Ру Ўз O'z En

Агентлик директорининг мурожаати

Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг

Давактив агентлиги жамоасига

МУРОЖААТИ

 

Бугунги кунда Республикамизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантирадиган махсус ваколатли давлат органи ташкил этилгани коррупцияга қарши курашни янги босқичга олиб чиқиш вақти етганини кўрсатди.

Давлатимиз раҳбари ҳам мазкур масалага алоҳида урғу бериб, жамиятни «ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш» зарурияти ҳақидаги фикрлари бу борадаги ишларга қўйилган тамал тоши десак ҳам бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тизимда коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ фаолиятни такомиллаштириш учун комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Давлат Раҳбарининг коррупцияга қарши курашга доир ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, бу иллатнинг олдини олиш ва профилактика қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, коррупция хавфини баҳолаш, ходимларни коррупцияга қарши курашишга ўргатиш ва уларнинг малакасини ошириш, бунинг учун самарали ички назорат, хусусан, аҳоли ва ходимларга коррупцияга оид масалалар, Давактив агентлиги томонидан кўрсатиладиган хизматлар бўйича автоматлаштирилган ечимлар ва бошқа чора-тадбирлар юзасидан мурожаат қилиш тизими жорий этилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг асосий фаолиятининг йўналишлари – хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш, чет элдаги активларни бошқариш, давлат активларини сотиш ва ижарага бериш, хўжалик жамиятларида корпоратив бошқарувни жорий этиш, банкротлик, иқтисодий ночор хўжалик жамиятларини молиявий соғломлаштириш ҳисобланади. Ушбу йўналишларда коррупциявий ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ва уларни содир этишга йўл қўймаслик, коррупциявий хавф-хатарларга кўмаклашувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган превентив чора-тадбирларни амалга оширишни ўзимизга устувор вазифа қилиб олишимиз даркор.

Бунда ватанпарварлик, содиқлик ва масъулиятни фаолиятнинг асосий тамойилига айлантирган ҳолда, Давактив агентлигининг ҳар бир ходими жамоамиз олдига қўйилган вазифаларни виждонан, холис ва юқори савияда амалга ошириши лозим.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, коррупция холатлари билан боғлиқ аризалар ёки шикоятлар, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар бўлган ҳар бир ходимни Давактив агентлигининг алоқа каналлари орқали хабар беришга чақирамиз.

Халқимиз хизматида эканмиз, ҳалолликни, ошкораликни ҳамда коррупцияга қарши мутлақо тоқатсизликни намойиш этишга тайёрмиз.

Акмалхон Ортиқов

16522 Чоп этиш