Олий таълимдан кейинги таълим институтига қабул тўғрисида эълон
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Хусусийлаштириш ва давлат активларини бошқариш муаммоларини тадқиқ этиш маркази иқтисодиёт фанлари ихтисосликлари (08.00.07 – “Молия, пул муомаласи ва кредит” ҳамда 08.00.13 – “Менежмент”) бўйича мустақил изланувчилик шаклидаги (PhD ва DSc) олий таълимдан кейинги таълим институтига (3 йилга) қабул эълон қилади.
Мустақил изланувчиликка талабгорлар Олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштирувнинг Ягона электрон тизими (http://daraja.ilmiy.uz) орқали рўйхатдан ўтгач, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Хусусийлаштириш ва давлат активларини бошқариш муаммоларини тадқиқ этиш марказига 2025 йилнинг 15 октябрдан 15 ноябрь кунига қадар барча зарурий ҳужжатларни PDF шаклида таёрлаб, ўрнатилган тартибда тақдим этишлари талаб этилади.
Олий таълимдан кейинги таълим институтига қабул тўғрисидаги батафсил маълумотни Тадқиқотлар марказининг веб-сайтидан ҳавола орқали олишингиз мумкин.
Европа илмий муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, шартномалар имзоланди
Марказ директорининг ўринбосари, Жаҳон банкининг «Strategic and Institutional Modernization of the UzSAMA Research Center towards Enhancing Capabilities and Improving Performance of Research Activity (SAMARA)» лойиҳаси менежери З.А.Ашуров музокаралар ўтказиш, ҳамкорлик истиқболлари ва йўналишларини муҳокама қилиш, шунингдек, Европа илмий муассасалари билан турдош йўналишларда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш мақсадида 2025 йил 27 сентябрдан 9 октябргача амалий ташриф билан Германияда бўлди. Ташриф давомида З.А.Ашуров:
- Берлиндаги «Deutsche Forschungsgemeinschaft (DFG)» Германия тадқиқот жамғармасининг МДҲ мамлакатлари бўйича масъул ходими билан халқаро молиялаштириш ва тадқиқот грантлари учун ариза бериш имкониятлари ҳақидаги масалалар юзасидан музокаралар олиб борди;
- Германия Молия вазирлиги томонидан молиялаштириладиган Берлиндаги «German Economic Team» институтининг Ўзбекистон бўйича лойиҳа менежери Woldemar Walter, Грузия бўйича лойиҳа менежери Sebastian Staske ва маслаҳатчи Jost de Jager билан учрашув натижасида икки томонлама Ҳамкорлик битими имзоланди;
- Бремерхафен амалий фанлар университети ректори проф. Alexis Papathanassis ҳамда «Менежмент ва ахборот технологиялари» факультети декани Gerhard Feldmeier билан келгусида ташкилотлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди;
- Бремен амалий фанлар университети профессори Mayank Golpelwar билан келгусида ташкилотлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди;
- Шарқий ва Жануби-Шарқий Европа тадқиқотлари институти директори проф. Ulf Brunnbauer ва унинг ўринбосари проф. Arevik Gnutzmann-Mkrtchyan билан учрашув натижасида Ҳамкорлик тўғрисида икки томонлама битим имзоланди.
Европа илмий ташкилотлари билан ҳамкорлик тўғрисидаги битимларнинг имзоланиши:
- Марказнинг халқаро майдондаги илмий нуфузи ва обрўсини мустаҳкамлаш;
- Марказнинг хусусийлаштириш, давлат активларини бошқариш ва бозор институтларини ривожлантириш соҳасида тадқиқотлар бўйича асосий институт сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш;
- Марказнинг халқаро илмий тармоқлар ва эксперт майдончаларига интеграциялашувига кўмаклашиш имконини беради;
- юқори рейтингли илмий нашрларда қўшма мақолалар чоп этиш учун шарт-шароит яратади, бу эса ўз навбатида Марказнинг ҳам миллий, ҳам халқаро миқёсдаги рейтинги ошишига ижобий таъсир кўрсатади.
“INNOWEEK-2025” Халқаро инновацион ғоялар ҳафталигидаги иштирок
Хусусийлаштириш ва давлат активларини бошқариш муаммоларини тадқиқ этиш маркази 2025 йил 9-11 октябрь кунлари CAEx кўргазмалар мажмуасида бўлиб ўтган “INNOWEEK-2025” Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги тадбирларида иштирок этди.
INNOWEEK-2025 кўргазмаси доирасида Марказ меҳмонларга ўзининг инновацион ишланмаси – Ўзбекистон кўчмас мулк бозорининг мултилистинг тизимини (МЛТ) тақдим этди. Тадбирда ушбу тизимнинг кўчмас мулк бозорини рақамли ўзгартириш имкониятлари ва салоҳиятини намойиш этилди. INNOWEEK-2025 даги иштирок Марказнинг илмий ва инновацион тадқиқотлари натижаларини кенг аудиторияга тақдим этиш ҳамда Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг инновацион экотизим вакиллари билан тажриба алмашиш учун муҳим имконият бўлди.
Тақдим этилган ишланма – Мултилистинг тизими (МЛТ) кўргазмага ташриф буюрувчилар ва экспертлар томонидан юқори баҳоланди. Улар мазкур тизимнинг долзарблигини, бундаги инновацион ёндашувни ва унинг кўчмас мулк бозорини ривожлантириш учун муҳимлигини таъкидладилар.
«Миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва барқарор ривожлантириш истиқболлари» мавзусидаги Республика илмий-амалий конференцияси
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузуридаги «Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари» илмий-тадқиқот марказида 2010 йил 10 октябрда «Миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва барқарор ривожлантириш истиқболлари» мавзуида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тадқиқотлар маркази директори, и.ф.д., проф. И.Л. Бутиков «Иқтисодий категориялар тизимида қимматли қоғозлар бозори» мавзусида илмий маъруза қилди. Конференция ишида мамлакатимизнинг етакчи олий ўқув юртлари ва илмий ташкилотлари вакиллари, Ўзбекистоннинг таниқли олимлари – и.ф.д., проф. Г.К.Абдурахманова, и.ф.д., проф. Б.Н.Умурзаков, и.ф.д., проф. М.Б.Хамидулин, и.ф.д., проф. М.С.Касимов, и.ф.д., проф. С.А.Воронин, и.ф.д., проф. А.С.Усманов ва бошқалар иштирок этдилар ва маъруза қилдилар.
«Тошкент» Республика фонд биржаси томонидан устозларни табриклашга бағишланган тадбир ўтказилди
«Тошкент» Республика фонд биржасида 30 сентябрь куни устозларни табриклашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Улар орасида фонд биржасининг биринчи раиси, и.ф.д., проф. Бутиков Игорь Леонидович, биржанинг биринчи бош маклери Жўраев Валерий Дадажонович ва бошқалар бор. Устозларга ташаккурномалар топширилди, биржанинг ёш мутахассислари учун биржанинг ташкил этилиши тарихи бўйича маҳорат дарси ташкил этилди.
Марказда навбатдаги илмий семинар ташкил этилди
Марказ томонидан 2025 йил 25 сентябрда Мулкчилик ва бозор муносабатлари ривожланишини таҳлил қилиш ва моделлаштириш илмий лабораторияси доирасида навбатдаги илмий семинар ташкил этилди. Унда катта илмий ходим Т.А.Қодиров 2025 йилнинг III чорагида амалга оширилган тадқиқот натижалари бўйича «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳолатини таҳлил қилиш ва ушбу жараённи янада фаоллаштириш бўйича таклифлар» мавзусида, кичик илмий ходим Б.Ш.Усманов 2025 йилнинг III чорагида амалга оширилган тадқиқот натижалари бўйича «Муниципал мулкни бошқариш механизмини такомиллаштириш муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари» мавзусида маъруза қилишди (рус тилида).
Тадқиқотлар маркази томонидан халқаро симпозиум ташкил этилди
2025 йил 19 сентябрь куни Hilton Tashkent City меҳмонхонасининг анжуманлар залида «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳасидаги илғор тадқиқотлар» мавзусида халқаро симпозиум бўлиб ўтди. Симпозиум Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Хусусийлаштириш ва давлат активларини бошқариш муаммоларини тадқиқ этиш маркази томонидан ташкил этилди. Тадбир Жаҳон банкининг «Strategic and Institutional Modernization of the UzSAMA Research Center towards Enhancing Capabilities and Improving Performance of Research Activity (SAMARA)» лойиҳаси доирасида ўтказилди.
Симпозиумда Ўзбекистон, Германия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Польша, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлардан келган 100 дан ортиқ етакчи олимлар, профессорлар ва амалий соҳа вакиллари иштирок этишди. Тадбир доирасида иқтисодий тараққиёт, барқарор ривожланиш, бизнес жараёнларини трансформациялаш, инновацион бошқарув ва инвестиция стратегиялари соҳасидаги энг сўнгги тадқиқотлар ва замонавий концепциялар кўриб чиқилди.
Замонавий иқтисодий тадқиқотларда таҳлилий воситалар ва методологияни ривожлантириш, шунингдек, фаннинг иқтисодиётни модернизация қилишдаги ролига алоҳида эътибор қаратилди. Профессор Герхарт Фельдмайер Ўзбекистоннинг тараққиётга интилаётганини таъкидлади, халқаро маслаҳатчи Вольфганг Лукас эса глобал савдо ва инвестициявий алоқаларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Симпозиум якунида иқтисодиётни ривожлантириш ва халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга туртки бўладиган илмий тўплам нашр этилади. Симпозиум тажриба алмашиш, янги ғоялар яратиш ва барқарор ўсиш стратегияларини ишлаб чиқиш учун муҳим майдонга айланди.
Тадқиқотлар маркази республика илмий-тадқиқот институтлари ичида кучли 10 таликдан жой олди
Хусусийлаштириш ва давлат активларини бошқариш муаммоларини тадқиқ этиш Маркази “Science and Innovation” халқаро илмий журнали ва “UzReportTV” ахборот агентлиги томонидан ҳар йили ўтказиладиган “Science and Innovation Awards” танловининг “Йилнинг энг яхши илмий тадқиқот институти” номинациясига номзод сифатида иштирок этиб, танловнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтиб, ариза топширган республикадаги 80 та илмий-тадқиқот институтлари ичида кучли 10 таликдан жой олди.
2024 йил 21 декабрда Туркистон санъат саройида бўлиб ўтган “Олимлар байрами”да “Science and Innovation Awards-2024” тақдирлаш маросимида Марказ “Йилнинг энг яхши илмий-тадқиқот институти” танловининг финалисти сифатида республиканинг энг кучли 10 та илмий-тадқиқот институтлари қаторида жой олганлиги учун диплом билан тақдирланди.