Welcome to davaktiv.uz   Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! Welcome to davaktiv.uz GSpeech
  • Хизматлар
  • Очиқ Агентлик
  • Қонунчилик
  • Алоқалар
  •    
     

    20191212 140635Қашқадарё вилоятида давлат иштирокидаги 2375 та ташкилот-корхона бор. Шундан 91 таси давлат корхонаси, 129 таси масъулияти чекланган жамият, 9 таси акциядорлик жамиятидир.

    Давлат активларини бошқариш агентлиги уларнинг 61 тасида бевосита акциядор (иштирокчи) ҳисобланади.

    Шунга кўра, агентликнинг вилоят ҳудудий бошқармаси ўша жамоаларда давлат активларини самарали бошқариш, корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этиш, хўжалик жамиятларида акциядор (иштирокчи)ларнинг корхона молиявий-хўжалик фаолиятини бошқаришда фаол иштирокини таъминлаш, корхона бошқарув органларининг акциядорлар олдида ҳисобдорлиги бўйича масъулиятини кучайтириш, молиявий даврда олинган фойдани тақсимлаш ва акциядор (иштирокчи)ларга дивидендлар ажратилишига эришиш борасида қатор ишларни амалга оширмоқда.

     

    Жумладан, якунлаётган йилда фаолият юритаётган 55 та хўжалик жамиятида акциядор (иштирокчи)ларнинг умумий йиғилиши ўтказилиб, 2018 йил якуни бў­йича молиявий-хўжалик фаолияти натижалари ҳамда тасдиқланган бизнес режаларнинг бажарилиши юзасидан бошқарув органларининг ҳисоботлари эшитилди. Шу асно ҳар бир корхонада мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш ва келгуси фаолияти стратегиясини белгилаш ҳақида тегишли қарорлар қабул қилинди. 10 та хўжалик жамиятининг бошқарув органлари (кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси, ижро органи)га 11 нафар янги номзод сайланди. Муҳокамалар чоғи макур жамиятлар 2018 йил давомида жами 222 миллиард сўм фойда орттиришгани алоҳида таъкидланди ҳамда унинг 25 фоизини акциядорларга ва иштирокчиларга дивиденд тариқасида бериш хусусида  келишиб олинди.

    Яна бир гап. Вилоятда давлат улуши мавжуд корхоналарнинг молиявий-хўжалик фаолияти устидан электрон онлайн асосда мониторинг юритилмоқда. Статистика ҳамда солиқ органлари ҳамкорлигида иқтисодий ночорлик аломати юзага келган ёки зарар кўриб ишлаган корхоналар аниқланиб, барчасини соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда. Ана шундай саъй-ҳаракатлар эвазига жорий йилнинг дастлабки 9 ой мобайнида иккита корхонада иқтисодий ночорлик аломатлари бартараф этилди, зарар кўриб ишлаётган деб топилган бешта корхонадан биттаси фойда билан ишлашга ўтди. Қолганларида эса соғломлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.

    Бундан ташқари, давлат мулки электрон онлайн базасидаги корхоналар фаолиятининг таҳлили натижасида йил охирига қадар паст рентабелли 31 та корхонанинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш имкониятлари атрофлича ўрганилди. Сўнгра уларни мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида молиявий соғломлаштириш ва барқарор ишлашини таъминлаш бўйича “йўл харита”лари тайёрланди. Ушбу корхоналарга ишлаб чиқаришни  модернизация қилишлари ва янги технологияларни олиб киришлари учун жами 15,1 млрд. сўм инвестиция киритилиши, улар томонидан 514 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши (хизмат кўрсатилиши) белгиланди. Ҳадемай, бу вазифалар муваффақиятли адо этилади.

    Ҳудудда бўш турган давлат мулки объектларини аниқлаш, маҳаллий ҳокимликлар ва баланс сақловчи ташкилотлар билан бирга, улардан келгусида самарали фойдаланишга оид тадбирлар ишлаб чиқиб, амалга татбиқ этиш ҳам тизимли равишда олиб борилмоқда. Масалан, бултурги хатловлар жараёнида аниқланган бўш турган 450 та давлат мулки объекти бўйича амалий чоралар кўрилди. Ортда қолган давр ичида улардан 137 тасининг фаолияти қайта тикланди, 23 таси йўл қурилишга тушгани ва бошқа сабабларга кўра қонуний тартибда бузиб олинди, 31 таси аҳоли эҳтиёжи учун турар жойга ўтказилди, 67 таси тадбиркорлик субъектларига берилди. Шунингдек, 192 тасидан келгусида самарали фойдаланиш юзасидан балансда сақловчи ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимликлар иштирокида таклифлар ишлаб чиқилди. Вилоят идоралараро комиссияси шу асосда аниқ чора-тадбирлар белгилаб, ижросини назоратга олди.

    Бўш турган давлат мулки объектларини тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини йўлга қўйишлари учун беришда Президентимизнинг 2018 йил 11 октябрдаги “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Ушбу ҳужжатга, хусусийлаштириш дастурлари ҳамда вилоят ҳокими қарорларига асосан, бу йил бўш турган 32 та давлат мулки объекти 1 сўм бошланғич нархда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар белгиланган ҳолда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали 19 825 миллион сўм ва 150 минг доллар миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 346 та янги иш ўрни яратиш мажбуриятлари билан сотилди. 4 та давлат объекти эса 28 500 миллион сўмлик ва 2,4 миллион долларлик инвестиция киритиш ва 185 та янги иш ўрни очиш шарти билан “ноль” харид қийматида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали тадбиркорлар тасарруфига ўтказилди.

    Айни кезларда бўш турган 7 та давлат кўчмас мулк объекти 7360 миллион сўмлик инвестиция киритиш ҳамда 92 та янги иш ўрни яратиш мажбуриятлари билан 1 сўм бошланғич нархда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукцион савдога қўйилган. Шунга мувофиқ, ушбу давлат активлари тадбиркорларга берилишини ташкиллаштириш  мақсадида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда.

    Агентлик зиммасидаги вазифалардан яна бири иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш учун давлат улуши мавжуд корхоналарда сақланган давлат активларини сотиш  ишларини жадаллаштиришдан иборатдир. Шу мақсадда қабул қилинган ҳужжатларга,  чунончи, Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги “Респуб­лика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвес­тицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, вилоятдаги 4 та йирик ишлаб чиқариш корхонаси – “Қарши ёғ-экстракция”, “Қашқадарё пармалаш ишлари”, “Нефть ва газ қудуқларини синаш” ва “Косон ёғ-экстракция” акциядорлик жамиятларининг давлат улушларини тадбиркорларга сотиш мақсадида баҳолаш ва савдога чиқариш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозиргача улардан 2 тасида акция пакети савдоларга чиқарилди, 2 тасида баҳолаш ишлари якунланмоқда. Бу корхоналардаги давлат улушлари хусусий секторга сотилиши натижасида ишлаб чиқаришни модернизациялашга ва кенгайтиришга эришилади.

    Шунингдек, вилоятда фаолият юритаётган акциядорлик ва масъулияти чекланган жамиятлардан 39 тасидаги давлат улушларини баҳолаш, уларни савдога чиқариш ва тадбиркорлик субъектларига сотиш кўзда тутилган. Бугунга қадар 10 таси савдога қўйилди ва 6 таси хусусий мулкдорларга 4209 миллион сўмга сотилди.

    Ҳудудда инвестиция мажбуриятлари билан сотилган ва фаолиятда бўлган 105 та объект билан шартномалар тузилган. Улардан 59 таси инвестиция мажбуриятлари эвазига “ноль” харид қийматида берилган, 46 таси 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар белгиланган ҳолда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали сотилган. Мазкур объектлар бўйича тузилган шартномаларга кўра, уларга қурилиш-таъмирлаш ва асбоб-ускуналар кўринишида киритилажак жами инвестициялар миқдори 113,697 миллион сўмни ва 2517 минг  долларни, яратиладиган иш ўринлари 432 тани ташкил қилади. Бу мажбуриятларнинг бажарилиши устидан ҳудудий бошқармамиз маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда доимий мониторинг олиб боради.

    Инвесторлар  тақдим этган ҳисоботларга қараганда, инвестициялаш объектларига 2019 йилнинг 1 октябрь ҳолатида қурилиш-таъмирлаш ҳамда асбоб-ускуналар кўринишида жами 66,516 миллион сўм ва 1582 минг доллар миқдорида инвестициялар киритилган ва 124 та янги иш ўрни ташкил  этилган.

    Дилшод ЗОИТОВ,

    Давлат активларини бошқариш агентлигининг

    Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси

    бошлиғи ўринбосари.

    ??????? Orphus
    Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! GSpeech