Давлат активларини бошқариш агентлиги, шу жумладан идоравий мансуб тузилмалар раҳбарлари ва мутахассисларининг иш усуллари ва методларини такомиллаштиради, уларнинг ўзларига юкланган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши юзасидан масъулиятини оширади;

    халқаро ҳамкорликни ва Давлат активларини бошқариш агентлигига юкланган бошқа функцияларни амалга оширади.

    Давлат активларини бошқариш агентлиги ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ҳудудий органлар ва ўзининг идоравий мансуб тузилмалари орқали амалга оширади.

    ??????? Orphus
    Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! GSpeech