Ру Ўз O'z En

Она тили – ўзлик тимсоли

ТИЛ САБОҒИ

Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир.  

                                                                                 Ш. МИРЗИЁЕВ

 

Она тили – ўзлик тимсоли

Ўз она тилини севмаган, тил замирида ётган тарихни билмаган, қизиқмаган одам баркамол саналмас. Ўз тилинг ўз ватанингдек азиз, ўз онангдек табаррук.

Бир томчи шабнамдек мўъжаз ва тиниқ элчи деган соф ўзбекча туркий сўзда қанча ҳикмат бор!

Эл деб, элат деб халқни айтамиз. Яна ёв ҳеч қачон эл бўлмайди,  деймиз.

Ёмонга элакишма деган ўгитимиз бор. Бу ўринда эл дўстлик, яқинлик маъноларини билдиради. Эл қадимда давлат тушунчасини ҳам ифода қилган. Элчи бир халқдан, бир давлатдан бошқа юртга юборилган вакилгина эмас, балки элни элга эл қиладиган одам, халқлар ўртасида меҳр риштасини боғловчи, дўстлик кўпригини қурувчи ҳамдир.

 

Эркин Воҳидов, “Сўз латофати”.   

 

 

Сўз  – забаржад, Сўз – гавҳар, олтин

Сўз  – забаржад,

Сўз – гавҳар, олтин.

Заргарликнинг машаққати кўп.

Сўзни байтга  қадашдан  олдин

Кафтингга қўй, тўйиб қара, ўп!

Она тилимни севмасам,  сўзларига маҳлиё бўлмасам, ҳайратланмасам, менга шоирлик қайда эди!

Офтоб чиқди, қуёш чиқди, кун чиқди,

Меҳру шамсу хуршиди гардун чиқди.

 

         Бир замон болалар учун айтилган шу жўнгина ва ғўргина икки сатрнинг ўзида қуёшнинг  олтита номини топасиз! Саноқни яна давом  эттириш мумкин. Олимлар,  топиб беринг,  қайси тилда қуёшнинг   ўндан ортиқ исми бор! Қайси тилда осмонни  камалак рангларидек етти хил ном билан атайдилар?  Осмон, фалак, само, чарх, гардун, фазо, кўк...  Булар дафъатан  хаёлга келганлари холос! Арш, даввор, мину  сингари  кам ишлатиладиган хос сўзлар ҳам саналса, рўйхат янада узаяди.

Эркин Воҳидов,  “Сўз латофати”

китобидан.

 

 

“Чақ” сўзининг пайдо  бўлиши  

Юртимизда  юз минг йил муқаддам   яшаган ноандертал одамнинг тарих музейимиздаги қиёфасига қараб яна ўзимга савол бераман.  Расмана инсонга айланмаган  бу ибтидоий  онг эгасининг  биринчи сўзи нима  эди?  Хаёлимга келган  жавоб шу бўлди:  у тошни тошга уриб чақ этган товушни эшитгану  чақ дея овоз чиқариб, ўзининг биринчи сўзини айтган.  Тошни тошга чаққан, кейинроқ тош билан данак чаққан, ёнғоқ чаққан, боласига ҳам чақ, деб буюрган.

Бора-бора тошдан ўт чиқариб, уни ҳам чақ деди. Кўкда чақ этиб ёнган олов ҳам  чақ бўлди. Кейинчалик, чақмоқ, чақин, чақмоқтош сўзлари пайдо бўлди. Тош бир-бирига урилганда, учган ери чақа. Тошга қоқилганнинг оёғи бармоғи чақа.  Кўп гапирганнинг  тили чақа. Тош майдалаб чақа деган инсон учун  ҳамма майда нарсалар чақа бўлди.   Пул майдалаб: чақа деди. Майда боласини бола-чақа деди.  Энг майдаси чақалоқ бўлди.

Тараққиёт инсонга ақл-заковат берди. Заковатли инсон тош чақишни қўйиб, гап чақишга ўтди.  Тошдан учқун чиқарган бўлса,  гапдан ўт чиқарди. Гап чақиб ўз қардошининг  уйини куйдирди.  Гап чақувчининг оти ҳам чақдан узоқ кетмади  Уни чақимчи, чақмачақар дедилар.  Чақимчининг ниши илоннинг тишидан оғриқли ва хатарли.  Ари, илону чаённинг наштар уришини ҳам бесабаб чақиш  демаганлар.  Демак, чақимчи билан  газанданинг ҳунари бир.

... Одам боласининг бир ожизлиги бор. Биров ҳақида ортдан ёмон сўз айтиш гуноҳ эканини билади-ю, ўрганган одатини йўқотолмайди.  Бировни сиртдан қоралаб роҳат қилади.  Суҳбатнинг ширини ғийбат, дейдилар ҳазил қилиб. Лекин бу гапда ҳазилдан  чин кўпроқ.  Ғийбат ҳам чақув, бировни бировга  эмас, бировни ҳаммага чақув демакдир.  Биз бундай ширин суҳбатнинг номини чақчақлашув деймиз.

Башарти  тош чақишдан  сўз мағзини чақишгача бўлган масофани  миллион  йиллар ичида  босиб ўтди. Биз ҳам сизлар билан  чақ сўзининг  аччиққина  мағзини чақдик,  чақ тўғрисида чақчақлашдик.

   

                                                Эркин Воҳидов, “Сўз латофати”.

Сўз мусаввири

 

        

         “Мен ўзбек шоириман, ўз  халқимнинг тилиман”, деб ёзган Ғафур Ғулом бу гапда фахр-ғурурдан ташқари, унинг  замирида жуда катта юк  борлигини ҳам нозик фаҳм этган. Ўз халқининг тилини бутун нафосату ифори билан билишда  ХХ аср  ўзбек   адабиётида  у беназир эди  дейилса,  муболаға эмас.  Халқ тили ва мумтоз  адабиётимизга хос кўплаб ҳамма ҳам  билавермайдиган сўзларни ўз ўрнида қўллаш, шундай   қўллаш  оқбатида  бадиий матн,  поэтик манзара ва ифода яратиш академик шоир шеъриятининг  хос белгиларидан   бўлса, ажабмас.

         Шоир  ва адиб қўллаган  сўзлар;  у хоҳ бирор бир соҳага тегишли бўладими,  хоҳ мавжуд сўзлар, у хоҳ бирор  тор соҳага тегишли бўладими,  хоҳ мавжуд сўзлар асосида ясалган янги сўз, неологизмлар бўладими, ҳамиша бадиий ниятга  хизмат қилади. Мана, аллома вафотидан кейин чоп этилган тўртлик:

                      “Дунё қўлинг киридир”, деганлари рост ахир,

                        Қўлом, тўпол қолади заргарнинг кўрасида,

                        Миллионердан сўрасанг майдаси йўқ бир пақир,

                        Бриллиант – кўмир демак атом гилбўтасида.     

... адибнинг  тилга, сўзга  муносабати ҳақида   гапирар эканмиз,  аввало, тилдан қандай фойдаланади, бунда асосий нарса, сўз орқали бадиий матн ярата  оладими, ишлатган ҳар бир сўзи ўз ўрнига тушиб, ўзидан каттариб, жилоланадими,  китобхон қалби шуурига нур олиб кира оладими?  Ушбу саволлар жуда муҳим ва уларга жавоб ижобий  бўлган тақдирдагина  шу адибни моҳир сўз устаси, сўз санъаткори дея оламиз.

Ғафур Ғулом сўз санъаткори эди.

Сувон Мели, “Сўз хиёбони”.

 

 

Қодирий сўзининг қадри

          Мумтоз  адабиётшуносликда  кам сўз билан кўп  маънолар баён этиш санъатига “ийжоз”  дейилади.  Сўзнинг ийжоз  мақоми   Абдулла Қодирий насрий поэтикасига, қаҳрамонлари нутқига ҳам хос.      

         ... Шокирбекнинг  Отабекка эврилиш саҳнаси остонасида  Уста Алим: “...ёмоннинг жанозасидан  яхшининг ҳикояси  фойдалик”, деб сомеъликка  ҳозирланади. Бундай нутқда “сен” – “мен”, “узун” – “қисқа”, “яхши” билан “ёмон”, “жаноза” билан “ҳикоя” сўзлари зидлашади. Юсуфбек ҳожи бир йиғилишда: “Бу соқол шу эл қайғусида оқарди. Бу кўнгил шу манфаатпарастлар  таъсирида қорайди”, деган гаплари  семантикаси қаршилидир. Юсуфбек  ҳожининг ўз нафсига назари, маломати ва эътирофидаги соқолининг оқариши ёки  кўнгилнинг қорайиши  тасаввурни тоза бир инсон умрининг йўллари томон йўллайди. Аслида, вазият, характернинг контрасти-қиёсли  тасвирни романнинг  дастлабки саҳифаларида, яъни  карвонсаройда  Отабек тушган ҳужра ёки Отабек билан Ҳомид характери баёнидаёқ кўринади. Адиб бу бадиий санъатдан  романда жуда кўп ва ўринли фойдаланади.

         ... Абдулла Қодирий  ўзининг бетакрор бадиий асарлари билан  ўзбек адабиётининг бойлигини исбот этади; ўрни келганда, шева  сўзларидан  унумли фойдаланади.  Адиб халқ тилида қўлланадиган “чип” сўзи учун  “ғов, баррикада”  маъносида,  бошқа бир саҳифадаги диалогда  келган “эшик” сўзини  “Фарғонада  ҳовлини эшик дейдилар” деб изоҳлайди. Ҳомид Жаннат опага  “...гузардан чиқиб бир чора  эт келтириб, шўрба қилиб берсангиз” дейди.  Ёзувчи “бир  чорак”ни  “уч  ярим-тўрт қадоқ чамаси тошдир” деб изоҳлайди. Бугунги ўқувчи учун  бир қадоқнинг 409,512  граммга тенг  оғирлик ўлчов бирлиги эканини эслатишга зарурат бор.

         Абдулла Қодирий  ижод аҳлининг ўз она тили ва қўшни  миллатлар  тилини билиш хусусида: “ Ёзувчи ўз халқининг  тилини, фольклорини камол ўрганиши шарт  ва бир неча тилларни, айниқса, яқин қўшни тилларни билиши фазилат.  Шундагина тили бойийди, асари жонланади” деб ёзади...

Баҳодир Каримов, “Сўз хиёбони” .

 

 

Сўз  нима?

Тилда юз минглаб сўз бўлса ҳам, уларнинг моддий асосини бир неча ўнлаб товушлар ташкил қилиши ҳақида фикр юрита туриб, муқтадир олим Алибек Рустамий шундай ёзади: «…ўзбек адабий тилида 31 товуш бор. Шевадагиларни қўшсак, 40 дан ошмайди. Шу қадар озгина товушдан миллиондан ортиқ сўз ясалган».

Тўғри таъкидланганидек, гап сўзнинг сони ёки сифатида эмас, балки уларни билиш ва ўз ўрнида қўллай олишдадир.  Демак, сўз – неъмат, сўз – рағбат, сўз – ташвиқ, сўз – даъват, сўз – давлат, сўз – савлат, сўз – ҳикмат, сўз – ҳиммат, сўз – ҳурмат, сўз – раҳмат, сўз – заҳмат, сўз – фазилат, сўз – иллат, сўз – тузувчи, сўз – бузувчи, сўз – илм, сўз – тилсим, сўз – билим, сўз – зулм, сўз – сабоқ, сўз – таёқ, сўз – ҳавас, сўз – ҳасад, сўз – ғурбат, сўз – ғийбат, сўз – дўст, сўз – душман, сўз – шарофат, сўз – офат, сўз – олқиш, сўз – қарғиш, сўз – меҳр, сўз – қаҳр … хуллас, сўз – ҳамма нарса. Фақат уни қачон, қаерда, қандай қилиб қўллаш сўзловчига боғлиқ. Бу эса сўзловчининг онгу шуурига, ақлу идрокига, фаҳму фаросатига дахлдордир.

                             Раҳимбой  Жуманиёзов,

                   “Муомала маданияти”.

Ўзбек  тили  уч  дарёдан  сув  ичган

Маънодош  сўзларимизнинг кўплигига сабаб бор. Ўзбек тили уч дарёдан сув ичган. Диний, илмий, ижтимоий атамаларимиз асосан араб тилидан;  кўпгина иш қуролларимиз: жомадон, ҳокандоз, дастшу, жомашу, дазмол, қоғоз каби ҳунармандликка оид сўзларимиз, шунингдек, юксак шеърий услубга хос  суханлар форс тилидан келган.  Лекин бу қатъий қоида эмас. Аксар ҳолат десак, тўғрироқ бўлади. Араб тилидан ўтган нарса ва буюм  номлари ҳам  тилимизда кўп: ароба, мусаллас, истеҳком, қалам сингари. Шунингдек, форс тилидан кирган фалсафий атамалар ҳам талайгина. Жавонмард, сарбадор, чархи кажрафтор,  оинаи Искандар ва ҳоказо. Ҳаракат номлари асосан туркийча. Кўпгина сўзларнинг ўзбекчаси ҳам, арабчаси ҳам, форсчаси ҳам тилимизда баробар ишлатилади. Арабча Аллоҳ ёнида форсча худо, туркий тенгри сўзларимиз бор. Юрак ҳам, қалб ҳам, дил ҳам деймиз. Арабча исм,  форсча ном,  ўзбекча от – учови  ҳам ўзимизники. Тил, забон, лисон бизда шу сабабдан  беқиёс бой ва рангин.

                                                               Эркин Воҳидов  “Сўз латофати”.

Фурқат – сўз раъносининг ошиғи

 

         ... Сўз қадрини билган,  унинг инсоният учун нечоғлиқ  улуғ неъмат эканини  чуқур ҳис этган  Фурқат сўзламоқда андиша бўлмоғи зарурлигига  алоҳида диққат қаратади.  Шоирнинг фикрича,  ҳар бир одам ўзи билган, маъносини теран уққан  ҳолда сўзламоғи маъқул.  Машраб ғазалига тазмин сифатида ёзилган “Лозим эмас” радифли ғазалдан олинган қуйидаги байт шу ҳақда:

         Қосир ақлинг бирла сунъи  Кибриёдин урма дам,

           Билмағон одамга  бу нозик сухан лозим эмас.

         Фурқат асарларида  “сўз” калимаси ўрнида баъзан унинг сухан, калом, нукта  сингари  синонимлари ҳам  фаол ишлатилади.  Жумладан, ушбу  байтдаги “сухан”  сўзи “нозик” сифат билан бирга  қўлланган.  “Сун” – луғатда яратиш, санъат  демакдир. Кибриё –Аллоҳ таолонинг  сифати бўлиб,  улуғ, буюк маъноларини   англатади. Шунга кўра, ушбу байтда Фурқат қусурли ақл  билан буюк Тангри таолонинг яратувчанлик қудрати ҳақида  сўзлашдан тийилиш зарурлигини,  бениҳоя  назорат (эҳтиёткорлик) билан муносабатда  бўлишни тақозо  этадиган  бу нозик сухан билмаган одамга лозим эмаслигини алоҳида таъкидлайди.

         “Ўтар-кетар” радифли ғазалида  шоир яхшилар суҳбатида бўлишни,  яхши сўзлар эшитмоқни тавсия этади. Яхшиар суҳбтин кўрмаган одамни кўрга, яхши сўзлар эшитмаганни  карга қиёслайди:

         Яхшини суҳбатин  кўруб яхши сухан эшитки ул,

          Яхши кўриб эшитмайин кўр ила кар ўтар-кетар.

        

Сўзга таъриф берар экан, шоир: “сухан  раъноси назм либоси бирла зебо кўринур бўлғай” деган фикрини гўзал бадиий шаклда  ифода этади.  “Сухан раъноси” – истиора билан зийнатланган  беҳад жозибали  бу ибора  Фурқатгача ва ундан кейинги бирор ижодкор асарларида  кузатилмайди. Ҳақиқатан,  шоир сўзни гўзал шаклда сувратлантира олган юксак салоҳият эгаси, сўз раъносининг  энг  содиқ  ошиғидир.

                                                                       Нурбой Жабборов,  “Сўз хиёбони”.  

 

 

Кўмирга айланган умр

 

         Халқ мақоллари, маталларида бир ҳикмат бўладики,  у ҳикматли сўз деб аталади ва асрлар оша оғиздан оғизга кўчади.

         Гап кўп, кўмир оз, деган иборада  мен  чуқур маъно, тагдор фикр кўрмадим. Суҳбат чўзилса, сандалнинг чўғи совуб қолгани учун шундай дейдиларми?  Бу гапда на бадиият, на ҳикмат бор.

         Ўйлашимча, бу ибора аслида гап кўп-ку, умр оз  бўлган.

         Ку қўшимчасининг кейинги сўзга қўшилиб кетишидан умр  кўмирга айланган. Аслиятни тикласак, дунёнинг дардини айтишга умр етмайди, деган фалсафий хулоса чиқади.

         Бу сингари замонлар оша тилдан тилга ўтиб,  сўзлари, ҳарфлари ўзгариб кетган, асл  маъносини йўқотган мақол ва маталлар кўп.

         Халқда Меҳмон отангдан азизУстоз отангдан улуғ деган ҳикмат бор.  Бирор ақлли зот отадан улуғ, отадан азиз инсон бўлмайди, деб айтган чоғи, кейинги вақтда Меҳмон отангдек азиз, Устоз  отангдек  улуғ  дейиш урф бўлди.  Отадан улуғ ва азиз кишининг  йўқлиги ҳақиқат. Айнан шунинг учун ҳам бу ташбеҳ  ишлатилади. Мақол –халқ ижоди. Ижод бадииятсиз, бадиият муболағасиз  бўлмайди. Инсон боши тошдан қаттиқ деймиз.  Тошдан қаттиқ нарса йўқлиги учун шундай деймиз. Тоғни урса толқон қиладиган йигит деган гап бор. Тоғни майдалаб бўлмаслиги учун  шу ибора қудратли ва боқий. Дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган одам бўлмайди. Соч билан кўча супурилмайди, кўз ёши билан сув сепилмайди. Лекин ёр юрган кўчаларни супурай сочим билан, чанги чиқса сув сепай кўзлардаги  ёшим билан, дея куйланади. Буни лутф дейдилар. Завқи йўқ одам лутфни англамайди.

                                                                           Эркин Воҳидов, “Сўз латофати”

Миллат ҳамиятининг мунтазам ҳимояти

Мамлакатимизда бениҳоя кўламли ислоҳотларнинг нақд натижалари боис “Янги Ўзбекистон” деган мағзи тўқ истилоҳ истифодаси урфга кирди. “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори юртимизда мутлақо табиий равишда бош ғоя мақомига кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг изчил ва чинакам халқчил сиёсати туфайли инсон қадри энг олий қадриятлардан бири сифатида эъзозу эътибор, ҳифзу ҳимоят бағридан муқим ва мустаҳкам жой олди.

Шубҳасизки, бу халқимизнинг неларни кўрмаган бошини кўкка етказди. Зотан, ўзбекнинг ўлмас ҳикмат ёмбилари орасида “Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман” тарзидаги теран ва дилдаги адоқсиз оғриқ билан айтилган ҳақиқат ҳам бор. Инсон боласи, хусусан, бизнинг аждодларимиз азалдан қорин қайғуси билан эмас, балки, аввало, қадр қайғуси билан умргузаронлик қилган. Шунинг учун ҳам улар ҳеч кимдагидан кам бўлмаган қадр туйғуси билан илм-фан, маърифат, маданият ва маънавият бобида тенгсиз дурдоналарни яратган, ўз номларини тарих саҳифаларига муҳрлаган.

Ўзбек тилидаги қадр сўзининг асосий маъноси луғатда шундай изоҳланган: “жамиятда, кишилар ўртасида тутган ўрин, ўзга(лар) томонидан бўлган ҳурмат, эътибор”. Албатта, буни саломат сақлаш ҳамият сўзи билан ифодаланади. Бу сўзнинг асосий маъноси изоҳли луғатда “ор-номусини, қадр-қимматини пок сақлаш туйғуси” тарзида тавсифланган. Айтиш мумкинки, қадр туйғуси ва ҳамият тириклиги бир-бири билан тамоман уйқаш, бирисиз иккинчисининг мавжудлиги номумкин бўлган тушунчалар ўлароқ инсоннинг олий ва ардоқли сезгилари сирасига киради. Албатта, тил, хусусан, она тили айни шу қадрнинг ҳам, ҳамиятнинг ҳам ҳамиша зимну заминида ётадиган тушунчалардандир.

Тил салтанатининг беназир султони улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг “Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин”, “Тилга эътиборсиз – элга ихтиёрсиз” каби ҳикматларида одам боласи учун тилга эҳтиромли муносабатнинг азалий ва абадий эҳтиёжи, инсонликнинг бош белгиси тил эканлиги, тил ва эл ҳурмати таносибининг таранглиги гўзал шамойилларда ифода топган. Умуман, ҳар қандай тилга, хусусан, она тилига, бирон-бир даражада бўлсин, нописандлик ёки камситиш билан қараш инсон ва эл қадрига ҳурматсизлик, инсон ва халқ ҳамиятига дахл қилиш тарзида англаниши, кишилар кўнглини, юмшоқроқ таъбир билан айтганда, оғритиши, табиийки, яқин ўтмишимизда биз бунинг гувоҳи бўлганмиз.

Бугун юртимизда халқ ҳамиятининг мунтазам ва иддаосиз ҳимояси муддаоси билан ўзбек тилини давлат тили деб эълон қилган қонуннинг имзоланганига 33 йил бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида алоҳида таъкидлаганидек, “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир”. Шуни мамнуният билан таъкидламоқ жоизки, давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори билан, айниқса, сўнгги беш-олти йил ичида мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш борасида янги босқич бошланди. 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепция ва махсус дастур қабул қилинган, келгусидаги ишлар аниқ-тиниқ кўрсатиб берилган, шу асосда тил илми тадқиқи, таълими ва тарғибига дахлдор тизимли ҳамда кенг қамровли ишлар жадал суръатларда амалга оширилди ва оширилмоқда.

Президентимизнинг ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш борасидаги кўрсатмалари асосида изчил ҳаракат олиб борилмоқда. Мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатлар тилларининг ривожланиши учун кенг имконият ҳамда шароитларнинг яратилгани ҳам бор ҳақиқатдир. Юртимизда қарор топган бениҳоя оқил ва одил тил сиёсати туфайли кўп миллатли халқимизнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкамланмоқда. Ўзбек тили байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз қаторида давлатимизнинг муқаддас ҳамда муҳташам рамзларидан бири сифатида такомил ва ривож ўзанидан бормоқда. Ҳар йили 21 октябрь “Ўзбек тили байрами куни” сифатида бутун халқимиз томонидан чексиз мамнуният билан кенг нишонланмоқда, бу кун амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, янгидан-янги режаларнинг тарҳи чизилмоқда.

Тилнинг ижтимоий ҳодиса эканлиги ҳақида кўп гапирилган. Шубҳасизки, тилнинг пайдо бўлиши, ўзлаштирилиши ва тараққиётидай мураккаб жараёнларни жамиятдан айро ҳолда асло тасаввур қилиб бўлмайди. Бу мураккаб жараёнда ижтимоий муҳитнинг, кишилик жамоасининг, уй-хонадон деган бирликнинг ҳал қилувчи омил эканлигидан иборат ҳақиқатни инсон ақли ҳазм қилиб улгургунча, не-не насллар югурик асрлар тўзони ичра абадга қўним топган.

Эрамиздан олдин ҳам, бизнинг эрамизда ҳам дунёнинг турли бурчакларида ана шу ҳақиқатни излаб, турли-туман тажрибалар ўтказилган. Жумладан, “Мўғуллар империясининг умумий тарихи” (Париж, 1705) номли китобда ХВИ асрда Акбаршоҳ томонидан ўтказилган бир ғаройиб тажриба ҳақида батафсил ёзилган. Улуғ шоҳ “Бирон-бир тилга ўргатилмаган одамнинг табиий тили яҳудий тили бўлади”, деган ғайриилмий гапни эшитиб қолади. Шунда Акбаршоҳ болага ҳеч қандай тил атайлаб ўргатилмаса, у, чиндан ҳам, қайси тилда гапирадиган бўлишини билишни истайди. Ана шу мақсадда шоҳ ўн иккита эмизикли болани ажратиб олиб, Аградан олти миль узоқликдаги қалъага жойлаштиради, уларни тарбиялашни ўн икки соқов энагага топширади. Тилсиз қоровулга қалъа дарвозасини очиш қатъиян тақиқланади. Болалар ўн икки ёшга етганда, шоҳ уларни ҳузурига келтиришни буюради ва саройга барча тилларни биладиган донишмандларни ҳам таклиф этади. Аграда яшайдиган бир яҳудий болалар, чиндан ҳам, яҳудийча гапириш ёки гапирмасликларига ҳакамлик қилиши керак эди. Аграда араблар ва халдей (сомийлардан бўлган қадимий халқ)лар бисёр эди. Ҳинд файласуфлари бу болаларнинг тили санскрит (қадимги ҳинд тили)ча бўлиб чиқади деб ҳисобларди. Аммо болалар шоҳ ҳузурига келтирилганда, барча ҳайратдан тош қотиб қолади, чунки улар ҳеч бир тилда гапирмас эди. Бечоралар ўз энагаларидан фикрларини фақат турли имо-ишоралар билан ифодалаб, ҳеч қандай тилсиз муомала қилишни ўрганганди. Улар бу нотаниш, бегона жамоадан қўрқиб-ҳуркиб турарди, очилмай тугилган бу тилларнинг тугунини ечмоқ тамоман мушкул, уларга нутқ товушларини айттирмоқ замони ўтиб бўлган эди.

Қилни қирқ ёрган аксарият дунё тилшуносларининг таъкидлашларича, нафақат тилни ўзлаштириш, балки тилнинг ибтидодан пайдо бўлиши ҳам муайян жамоада бировнинг бошқасига ниманидир айтиш, нимагадир ундаш, ўзининг муайян ҳиссий ҳолатини билдириш каби эҳтиёжи маҳсулидир. Қисқача айтганда, жамоа-жамият билан боғлиқдир. Айтиш жоизки, тилнинг такомилу тараққиётини ҳам, унинг шахс маънавий-маданий ташаккули ва аждоду авлоднинг замонлар оша ворисийлигидаги қиёссиз ўрнини ҳам жамиятсиз англаш мутлақо мумкин эмас. Шунинг учун ҳам жамият ҳамда халқ тараққиёти, тинчлиги ва фаровонлигини, уларнинг миллий манфаатларини таъминлашдай олий мақсадни бирламчи бурчи деб билган давлат ўз ҳудудида миллий тилни давлат тили мақомига кўтариши, унинг тириклиги муҳофазаси ҳамда ҳар тарафлама камолоти учун қайғуриши қонуний ва ҳаққоний заруриятдир. Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий Фармонида беҳад ўринли таъкидланганидек, “Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир”.

Тилсиз миллий руҳ деган бемисл теран ва улуғвор тушунчанинг моҳияти тамоман муаллақлашади. Ўзбек педагогикасининг атоқли намояндаларидан бири Абдулла Авлоний 1917- йилда иккинчи марта нашр қилинган “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида бу ҳақиқатни мана бундай ифодалаган: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”. Демакки, миллий руҳ, миллий онг, миллий маънавият, миллий маданият каби тушунчаларнинг таянч устуни, тирик тиргаги она тилидир. Забардаст ўзбек тилшуноси, академик Алибек Рустамов бу ҳолатни гўзал ва оҳорли қиёс воситасида мана бундай тавсифлаган: “Тирик жоннинг ҳаёти учун ҳаво қанчалик зарур бўлса, инсоннинг инсон сифатидаги турмуши ва унинг инсонлигини белгиловчи маънавий тириклиги учун сўз (яъни тил) шунчалик зарурдир”.

Тил нафақат маънавият ва маданиятнинг, балки тафаккурнинг ҳам асосий таянчи, шунинг учун ҳам миллий тафаккур тушунчаси мавжуд. Табиийки, инсоннинг дунёни билишидай адоқсиз тадрижий жараённинг қудратли ҳаракатлантирувчи кучларининг бошида тафаккур туради. Бу куч таърифини улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоийдан ўтказиб ҳеч ким айтолган эмас: “Ҳар ишки қилмиш одамизод, Тафаккур бирла билмиш одамизод”. Шуни ҳам ёдда тутиш жоизки, тафаккурни воқелантирадиган, унга фақат шамойилгина эмас, балки аниқ ўзан бахш этадиган қудрат эса тилдир. Тил миллий тафаккур тарзини тайин этади ва мутлақо таносибий бир интизомда тафаккур такомили тилнинг тадрижий тараққиётини таъминлайди. Инсоният камолотида, унинг тафаккури, тасаввури ва тахайюли парвозида тилнинг беқиёс омил эканлиги бугун эътироф этилган ҳақиқатлардандир.

Машҳур олмон алломаси В. Гумболдт ва унинг давомчиларининг эътирофларича, тил кишилар ўртасидаги шунчаки алоқа воситасигина эмас, у миллатнинг дунёни кўрар кўзи, эшитар қулоғи, англар ақлидир. Ҳар бир халқнинг бошқалардан фарқли миллий нигоҳи бор. Ҳар бир тил вакили муайян товушни бошқасидан фарқли эшитади, масалан, ўзбек итнинг товушини «вов-вов» деб, рус «гаф-гаф» деб ва ҳоказо тарзда ифодалайди. Идрок интизомидаги фарқларни ҳам сезмаслик мумкин эмас, масалан, русчадаги “не даёт говорит” бирикмасини ўзбекчага “гапиришга бермаяпти” тарзида ўгириш ана шу русчадаги идрок интизомини ўзбекчага ноўрин кўчириш натижасидир, ўзбекча идрок интизомига мувофиқ “гапиришга қўймаяпти” тарзида бўлиши зарур. Тил бу синоатли оламни мунтазам инкишоф қилишнинг бирламчи қудратли қуролидир.

Дунё адабиётининг номдор намояндаси Чингиз Айтматов “Авезов ҳақида сўз” номли мақоласида “Тил халқнинг автопортретидир”, деган беҳад теран образли таърифни айтган. «Автопортрет» сўзининг маъноси, маълумки, “рассом ёки ҳайкалтарошнинг ўз қўли билан ишлаган ўз тасвири, портрети”дир. Чиндан ҳам, масалан, ўзбек тили ўзбек халқининг сийрату суратини, тафаккур ва тахайюл оламини, ўтмишу бугунини борича акс эттирадиган, муҳими, шу тилнинг ўзи воситасида ҳамда “ўз қўли” билан «чизилган» ҳам ички, ҳам ташқи холис қиёфасидир. Бу қиёфа халқимизнинг минг йиллик лисоний-тарихий тараққиёти жараёнларида, бетакрор маданий ва ақлий, адабий-бадиий дурдоналарида бўй кўрсатиб турибди. Бу қиёфа парваришу муҳофазага, эъзозу эҳтиётга, кўз қорачиғидек асрамоққа, янада камолот сари элтмоққа шоён муҳташам бойликдир.

Дунё тил илмида тил ва тафаккур муносабати борасида турли фикрлар билдирилган, улардан бирига кўра, тил тафаккурнинг шаклланиши жараёнларида бевосита иштирок этади. Бундай фикрни илгари сурганлардан бири америкалик таниқли олим Бенжамин Ли Уорфдир. Унинг назарий қарашларини таҳлил қилган Макс Блек “Тил мустақил мазмуннинг ташқи ифодасидир, тил ва мазмун ўртасидаги муносабат кийимнинг ўзи ёпиб турган танага муносабатига ўхшайди”, қабилидаги ҳукм айтилса, бунга Уорфнинг мутлақо қўшилмаган бўлишини таъкидлайди. Бунинг маъноси шуки, тилни Уорф ҳеч қачон иккиламчи, яъни тафаккур шаклланишидаги ёрдамчи восита деб ҳисобламаган. Ана шу жиҳатдан қараганда, мутафаккирнинг қуйидаги икки мулоҳаза-ҳукми ҳам алоҳида эътиборга молик: “Таъкидламоқ керакки, “ҳинд-эвропа тилларида гапирадиган барча замонавий олимлар” ва “барча олимлар” тушунчалари бир-бири билан тенг эмас. Замонавий хитой ёки турк олимларининг дунёни Европа олимлари каби тавсифлаши фақат шуни кўрсатадики, улар ўз тафаккур тизимларини мустақил ҳолатда ишга солмаганлар, балки бутун ғарбча тафаккур тизимини яхлитлигича ўзлаштирганлар”. “Айтиш мумкинки, инсониятни келажакда бир тилда, хоҳ инглиз, хоҳ немис ёки хоҳ рус тилида, гаплашишини тасаввур қиладиганлар инсоний тафаккур тараққиётига улкан зарар келтириши аниқ бўлган ҳолатни идеал сифатида қабул қилганлари учун қаттиқ адашади”. Олимнинг бу гапларидаги аёвсиз ҳақиқатни унутмаслик лозим. Тил тафаккурнинг шунчаки либоси, ташқи томони эмас, балки тафаккурнинг ташаккулида бевосита иштирок этадиган, унинг ўзанини тайин этадиган беназир унсурдир. Ана шунинг учун ҳам унутмаслик зарурки, она тили дарсликларини фақат хорижий тил дарсликлари қолипида яратиш, она тилини ўқитиш жараёнларини тамоман чет тили таълими андозаларига солиш мақсадга мувофиқ эмас. Она тили таълимида расо миллий тафаккур ва рост миллий маънавиятнинг мунтазам тарбияси устувор йўналиш бўлмоғи керак.

“Давлат тили ҳақида”ги Қонунимизда бу тилни ривожлантириш ва унинг софлигини сақлаш масалаларига дахлдор қоидалар белгиланган. Бугунги кунда ўзбек тили ривожланган тиллардан бири сифатида ҳаётимизнинг барча соҳасида эмин-эркин қўлланмоқда. Ўзбек тилининг софлигини сақлашдай эзгу мақсад билан баъзан у ёки бу ўзлашган (араб, форс, рус, европа тилларидан) сўзни тилдан чиқариш, унинг ўрнига бошқа сўзни киритиш борасидаги етарлича ўйланмаган ёки илмий-мантиқий асоси анчайин бўш таклиф-мулоҳазалар билдирилади, ўзбек тилидаги ҳар қандай ўзлашмага ғашлик билан қаралади, ҳар қандай ўзлашмани эски туркий тилга оид сўз билан алмаштириш тавсия қилинади. Ҳолбуки, Ер юзидаги 6909 та тилдан (ЮНEСКОнинг 2012 йилдаги маълумоти) луғат бойлигида ўзлашмалар тамоман йўқ бўлган бирорта тил мавжуд эмас. Ҳатто энг йирик ва ривожланган деб ҳисобланган тилларда ўзлашмалар анчайин катта миқдорни ташкил этади. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан 1915 йилда айтилган қуйидаги фикрларнинг нечоғли асосли эканлигига диққат қилинг: “...Ming йил аввалги тилға қайтмоқ қонуни табиатға мухолифдур. Чунки мозийға ружуʼ мумкин йўқ. Бегона тилдан сўз олмоқдан қутулган тил йўқдур. Англисчани арабчадан сўнгра энг бой тил дерлар. Ма фиҳи (шунга қарамасдан), ўн минглар ила бегона луғатларни мажбуран олганлигини ёзарлар. Хулоса фикримиз шуки, ялғуз туркча сўйламак ва ёзмоқ абадан мумкин йўқ. Бақадри имкон арабий ва форсийни оз ёзайлуқ. Барча илму фан истилоҳ луғатлариға туркчадан муқобил охтариб вақтни зое этмайлук”. Бугунги глобаллашган ХХИ асрда эса бир-бири билан мулоқотда бўлмаган тил ёки халқнинг ўзи йўқ, тиллараро сўз олиш-бериш анча фаоллашган ва бу одатий ҳол тусини олиб бўлган. Тилимизга кириб, ўзлашган, луғатимиз таркибидан жой олиб улгурган ҳар қандай чет сўзга муқобил излайвериш, ўринли-ўринсиз уни алмаштириш пайидан бўлавериш фойдали юмуш эмас.

Кўҳна ва донишманд Шарқ одамларида, хусусан, бизнинг аллома боболаримизда кўп тилни билиш бениҳоя мўътабар фазилат ҳисобланган ва ана шу фазилат соҳиблари бўлганликлари боис ҳам улар жаҳон илм-фани ҳамда адабиётида муҳташам ва муҳтарам ўринларни эгаллаган. Ҳатто ХИИИ асрда яшаган тарихчи Ибн Халликоннинг кўрсатишича, буюк олим Абу Наср Форобий ўз она тили — туркий тилдан ташқари етмишдан ортиқ тилларни билган. Бу ҳақдаги ривоятлардан бирида айтилишича, бир куни Дамашқ ҳокими ҳузуридаги олимлар йиғинига Форобий ҳам келиб қолади. Ўз тахтида ўтирган ҳоким Сайфутдавла Форобийни ўтиришга таклиф этади. Форобий: “Ўзимнинг мартабамга қараб ўтирайми ёки сизнинг мартабангизга қараб ўтирайми?” деб сўрайди. Ҳоким: “Ўзингнинг мартабангга қараб ўтир”, деб жавоб беради. Олим тўппа-тўғри ҳокимнинг тахти ёнига бориб ўтиради. Бундан ғазабланган ҳоким кўпчиликка номаълум бўлган бир тилда соқчисига: “Бу одобсизлик қилди, ахлоқсизлиги учун уни кетаётганида жазоланглар!”  дейди. Шунда Форобий: “Мен ҳеч қандай гуноҳ қилганим йўқку, нима учун мени жазолайсиз?” деб сўрайди. Ҳайратга тушган ҳокимнинг “Бу тилни халқ орасида ҳеч ким билмас эди, сен қаердан ўргангансан?” деган саволига Форобий: “Мен кўп тилларни ўрганганман”, деб жавоб беради. “Иккинчи муаллим”ни таниб қолган ҳоким олимдан узр сўрайди.

Юртимизда кўп тилни билиш, кўп тилни ўрганишга ҳаракат қилиш азалдан анъана тусини олган. Бу анъананинг мамлакатимизда бардавом бўлишини таъминлаш борасида давлатимиз раҳбари доимий равишда ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда. Президентимиз ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Биз ёшларимизнинг жаҳон тилларини эгаллашга бўлган улкан қизиқиш ва интилишларини ҳар доим қўллаб-қувватлаймиз”, деб таъкидлар экан, ХХ аср бошида олти тилли — ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларида луғат тузган маърифатпарвар Ишоқхон Ибратнинг қуйидаги сўзларини эслатади: “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал

қандай ўзлашмага ғашлик билан қаралади, ҳар қандай ўзлашмани эски туркий тилга оид сўз билан алмаштириш тавсия қилинади. Ҳолбуки, Ер юзидаги 6909 та тилдан (ЮНEСКОнинг 2012 йилдаги маълумоти) луғат бойлигида ўзлашмалар тамоман йўқ бўлган бирорта тил мавжуд эмас. Ҳатто энг йирик ва ривожланган деб ҳисобланган тилларда ўзлашмалар анчайин катта миқдорни ташкил этади. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан 1915 йилда айтилган қуйидаги фикрларнинг нечоғли асосли эканлигига диққат қилинг: “...Ming йил аввалги тилға қайтмоқ қонуни табиатға мухолифдур. Чунки мозийға ружуʼ мумкин йўқ. Бегона тилдан сўз олмоқдан қутулган тил йўқдур. Англисчани арабчадан сўнгра энг бой тил дерлар. Ма фиҳи (шунга қарамасдан), ўн минглар ила бегона луғатларни мажбуран олганлигини ёзарлар. Хулоса фикримиз шуки, ялғуз туркча сўйламак ва ёзмоқ абадан мумкин йўқ. Бақадри имкон арабий ва форсийни оз ёзайлуқ. Барча илму фан истилоҳ луғатлариға туркчадан муқобил охтариб вақтни зое этмайлук”. Бугунги глобаллашган ХХИ асрда эса бир-бири билан мулоқотда бўлмаган тил ёки халқнинг ўзи йўқ, тиллараро сўз олиш-бериш анча фаоллашган ва бу одатий ҳол тусини олиб бўлган. Тилимизга кириб, ўзлашган, луғатимиз таркибидан жой олиб улгурган ҳар қандай чет сўзга муқобил излайвериш, ўринли-ўринсиз уни алмаштириш пайидан бўлавериш фойдали юмуш эмас.

Кўҳна ва донишманд Шарқ одамларида, хусусан, бизнинг аллома боболаримизда кўп тилни билиш бениҳоя мўътабар фазилат ҳисобланган ва ана шу фазилат соҳиблари бўлганликлари боис ҳам улар жаҳон илм-фани ҳамда адабиётида муҳташам ва муҳтарам ўринларни эгаллаган. Ҳатто ХИИИ асрда яшаган тарихчи Ибн Халликоннинг кўрсатишича, буюк олим Абу Наср Форобий ўз она тили — туркий тилдан ташқари етмишдан ортиқ тилларни билган. Бу ҳақдаги ривоятлардан бирида айтилишича, бир куни Дамашқ ҳокими ҳузуридаги олимлар йиғинига Форобий ҳам келиб қолади. Ўз тахтида ўтирган ҳоким Сайфутдавла Форобийни ўтиришга таклиф этади. Форобий: “Ўзимнинг мартабамга қараб ўтирайми ёки сизнинг мартабангизга қараб ўтирайми?” деб сўрайди. Ҳоким: “Ўзингнинг мартабангга қараб ўтир”, деб жавоб беради. Олим тўппа-тўғри ҳокимнинг тахти ёнига бориб ўтиради. Бундан ғазабланган ҳоким кўпчиликка номаълум бўлган бир тилда соқчисига: “Бу одобсизлик қилди, ахлоқсизлиги учун уни кетаётганида жазоланглар!”  дейди. Шунда Форобий: “Мен ҳеч қандай гуноҳ қилганим йўқку, нима учун мени жазолайсиз?” деб сўрайди. Ҳайратга тушган ҳокимнинг “Бу тилни халқ орасида ҳеч ким билмас эди, сен қаердан ўргангансан?” деган саволига Форобий: “Мен кўп тилларни ўрганганман”, деб жавоб беради. “Иккинчи муаллим”ни таниб қолган ҳоким олимдан узр сўрайди.

Юртимизда кўп тилни билиш, кўп тилни ўрганишга ҳаракат қилиш азалдан анъана тусини олган. Бу анъананинг мамлакатимизда бардавом бўлишини таъминлаш борасида давлатимиз раҳбари доимий равишда ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда. Президентимиз ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Биз ёшларимизнинг жаҳон тилларини эгаллашга бўлган улкан қизиқиш ва интилишларини ҳар доим қўллаб-қувватлаймиз”, деб таъкидлар экан, ХХ аср бошида олти тилли — ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларида луғат тузган маърифатпарвар Ишоқхон Ибратнинг қуйидаги сўзларини эслатади: “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат — бу ватаний ишдир”. Шубҳасизки, одам ҳар қанча кўп тилни билмасин, унинг тамомила ва том маънода ўзиники бўлган тили фақат битта бўлади, албатта, бу унинг ўз она тилидир. Шунинг учун ҳам бошқа тилларни ўрганишда она тили орқали у тиллар оламига кириш ақл ва мантиқнинг йўриғидир. Она тилидаги собитлик — миллий тафаккур ўзанини саломат сақлайди.

Яна шуни ҳам таъкидламоқ жоизки, халқимизда “Ўз қадрини билмаган ўзганинг қадрини билмас” тарзидаги бикир бир ҳикмат бор, шу ҳикмат таъбири доирасида атоқли ўзбек шоири Эркин Воҳидов ўзининг “Сўз латофати” номли латиф китобида қуйидаги ҳаққоний гапларни айтган: “Биз ўз она тилимиз қадрига етсак, араб тилининг бойлиги ва мукаммал қурилишини қадрлаймиз, форс тилининг нафосати ва гўзаллигидан баҳра оламиз, инглиз, рус тилларининг қудратини ҳис қиламиз. Уларни чуқур ўргансак, рақобат тўла бу оламда бамайлихотир қадам ташлаймиз”.

Интиҳосиз ифтихор билан айтиш жоизки, ўзбек тили бу курраи заминдаги энг қадимий ва бой тиллардан биридир. Бу тилда бугун эллик миллионга яқин кишилар сўзлашмоқда, бу тилнинг чин муҳиблари сони ортиб бормоқда. Кўплаб турли хорижий мамлакатларда ўзбек тилини катта иштиёқ билан ўрганишмоқда. Мамлакатимизда миллат ва халқ ҳамиятининг мунтазам ҳимоятини елкалаган “Давлат тили ҳақида”ги Қонунимизга мувофиқ тарзда шаклланган холис тил сиёсати боис ўзбек тили ҳамда бошқа тиллар эркин ривож ва такомил йўлидан бормоқда.

Ўзбекистон мустақил давлат сифатида ўзининг озод ва обод сўзи билан, бу сўзга монанд кўламли фаолияти билан ўзлигини дунёга намойиш этаётир.

Низомиддин МАҲМУДОВ,

ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори

институти директори, филология фанлари доктори, профессор.

ДамашҚда машҚ

“Девону луғотит турк”да эдгу деб битилган, яхшиликни англатувчи бу асл туркий сўз бугунги адабий тилимизда эзгу шаклида қўлланилади. Бамисоли арабча дарбни зарб, даифни заиф деб айтганимиз каби. Тил тараққий этгани сари қаттиқ товушлар юмшоқлари билан алмашиб боради, чоғи, қадимги одоқ сўзи оёқ, адиқ сўзи айиқ бўлди. Усмонли турк тилида қаттиқ қ товуши йўқолиб бўлган.

Эзгуга айланган эдгу сўзидан бора-бора жўн халқ тилида з ҳам тушиб қолди. Эгиликнинг кечи йўқ, дейдиган бўлдик. Дарҳақиқат, яхшиликнинг кечи йўқ.

Турк қардошларимиз талаффузни енгиллаштиришда биздан ҳам ўзиб кетдилар. Улар эдгу ҳам, эзгу ҳам, эги ҳам деб ўтирмай ийи дедилар-қўйдилар. Яхши сўзи турк тилида ийи бўлди.

Агар тилни муайян халқнинг жамоавий интеллектуал мулки десак, сўзларни бузиш, қисқартириш, ҳар қандай ўзгартириш қатъий тақиқланиши керак эди. Лекин тил тўғрисида халқаро битим йўқ. Халқлар бир-биридан сўз ва атамаларни ҳеч бир ижозатсиз оладилар, ўзларига мослаб истаган шаклга соладилар, хоҳлаган маънони юклайдилар, таниб бўлмас ҳолга келтирадилар.

Ривоят қиладиларки, Мирзо Бедил кўчада кетатуриб ўз байтларини бузиб, хиргойи қилаётган деворзан ёнида тўхтабди ва индамай унинг терган ғиштларини йиқитаверибди. Ҳай-ҳайлаб дод солган деворзанга қараб шоир шундай дебди: “Мен фақат деворингни буздим, сен шеъримни бузиб, менинг хонумонимни вайрон қилдинг. Ким кўпроқ фарёд кўтариши керак, сенми ё менми?”

Деворзан тавба қилиб узр сўраган экан.

Ажабо, шеърнинг эгаси бор, лекин сўзнинг эгаси йўқ. У бамисоли чарақлаган юлдуз, оқиб ётган дарё, эсиб турган шамол каби ҳамманики.

Ҳеч ким ҳеч кимга, ҳеч бир халқ бошқа ҳеч бир халққа, менинг сўзимни олдинг, ўзгартирдинг, буздинг, дея даъво қилмайди.

 

                                                             Эркин Воҳидов,

                                                                  “Сўз латофати” китобидан

ДамашҚда машҚ  

Руслар фиръавнни фараон, Бобилни Вавилон, Сурияни Сирия деб айтсалар, бизнинг исмларимизни Кадыр, Таджи, Гулям деб талаффуз қилсалар, ёки инглизлар Россияни Раша десалар, биров: “Ҳай, нима қиляпсан”, – демайди. Чунки бу ҳол кўпга келган тўй. Ўзимиз ҳам талай хорижий сўзларнинг додини берганмиз.

Дамашқда бир араб шоирига Алишер Навоий девонларидан бирининг номи “Бадойи ул-васат” деб тушунтиролмадим. Араб тилида бунақа сўз йўқ, деб туриб олди. Ҳар қанча уринмай уқтириб бўлмади. Жаҳлим чиқиб, ичимда: “эҳ, ўзининг тилини билмаган араб”, – дедим.

Бу баҳсни узоқдан эшитиб турган бошқа араб ёнимизга келди-да, мендан сўради: – Балки “Бадоиул” эмас, “Бадоиъул васат”дир?

У сўз ўртасидаги айн товушини чуқур бўғиздан чиқариб, шундай ғайритабиий овоз билан айтдики, мен бунақа товушни ҳеч қачон ўхшата олмасман.

– Худди шундай, – дедим қувониб, – фақат бундай талаффуз қилиш учун араб бўлиб туғилиш керак экан.

Ўша куни ўзининг тилини билмаган араб, деб ичимда айтган гапимни яна ичимда қайтиб олдим.

Биз меҳмон бўлган Сурия арабларининг катта қисми христиан динида. Халафдан қайтишда йўл четидаги насронийлар мозорида тўхтаб ўтдик. Мармар лавҳаларга арабча хат ўйилган, устида хоч – крест ўрнатилган эди.

Араб ёзуви бизнинг онгимизга Қуръони карим хати, ислом белгиси бўлиб жойлашгани учун бу манзара менга ажабтовур бўлиб кўринди.

Мени ажаблантирган яна бир нарса шу бўлдики, араб адиблари грамматика, яъни сарф-у наҳв устида тортишиб қолсалар, Замахшарийни “қози” қилар эканлар. Замахшарий бундоқ ёзган, дейилса, тамом, баҳс тугар, эътирозга ўрин қолмас экан. Менинг бу икки ҳайратим ифодаси Дамашқда бир тўртлик қоғозга тушган эди. Ён дафтарда қолган ўша машқ будир:

 

Замахшарий бобом сарф-у наҳв битиб,

Араб ўз тилини ўрганиб олмиш.

Дунёнинг ярмини мусулмон этиб,

Бу эл ўзи ярми насроний қолмиш.

Эркин Воҳидов,

                                                                  “Сўз латофати” китобидан

ҚОРА  ЁҒ  ВА  ЕРМОЙИ

Бугунги кунга келиб нефтни “қора ёғ” деб айтсангиз камдан-кам одам тушунади. Ҳолбуки, кўҳна манбаларнинг гувоҳлик беришича, гарчи нефть туркий сўз бўлса-да, тилимизда қадимдан “қора ёғ”, “қора мой” деб ҳам айтилган. Болалигимда мен бу сўзларга тез-тез дуч келганман. Қишлоғимиздан саккиз чақирим нарида Какайди посёлкаси (шаҳар типидаги қишлоқ)нинг юқори томонида Бобтоққа туташиб кетган адирларда нефт қудуқлари бўларди. Шу еда бурғилаш машиналари ишлаб ётарди. Бу жойнинг номини одамлар ўзларича “Қорамой” деб қўйиб олишганди. Бу ердан шифобахш қорамойли шўрсув чиқар, одамлар унга чўмилгани боришарди. Шу тарафларга бормоқчи бўлганлар “Қорамойга бориб келамиз” дейишарди.

Мен болалигимда ермойи деб танишган нарсамнинг иккинчи юнонча отини кейинроқ билиб қолдим. Керосин экан. Юнон тилида “keros” – “мум” маъносини англатаркан. Керосинни “ер мойи” деб айтиш ҳозир ҳам баъзи шеваларимизда сақланиб қолган. “Ер мойи” деган сўзда образ бор. Табиат билан ҳисоблашиш ва боғланиш бор. Сигир мойи саримой бўлганидай Ернинг мойи қорамой бўлар экан-да.

“ҚУМҒОН”даги  “ҚИМИЗ”  ва  “ҚИМРОН”

Тарихимизда ўчоқда чой қайнатиш учун кўзача шаклида ясалган идиш “қумғон” деб аталган. “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да изоҳланишича, “қумғон” сўзи таркибидаги “қум” сўзи “тўлқинлан”, “қайна”, “чайқал” деган мазмунни ифодалаган.

У ҳолда “қумғон” сўзига бия сутидан ачитиш йўли билан тайёрланадиган шифобахш ичимлик маъносидаги “қимиз” сўзининг нима алоқаси бор дейишингиз мумкин. Бу сўзлар бир дарахтнинг шохобчаларидай гап. “Қимиз” сўзининг ўзаги ҳам “тўлқинлан”, “қайна”, “чайқал” маъносидаги “қум” сўзидир. Туя сутидан тайёрланадиган ичимликнинг номини билдирган “қимрон” сўзи ҳам “қимиз” ва “қумғон”га уйқаш. Бу сўзнинг илдизида ҳам “қум” сўзи бор.

Маҳмуд Кошғарий изоҳига кўра, “қум” сўзи “сув тўлқини” маъносини билдирган. Кошғарий “тўлқинланди”, “ҳаяжонланди” мазмунини ифодалаган “қумишди” деган феълни ҳам келтириб ўтган. Одатда, қимиз ҳам қимрон ҳам мешда қайта-қайта чайқалтирилиб пишитилган. Тилимизда “хом сув” ва “пишган сув” деган иборалар бор. Халқимиз чўққилардан тоғу тошларга урилиб, чайқалиб, тўлқинланиб тушиб келаётган сувни “пишган сув”, турғун сувни “хом сув” деб атаган. “Сув етти думаласа тоза бўлади” деган ибора ҳам шунга яқин маънода. От ва туя сути мешда чайқалтирилганда тез етилади, бу гўё пишган сувга ўхшайди. Сигир ё эчки сутини бундай пишитиш қийин. Буни чорвадорлар туя ва отнинг янтоқ,тикан, беда ажриқ каби пишиқ гиёҳларни ейиши билан боғлайдилар. Қимиз ҳам қимрон ҳам қадимдан мешда сақланган ва қайта-қайта чайқалтириб турилган. Гап шундаки, сарка (эчки) терисидан қилинган меш ва махсус лойдан қилинган кўзанинг ичимликни салқин сақлаш хусусияти бўлган. Эчки териси ҳам, кўзанинг махсус лойи ҳам атрофдаги совуқ ва салқинни сўриб олиш хусусиятига эга. Шунинг учун мутахассислар ёз ойларида эчки терисидан қилинган пойабзални кийишни тавсия этадилар.

Мен туя сутини ичиб катта бўлганлардан туя сути соғилган вақтида ҳам салқингина бўлиши ҳақида эшитганман. Бошқа жониворларда ҳозир соғилган сут илиқ бўлади. Қимиз – иссиқлик, қимрон – совуқлик саналади. Туя сутининг совуқлиги ҳам унинг ўркачи билан боғлиқ.

 Чунки, туя ўркачи туя танасини совутиб турувчи совутгичдай гап.
Туянинг ачитилган сутини “қимрон”, ачитилмаган сутини “шубат” дейишар экан. Қарангки, биттагина “қум” сўзи атрофида шунча гап бор.

“ҒАЛАДОН”ДАГИ  ҒАЛЛА

ҒАЛАДОН – Биз одатда стол, жавон ва шу кабиларнинг нарса солиб қўйиладиган тортмасини “ғаладон” деб атаймиз. Баъзан пул ёки майда буюмлар сақлаш учун хизмат қиладиган қутичани ҳам шу сўз билан ифодалаймиз.

“Ғаладон” сўзининг туб илдизи аслида “ғалла идиши”, “дон сақланадиган жой” деган маъноларни англатган. (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”)
Қизиғ-а, столингизнинг ғаладонини икки юз марта тортиб кўрганда, ҳеч бўлмаса, бир мартагина нима учун унинг “ғаладон” деб аталиши ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Ўйлаб кўриш керак-да. Шунда жилла қурса, бу сўзнинг “ғалла” ва “дон”га яқинлигини сезиб қолардингиз ва бирдан ажабланиб кетардингиз.

“ОЛЧОҚ”  СЎЗИНИНГ  ИККИ  МАЪНОСИ

“АЛЧАҚ” – (ОЛЧОҚ) – Бугунги кунда ўта салбий маънода ишлатиладиган бу сўзнинг ўтмишдаги туб маъниси Кошғарий Девонидаги изоҳга кўра, “юмшоқ табиатли”, “ювош”, “заиф”, “нозик” маъноларини билдирган. Балки, қўрқоқлик, ожизлик, мумсиклик каби иллатлар бу сўзнинг салбий тус олишига сабаб бўлгандир. Чунки, заифлик бор жойда бу каби иллатлар ҳам бўлган. Ёхуд заиф эркакларга нисбатан “олчоқ” сўзини ишлатишган бўлишлари ҳам мумкин. Чунки, қадимги туркийлар эркак кишининг “юмшоқ табиатли”, “ювош”, “заиф”, “нозик” бўлишини сира ёқтиришмаган. Лекин тарихда бу сўзнинг ижобий маънода қўлланган ўринлари ҳам жуда кўп. Аниқроғи, қадимги адабиётларимизда алчақлик юксак фазилат сифатида улуғланган ўринлар ҳам бор. Нега бундай? Нимага битта сўз икки қутбда ҳам кўриниш беряпти? Ёки улар бор-йўғи шунчаки шаклдош сўзларми? Қолаверса, “алчақ” рус тилидаги очкўзлик маъносидаги “алчность” сўзига ҳам шаклан яқин. (Бу бошқа мавзу).

Айни шу ўринда бошқа бир вариант юзага қалқиб чиқади. Қадимги туркий тилда “алчы” деган сўз “ҳийлакор”, “маккор”, “айёр” деган маъноларни билдирган. “Девону луғотит-турк”да “ал” сўзи ҳийла, фириб, тадбир маъноларини англатиши айтиб ўтилган. Севортян, Будагов луғатларида “ал” шу маънода келади. Демак, “алдамоқ” феълининг туб илдизи айни шу “ал” сўзига бориб тақалади. Биз билган салбий маънодаги “алчақ”(“олчоқ”) сўзи ҳийла ва фириб маъносидаги “ал” сўзидан келиб чиққан.

РАНГИ  ҚУВ  ЎЧДИ

Бир қарашда бу ибора бизга ҳар жиҳатдан тушунарлидай ва уни изоҳлаб ўтиришга ҳожат йўқдай туюлади. Бироқ бу иборадаги “қув” сўзи қандай маънони англатади? Бизга “қув” сўзининг “айёр” деган маъноси маълум. Лекин бу иборада “қув” “айёр” маъносида келса, асло мантиққа тўғри бўлмайди. Яъни, “ранги айёр ўчди” дейиш бемаънилик бўлади. Маълумки, халқ ибораларида сўзлар қаттиқ михланади.

“Туркий тиллар этимологик луғати”да “қув” сўзи “оқ-сариқ” деган маънони англатиши таъкидланган. Бошқа манбалардаги изоҳларда ҳам бу сўз шу маънога яқин шаклда шарҳланган. Қумиқлар ва қирғизлар тилида “қув” – “оқ” деган, хакаслар тилида эса, “рангсиз” деган мазмунни билдиради. Шунингдек, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да оққушнинг ҳам “қув” деб аталиши кўрсатиб ўтилган. Тилимизда “Қув қув билан учади, ғоз ғоз билан кўчади” деган мақол бор. Бу ҳам “қув” сўзининг оқ рангни ифодалашини далиллайди

 

Эшқобил Шукур,

“Бобо Сўз изидан” китобидан

58359 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech