Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

06 Март 2024

Фарғона шаҳридаги “Ёшлар кўли” бино-иншоотлари юзасидан Давактив агентлигининг расмий муносабати

Олинган маълумотларга кўра, Фарғона вилояти ҳокимининг 2024 йил 29 январдаги тегишли қарорига асосан Фарғона шаҳар, “Ойбек” МФЙ ҳудудида жойлашган собиқ “Ёшлар кўли” бино-иншоотлари (кейинги ўринларда – объект) Unays building” МЧЖга инвестициявий ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун фойдаланиш ҳуқуқи билан берилганлиги, яъни сотилмаганлиги маълум бўлди.

Мазкур масалага аниқлик киритиш бўйича ўрганишларда ушбу объект Спорт вазирлиги томонидан самарали фойдаланиш учун Фарғона шаҳар ҳокимлиги балансига Фарғона вилоят ҳокимининг 2022 йил 30 декабрдаги қарорига асосан ўтказиб берилганлиги, бироқ ҳокимлик томонидан объектга нисбатан кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолатда, Давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланган тартиб талаблари бажарилмаган.

Хусусан, Қонун талабларига кўра, давлат кўчмас мулк объектларини, идоравий мансублигидан қатъи назар, оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бир давлат муассасаси ёки давлат унитар корхонасидан бошқа давлат муассасаси ёки давлат унитар корхонасига ўтказиш тўғрисида қарор Давактив агентлиги томонидан тегишли давлат органлари билан келишувга кўра қабул қилиниши белгиланган.

Шунга кўра, амалдаги қонунчилик билан белгиланган тартиблар бузилганлиги муносабати билан Давактив агентлиги томонидан:

Спорт вазирлигига объектни Спорт мактаби балансига қайтариб олиш;

Фарғона вилояти ҳокимлигига объектни Фарғона шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказиш ва “Unays building” МЧЖга фойдаланишга бериш тўғрисидаги қарорларни бекор қилиш бўйича жорий йил 6 март куни тегишли кўрсатмалар юборилди. 

Ўз навбатида, Давактив агентлиги томонидан ушбу давлат мулки объектини тегишли Спорт мактаби балансига қайтариш масаласи қатъий назоратга олинишини маълум қиламиз. 

3598 Чоп этиш