Ру Ўз O'z En

Асосий функциялари

ДАВЛАТ АКТИВЛАРИНИ БОШҚАРИШ АГЕНТЛИГИНИНГ АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ

Давлат активларини бошқариш агентлиги ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради


- Банкротлик, иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини назорат қилиш соҳасида давлат томонидан тартибга солишни амалга ошириш соҳасида

банкротлик ишлари бўйича давлат сиёсатини амалга оширади, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш, улар фаолияти самарадорлигини ошириш ва янги инвесторларни жалб этиш дастурларини ишлаб чиқади ва уларни амалга оширишда қатнашади;

устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг молиявий ҳолатини, шу жумладан, тўловга қодир бўлмаган, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни аниқлаш мақсадида маълумотлар базасини юритиш йўли билан мониторинг ва таҳлил қилади, шунингдек манфаатдор давлат органлари билан биргаликда уларни молиявий соғломлаштириш юзасидан комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг таклифлари асосида банкротлик тартиботларини қўллаш ташаббуси билан чиқиш, устав фондида давлат улуши бўлган иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш ва ихчамлаштириш тўғрисида қарор қабул қилади;

устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарда банкротлик тартиботларининг боришини назорат қилади, шунингдек судгача санация, суд санацияси ва ташқи бошқарув режаларини келишади;

тижорат банкларига берилган (реализация қилинган) банкрот корхоналар бўйича ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари бажарилиши мониторингини олиб боради;

иқтисодий ночор корхоналарда банкротлик ёки судгача санация тартиботларини амалга оширишда кредиторларнинг манфаатлари ва акциядорлар (қатнашчилар)нинг мулкий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;

устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) пул мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарздор бўлган корхоналарнинг судгача санациясини ўтказиш, узайтириш ёки муддатидан олдин тўхтатиш тўғрисида, шунингдек судгача санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади;

таркибий ўзгартирилиши керак бўлган иқтисодий ночор, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли корхоналарнинг, шунингдек уларга нисбатан банкротлик тартиботлари қўлланган корхоналарнинг қурилиши тугалланмаган объектларини ҳамда асосий фондларини консервация қилиш ва сотиш масалаларини кўриб чиқади ва бу тўғридаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

суд бошқарувчиларини тайёрлаш тизимини ташкил этади, уларни аттестациядан ўтказади ҳамда суд бошқарувчиларининг ягона реестрини юритади, суд бошқарувчилари аттестатини бериш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади;

устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарда банкротлик тартиботининг боришини назорат қилади, шунингдек судгача санация чоғида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мониторингини амалга оширади;

давлат томонидан қўллаб-қувватланган корхоналарнинг судгача санациясини узайтириш ва муддатидан олдин тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади;

зарар кўриб ишлаётган, тўловга қодир бўлмаган ва иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш, ихчамлаштириш, молиявий соғломлаштириш ва судгача санацияни амалга ошириш даврида қонун ҳужжатларида назарда тутилган шаклларда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш, молиявий соғломлаштириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади;

ташқи бошқарувчиларнинг, шунингдек давлат томонидан қўллаб-қувватланган ёхуд мулкида давлат улуши бўлган санация қилинаётган корхоналар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;


- Корпоратив бошқарув соҳасида

корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ жараёнларни таҳлил қилади ва корпоратив муносабатларни тартибга солувчи нормаларни такомиллаштиришга доир таклифларни шакллантиради;

хўжалик жамиятларида корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, шу жумладан, уларнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш бўйича халқаро тамойиллар ва қоидалар асосида тавсиялар ишлаб чиқади;

ижро этувчи органлар ва устав фондида давлат улуши бўлган, республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари кузатув кенгашлари раҳбарларининг корпоратив бошқарувнинг сифатли тизимини жорий этиш бўйича ҳисоботларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида вақти-вақти билан эшитишни ташкил этади;

акциядорлик жамиятларида бошқарув ва назорат органлари фаолиятининг амалий масалаларини акс эттирувчи корпоратив бошқарув бўйича қўлланмалар нашр этади, шунингдек инвесторлар ва қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларини таълим жиҳатидан қўллаб-қувватлашнинг шакллантирилишига кўмаклашади;

халқаро ташкилотлар билан корпоратив бошқарув ва қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш соҳасидаги халқаро муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашади;


- Хусусийлаштириш объектларини сотишдан олдин тайёрлаш ва реализация қилиш, инвесторлар томонидан мажбуриятлар бажарилиши мониторингини олиб бориш соҳасида:

манфаатдор давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларини жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари билан тасдиқланадиган хусусийлаштириш бўйича давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

хусусийлаштириш объектларини сотишдан олдин тайёрлашни амалга оширади ва хусусийлаштиришнинг, шу жумладан, иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари корхоналарининг, аниқ инвестиция мажбуриятлари эвазига «ноль» харид қиймати бўйича реализация қилинган объектларни хусусийлаштиришнинг шартномавий шартларини белгилайди;

хусусийлаштириш объектлари, шартлари ва шакллари юзасидан қабул қилинадиган қарорларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлайди, хусусийлаштириладиган корхоналар — эмитентлар ва улар томонидан чиқариладиган қимматли қоғозлар тўғрисидаги ахборотни тарқатади, шунингдек маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб этиш мақсадида реклама-ахборот ишларини амалга оширади;

Эркин иқтисодий ҳудудларнинг маъмурий кенгаши қарорлари бўйича сотиладиган давлат мулки объектларидан ташқари, хусусийлаштириш объектларининг сотувчиси функциясини амалга оширади, уларнинг бошланғич сотув нархини, инвестициялар ҳажмини, савдоларнинг тури ва шартларини белгилайди, шу жумладан, давлатга тегишли қимматли қоғозларни мустақил равишда ёки шартнома асосида жалб этиладиган маҳаллий ва хорижий инвестиция воситачилари орқали ички ва халқаро бозорларда, биржа савдолари ва биржадан ташқари савдоларда сотади;

хусусийлаштириш объектларининг олди-сотдиси бўйича тузиладиган битимларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши, шу жумладан, инвесторлар томонидан инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши мониторингини олиб боради;

устав капиталига берилган объектлардан ташқари, янги мулкдорга хусусийлаштирилган объектга мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ордер (сертификат) беради, шунингдек харидорнинг хизмат кўрсатувчи инвестиция воситачисига унинг томонидан сотиб олинган акцияларни ўтказишга (разблокировка қилишга) депо топшириғини тақдим этади;

хусусийлаштириш билан боғлиқ жараёнларни таҳлил қилади ҳамда хусусий мулкдорлар томонидан хусусийлаштириш объектлари сотилишининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайдиган хусусийлаштиришнинг янги шакллари ва усулларини жорий этиш, шу жумладан, мулкий муносабатларни тартибга солувчи нормаларни такомиллаштириш юзасидан таклифларни шакллантиради;


- Давлат мулки объектларини тасарруф этиш, шу жумладан, уларни хатловдан ўтказиш, ҳисобга олиш ва самарали бошқариш соҳасида

давлат корхоналари ва муассасаларининг, шунингдек давлат корхоналари ва муассасаларини хусусийлаштириш жараёнида ташкил этиладиган хўжалик жамиятларининг Ўзбекистон Республикаси номидан муассиси бўлади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси номидан давлат акциялар пакети (улуши) бўйича хўжалик жамиятларининг акциядори (иштирокчиси) ҳуқуқларини амалга оширади, шунингдек ушбу ҳуқуқларни ишончли бошқарувчиларга беради;

давлат активларини хусусий мулкдорларга «ноль» харид қиймати бўйича бериш юзасидан хатловларни амалга оширади;

давлат кўчмас мулкини, давлат корхоналари ва муассасаларини, устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларини, шу жумладан, чет элдаги ва давлат номидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат органлари иш кўрадиган хўжалик жамиятларининг, давлат кўчмас мулкини хатловдан ўтказади ва ҳисобга олади (хатловдан ўтказиш ва ҳисобга олиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тегишли ваколатли давлат органлари томонидан юритиладиган мол-мулк бундан мустасно);

давлат акциялар пакетларини (улушларни) ва бошқа мол-мулкни қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этиладиган ва фаолият кўрсатаётган хўжалик жамиятларининг устав фондларига киритади;

давлат мулки бўлган мол-мулкнинг ижарага берувчиси бўлади, ушбу ваколатларни амалга ошириш ҳуқуқи бошқа давлат органлари ва ташкилотларига берилган ҳоллар бундан мустасно;

давлат корхоналарига давлат мулкини бериш бўйича давлат корхоналари ташкил этилишининг келишилишини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ давлат мулкини бошқариш масалалари бўйича давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиради;

республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари рўйхати бўйича таклифларни Акциядорлик бирлашмалари ва компанияларидаги акциялар давлат улушидан самарали фойдаланилиши юзасидан мониторинг олиб бориш комиссиясига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади;

хўжалик жамиятларида давлат улушларини бошқариш бўйича давлат ишончли вакиллари ва инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиларини, шунингдек акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқидан фойдаланувчи («олтин акция») давлат вакилларини тайинлаш ва озод этиш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 31 мартдаги ПҚ-2327-сон қарори билан тузилган Акциядорлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича Комиссияга кўриб чиқиш учун киритади;

давлатнинг ишончли вакиллари ва ишончли бошқарувчилари билан хўжалик жамиятларидаги давлат улушларини ишончли бошқариш шартномалари тузилишини таъминлайди;

давлатнинг ишончли вакиллари, давлат активларини ишончли бошқарувчилар фаолияти мониторинги олиб борилишини таъминлайди, акциядорларнинг (иштирокчиларнинг) умумий йиғилишларида ва кузатувчи кенгашлар мажлисларида овоз бериш тартиби бўйича уларга кўрсатмалар беради, шунингдек уларни тақдирлаш тартибини белгилайди;

устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларининг молиявий-хўжалик фаолиятини таҳлил қилади, жамиятнинг бизнес-режаси параметрлари мунтазам равишда бажарилмаган тақдирда эса — жамиятнинг ижро этувчи органи таркибини ўзгартириш ташаббуси билан чиқади;


- Баҳолаш ва риэлторлик фаолиятини лицензиялаш соҳасида

баҳолаш фаолиятини лицензиялайди;

баҳоловчилар ва риэлторларга малака талабларини белгилайди, уларга малака сертификатлари беради;

лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади;

баҳолаш, риэлторлик ташкилотлари ва риэлторларнинг лицензиялари ҳамда баҳоловчилар ва риэлторларнинг малака сертификатлари реестрини юритади;

махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда риэлторлик ташкилотлари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мониторинг олиб боради ва ушбу қоидаларга риоя этилишини назорат қилади;


- Фаолиятнинг бошқа соҳаларида

Давлат активларини бошқариш агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади;

Давлат активларини бошқариш агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ва методологик базани ишлаб чиқади ва такомиллаштиради;

Давлат активларини бошқариш агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф этиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида зарур хатти-ҳаракатларни амалга оширади;

Давлат активларини бошқариш агентлиги ваколатига кирадиган масалаларнинг ҳал этилиши бўйича сансалорлик, бюрократизм, муддатлар чўзилиши ҳолатларини аниқлайди ва уларнинг бартараф этилишини таъминлайди;

кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади, Давлат активларини бошқариш агентлиги, шу жумладан идоравий мансуб тузилмалар раҳбарлари ва мутахассисларининг иш усуллари ва методларини такомиллаштиради, уларнинг ўзларига юкланган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши юзасидан масъулиятини оширади;

халқаро ҳамкорликни ва Давлат активларини бошқариш агентлигига юкланган бошқа функцияларни амалга оширади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ҳудудий органлар ва ўзининг идоравий мансуб тузилмалари орқали амалга оширади.

24401 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech