Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

30 Март 2021

“Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини сотиш жараёни юзасидан ахборот

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан 2020 йил 16 декабрдаги “Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ (кейинги ўринларда – Компания) устав капиталидаги давлат улушини сотиш тўғрисидаги Эълонга мувофиқ, сотиш жараёнининг навбатдаги босқичи якунланди.

Давлат тендер комиссиясининг қарорига мувофиқ, давлат улушини сотиш жараёнининг иккинчи босқичига ўтказилган талабгорлар билан Давлат активлари агентлиги ҳамда Компания ўртасида Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисида битимлар имзоланди.

Давлат улушини сотиш бўйича молиявий маслаҳатчи – “Rothschild & Cie” инвестиция банки томонидан талабгорларга иккинчи босқич юзасидан жараён хати юборилиб, Компаниянинг 2017, 2018 ва 2019 йиллардаги молиявий ҳисоботлари, бизнес режаси ҳамда Компания фаолиятининг молиявий, солиққа оид, ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатлари батафсил баён этилган ҳисоботлар тақдим этилди.

Бугунги кунда, талабгорлардан Компанияни сотиб олиш бўйича мажбурий бўлмаган (индикатив) таклифлар келиб тушди.

Мазкур таклифлар “Rothschild & Cie” инвестиция банки ва “Dentons” юридик фирмаси билан биргаликда ўрганиб чиқилиб, Давлат тендер комиссиясининг қарори билан навбатдаги босқичга ўтказилди.

Айни пайтда, талабгорлар фойдаланиши учун Давлат активлари агентлиги томонидан “KPMG” халқаро аудит компанияси ва “Dentons” юридик фирмаси билан биргаликда Компаниянинг молиявий, ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа ахборотларини ўз ичига олган виртуал маълумотлар базаси яратилди.

Жараённинг мазкур босқичида талабгорларга виртуал маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда Компанияга оид қўшимча ўрганишларни ўтказиш, Компания тақдимотида иштирок этиш, Компания раҳбарияти билан мулоқот ҳамда савол-жавоблар сессияси учун имконият берилади.

 

Давлат активларини бошқариш агентлиги

Ахборот хизмати

1259 Чоп етиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech