Welcome to davaktiv.uz   Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! Welcome to davaktiv.uz GSpeech
  • Очиқ Агентлик
  • Қонунчилик
  • Алоқалар
  • eye  
       
     

    photo 2020-05-15 11-57-53

    Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 8 майдаги “Давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини айни шу йўналишдаги янги қадамлардан бири дейиш мумкин. Ундан кўзланган мақсад самарасиз ишлаётган давлатга тегишли объектларни тадбиркорлик субъектларига бериш, давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда давлат ташкилотларига қарашли объектлар ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштиришдан иборат. Мазкур қарорда Давлат активларини бошқариш агентлиги зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган.


    Биринчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга агентлик ва ҳудудий бошқармаларининг давлат мулки объектлари, шунингдек, чет элда жойлашган давлат мулки объектлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш ҳақидаги тақдимномаларини бажармаганлик учун давлат ташкилотлари мансабдор шахсларига ҳамда давлат мулки объектларидан фойдаланиб келаётган юридик шахслар раҳбарларига нисбатан жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар киритилиши белгиланган.
    Иккинчидан, фойдаланилмаётган давлат кўчмас мулкларини самарали ишлатиш бўйича намунавий “йўл-харитаси” шаклини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш кўрсатилган.
    Учинчидан, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда электрон тизимлар ўртасида давлат кўчмас мулклари ҳисобини юритиш ва улар тўғрисидаги, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Давлат статистика қўмитаси, “Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси” давлат корхонаси билан ҳамкорликда эса давлат ташкилотлари, устав фонди (капитали)да давлат улуши мавжуд бўлган ҳамда унда 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларни доимий янгилаб бориш бўйича онлайн маълумотлар алмашинувини таъминлаш мўлжалланган.

    Қарорга кўра, агентлик ҳокимликлар, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ҳар йили 1 декабрга қадар ишчи гуруҳ тузган ҳолда, давлат улуши мавжуд бўлган хўжалик жамиятлари, давлат ташкилотлари хатловдан ўтказилишини ташкиллаштиради. Бундан ташқари, ҳокимликлар, вазирлик, идора ва уларнинг тизимидаги ташкилотлар ўзларига бириктирилган барча давлат мулки объектлари тўғрисидаги маълумотлар агентликнинг “property. davaktiv.uz” ахборот тизимига киритиб боради.

    Ҳукумат қарори билан иккита низом тасдиқланган. Давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, ҳар чоракда бир маротаба, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмай, ахборот тизимига онлайн маълумотлар асосида ҳисоб объектлари бўйича зарур маълумотлар киритиб борилади.

    Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳеч қандай тўловларсиз электрон рақамли имзоси орқали ташкилотларга ахборот тизимидаги ҳисоб объектлари тўғрисидаги маълумотларни тўлдириш имкониятини яратади.

    Ахборот тизимига маълумотларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва ишончли тарзда киритилиши, ушбу низом талабларига риоя қилиниши ҳамда давлат мулкларига зарар етказилганлиги, ноқонуний бегоналаштирилганлиги учун давлат ташкилоти раҳбарияти ҳамда уларнинг юқори турувчи органлари, давлат мулкидан фойдаланиб келаётган ташкилотларнинг мансабдор шахслари масъул ҳисобланади.

    Низомга мувофиқ, агентлик ҳудудий бошқармалари жойига чиққан ҳолда, ҳисоб объектларининг ҳақиқатда тўғри киритилганини ўрганиши мумкин. Бунда киритилган маълумотлар тўлиқ таҳлил қилинади ва аниқланган бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш юзасидан мазкур объект қайси давлат ташкилотига тегишли бўлса ундан таклифлар (сотиш, устав фондига бериш, давлат-хусусий шерикликка бериш, бузиш ва бошқалар) олинади.

    Қарор билан тасдиқланган иккинчи низом мамлакатимизнинг чет элда жойлашган давлат мулки объектлари ҳисобини юритиш ва уларни бошқариш тартибини белгилайди. Маълумки, ҳар қандай давлат ташкилоти қонун ҳужжатларида ўрнатилганидек, чет элда жойлашган мулк эгаси бўлиш ҳуқуқига эга.

    Низомга кўра, ушбу давлат ташкилотлари чет элда жойлашган объектга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келган тақдирда тегишли шаклдаги маълумотларни 10 кун ичида Давлат активларини бошқариш агентлигига тақдим этиши шарт. Агентлик чет элда жойлашган давлат мулки объектларининг сақланиши юзасидан мониторинг олиб бориш, самарали бошқарилишини таъминлаш мақсадида электрон дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда уларнинг реестрини юритади. Давлат мулки объектларини балансда сақловчи идора билан электрон маълумот алмашиш, ваколатли давлат органлари электрон тизимлари билан интеграциялашиш бўйича тадбирларни амалга оширади ва шу орқали реестрнинг тезкор ҳамда доимий равишда янгилаб борилишини таъминлайди. Чет элда жойлашган давлат мулки объектининг балансда сақловчиси ушбу объектнинг моддий ва молиявий кўрсаткичлари ўзгарганлиги тўғрисида бундай ўзгариш бўлган кундан бошлаб 10 кун ичида, давлат мулки объектининг ўзи тўғрисида ҳар йили, ҳисобот йили якуни бўйича кейинги ойнинг 25 кунидан кечиктирмасдан агентликка тақдим этиши керак. Давлат мулки объектининг балансда сақловчилари чет элдаги объектларини ишончли бошқарувга, ижарага, бир давлат ташкилоти тасарруфидан бошқа иккинчи давлат ташкилоти тасарруфига беришни агентлигининг розилиги билан мазкур объект жойлашган давлатнинг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

    Агар чет элда жойлашган объектнинг моддий ва молиявий кўрсаткичлари барқарор бўлмаса, агентлик ушбу активлардан самарали фойдаланиш мақсадида сотиш бўйича таклиф киритиш ҳуқуқига эга.

    Чет элда жойлашган давлат мулки объектларини сотишдан тушган маблағларнинг 73 фоизи – Ўзбекистон Республикаси бюджетига, 24 фоизи – агентлик ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасига, 3 фоизи – бозор инфратузилмасини ривожлантириш, тадбиркорларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун ташкил этиладиган ўқув курсларини молиялаштириш мақсадида Савдо-саноат палатасига йўналтирилади.

     

    Зоҳиджон Бобобеков,

    Давлат активларини бошқариш агентлиги бошқарма бошлиғи



    Бизнинг ижтимоий тармоқлар
    ??????? Orphus
    Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! GSpeech