Welcome to davaktiv.uz   Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! Welcome to davaktiv.uz GSpeech
  • Очиқ Агентлик
  • Қонунчилик
  • Алоқалар
  •    
     

    baholash

    Бугунги кунда Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига давлат аралашувини камайтириш ва профессионал жамоат ташкилотларининг ролини ошириш бўйича ишлар фаол олиб борилмоқда. Бунда хорижий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашадиган қулай шарт-шароитларни яратишга катта эътибор бериляпти.
    Бу жараёнда инвестициялаш объектлари сифатида таклиф қилинадиган активларни баҳолаш катта ўрин тутади. Таъкидлаш жоизки, бундай баҳолаш хорижий инвестор учун тушунарли ва шаффоф бўлиши керак. Бунинг учун эса баҳолаш Халқаро баҳолаш стандартларига асосланган бўлиши ва энг яхши хорижий амалиётларни ўзида акс эттириши лозим.
    Таҳлиллар шуни кўрсатдики, республикада баҳолаш фаолиятининг тараққиёти уйғун ривожлантирилаётган иқтисодий ислоҳотлар талабларидан орқада қолмоқда. Аввалам бор, бу умуман баҳолаш фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасига ва хусусан, асосий ҳужжат бўлмиш “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли.
    Чунончи, амалдаги “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида баҳолаш фаолиятини тартибга солишда давлат монопол ҳолатга қўйилган бўлиб, бу масалаларда профессионал касбий ташкилотларнинг иштирокини минимал даражада чеклаб қўймоқда. Бундан ташқари, хорижий қонун чиқариш техникаси тажрибасидан (АҚШ, Австрия, Польша, Чехия, Япония, Янги Зеландия, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар) келиб чиқиб, Қонун матнида ҳавола берувчи нормалар кўп, улар кўплаб сонли қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бу баҳолаш фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиёти бирлигини таъминлашни қийинлаштиради ва уни самарасиз қилиб қўяди. Бу эса, ўз навбатида, кўрсатилаётган баҳолаш хизматлари сифатига салбий таъсир кўрсатади.
    Шу муносабат билан, ушбу масала ҳозирги замон талабларидан келиб чиқиб, баҳолаш фаолиятини янада ривожлантириш ва норматив ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурига киритилди (153-банд).
    Мазкур қонун лойиҳаси ушбу кўрсатиб ўтилган Давлат дастурининг ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган.
    Унда назарда тутилган чора-тадбирларнинг мақсади, биринчи навбатда, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига давлат аралашувини камайтириш ва профессионал жамоат ташкилотларининг ролини ошириш орқали баҳолаш фаолиятини давлат томонидан бошқарилишидан ўз-ўзини бошқаришга босқичма-босқич ўтказиш, баҳолаш сифати ва кўрсатилаётган баҳолаш хизматлари учун жавобгарликни оширишдир.
    Қонун лойиҳасида қуйидаги асосий ўзгаришлар назарда тутилмоқда:
    қонун лойиҳаси матнини ёзишда тўғридан-тўғри таъсир нормаларини қўллаш техникасидан юқори даражада фойдаланилди;
    таклиф этилаётган қонун лойиҳасига Халқаро баҳолаш стандартлари (International Valuation Standards) принциплари асос қилиб олинган, уларга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар 2020 йил январда кучга кирган;
    қонуннинг алоҳида нормаларини баён қилишда АҚШ, Австрия, Польша, Чехия, Япония, Янги Зеландия, Россия, Қозоғистон каби мамлакатларнинг шу каби масалаларни тартибга солиш бўйича энг яхши амалиётидан фойдаланилди;
    таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан баҳоловчи ташкилотларни давлат томонидан лицензиялаш бекор қилинади ва баҳоловчи ташкилотларнинг баҳолаш фаолияти соҳасидаги профессионал ташкилотларга аъзолиги билан алмаштирилади;
    бунда, соҳасидаги профессионал ташкилотлар сони чекланмайди, бу бир тарафдан баҳоловчи ташкилотларга профессионал ташкилотга аъзо бўлишда танлов ҳуқуқини берса, бошқа тарафдан, баҳоловчи ташкилотларга бундай жамоат ташкилотларини мустақил  тузиш имкониятини беради;
    профессионал ташкилотларнинг вазифалари ва ваколатлари сезиларли даражада кенгаймоқда ва чуқурлашмоқда. Масалан, қонун лойиҳасида профессионал жамоат ташкилотларини ўз аъзолари томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш, баҳолаш ҳаидаги ҳисоботларнинг ишончлилиги масаласини суддан олдин кўриб чиқиш, ўз аъзоларининг рейтингини ўтказиш, аъзоликка талабларни белгилаш, касбий ахлоқ кодексини ишлаб чиқиш, баҳолаш хизматларининг сифатини ошириш учун услубий материаллар ишлаб чиқиш, баҳолаш фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш ваколатларини бериш назарда тутилган;
    ҳужжат лойиҳасида барча тартиб-таомиллар масалаларини энг юқори даражада автоматлаштириш ва инсон омилини истисно этиш назарда тутилган, хусусан, махсус ахборот ресурси – Баҳолаш фаолиятининг Ягона ахборот платформасини ташкил қилиш мўлжалланмоқда. Ушбу платформа автоматик вақт режимида ишлайди ҳамда баҳолаш масалаларига тегишли барча ахборотни ўз ичига олади, унинг очиқлиги, долзарблиги ва барча манфаатдор шахслар томонидан бемалол фойдаланилишини таъминлайди;
    бунда баҳоловчиларни сертификатлаш, уларга тоифалар бериш, бахсли вазиятларда суд органлари сўровига кўра баҳолаш материалларини кўриб чиқиш, соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан миллий баҳолаш стандартларини ишлаб чиқиш давлат зиммасида қолдирилади. Аммо, бу ерда барча комиссиялар ишида жамоат ташкилотларининг давлат органи томонидан ваколат берилган вакиллари жалб қилиши лозимлиги белгиланади.
    Ушбу кўрсатилган чоралар иқтисодий ислоҳотлар талабларидан келиб чиққан ҳолда активларни баҳолаш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишни оптималлаштириш ва тартибга солиш, асоссиз чекловлар, алоҳида тартиботларни истаганча талқин қилишлар, ортиқча маъмурий тўсиқлар ва ушбу масалаларни тартибга солишнинг эскирган механизмларини бартараф этиш имконини беради. Шунингдек, қонуности ҳужжатлар сонини қисқартиришга, баҳолаш фаолияти соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга ҳамда республикамиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади.


    Давлат активларини бошқариш агентлиги 
    Баҳолаш фаолиятини лицензиялаш ва риэлторларни сертификатлаш бошқармаси

     

     

    Бизнинг ижтимоий тармоқлар

    ??????? Orphus
    Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! GSpeech