Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

25 Май 2020

Агентлик молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларга ўтиш чораларини кўрмоқда

Мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувини таъминлаш ва бу жараённи янада мустаҳкамлашда миллий амалиётни халқаро стандартларга уйғунлаштириш муҳим роль ўйнайди. Айниқса, хорижий инвесторларни иқтисодиётимизга жалб қилиш, уларни зарур ахборот муҳити билан таъминлаш ва халқаро молия бозорларига кириш имкониятларини кенгайтиришда Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари алоҳида ўрин тутади. Шу боисдан Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, бу борадаги вазифалар белгиланган. Жумладан, ушбу ҳужжатларга асосан 17 та корхонанинг 2020 йилда Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС)га ўтиши белгиланган. Айни пайтда ушбу хўжалик юритувчи субъектларда мазкур жараёнга ўтиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Айни пайтда бу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 24 февралдаги “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” ПҚ-4611 сонли қарори асосида 2021 йил 1 январдан бошлаб қолган барча акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар ўзининг бухгалтерия ҳисобини МҲХС асосида юритилишини ташкил этиши ва 2021 йил якунидан бошлаб молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлаши зарур. Ушбу қарорга мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги 2020 йилдан бошлаб ҳар йили юқоридаги тоифага кирмаган давлат улуши бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат корхоналарини аниқлаб, уларда бухгалтерия ҳисобини МҲХС асосида юритиш ва молиявий ҳисоботни тайёрлашга ўтиш жадвалини тасдиқлаши ҳамда ушбу жадвални жорий йилнинг 1 июнига қадар агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилиши лозим.

Маълумот ўрнида таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда 2773 та (253 та АЖ, 979 та МЧЖ ва 1541 та ДУК) давлат иштирокидаги корхона мавжуд. Улардан 247 таси тугатиш жараёнида турибди, 64 таси сотилган, 298 таси фаолият кўрсатмаяпти, 17 тасида юқорида қайд этилганидек, жорий йилдан бошлаб МҲХСга ўтиш жараёни олиб бориляпти,  257 таси эса (тижорат банклари, суғурта ташкилотлари, йирик солиқ тўловчилари ва акциядорлик жамиятлари) 2021 йил бошлаб МҲХСга ўтиши режалаштирилган. Қолган 1 890 та (766 та МЧЖ ва 1124 та ДУК) корхона фаолияти таҳлил қилинган ҳолда улар орасидан 2019 йил якуни бўйича соф тушуми 50,0 млрд. сўмдан ортиқ бўлган 38 та қўшимча равишда (9 та МЧЖ ва 29 та ДУК ) 2021 йилдан бошлаб бухгалтерия ҳисобини МҲХС асосида юритиш ва молиявий ҳисоботни тайёрлаши таклиф этилмоқда.

Умуман олганда бундай корхоналар сонини янада ошириш келгусидаги устувор вазифалар қаторидан ўрин олган. Чунки, МҲХС расмий эълон қилинадиган ҳисоботларда бизнес, бошқарув ва фаолият натижадорлигини объектив ҳамда реал акс эттиришга, бизнеснинг давомийлиги, ривожланиш ва тараққиётнинг муҳим тенденцияларини аниқ кўра билишга имкон беради. Шунингдек, корхоналарни хорижий инвесторларга сотишда енгиллик ва шаффофликни, ташқи молия бозорларидан маблағлар жалб этиш имкониятини яратади.  Бу эса иқтисодиётимизга кириб келадиган ташқи инвестициялар ҳажмини ошириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, салоҳиятли харидорлар   гуруҳини шакллантириш, дунё миқёсида мамлакат нуфузини кўтаришга хизмат қилади.



Бизнинг ижтимоий тармоқлар

TelegramFacebookInstagramYoutube

 

 

102 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech