Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

29 Март 2021

Баҳолаш ва риэлторлик фаолиятларини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг янги босқичи

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги «Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб республикамизда баҳолаш ва риэлторлик фаолиятларини лицензиялаш бекор қилинди.

Бу мамлакатимизда соҳани янада такомиллаштириш ва ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, тадбиркорларга қулайлик яратиш орқали мамлакатимизнинг жаҳон иқтисодий ҳамжамиятига интеграциялашуви ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидаги илдам ҳаракатларнинг натижаси ҳамдир.

Халқаро амалиётга кўра, бу жараёнлар ҳар қандай мамлакатда ишончли ва самарали кечиши учун мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳуқуқий мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш зарур. Бунда қийматни баҳолашнинг ҳам, баҳолаш фаолияти соҳасининг ҳам роли ортади.

Маълумки, кўчмас мулк бозори ҳар қандай мамлакат капитал бозорининг муҳим жиҳатларидан бири бўлиб, у аҳоли бойлигини сақлаб қолиш ва кўпайтиришнинг самарали воситаси ҳисобланади.

Риэлторлик фаолиятининг ўзи ҳам кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган ҳуқуқлар бозорини ҳаракатга келтирадиган механизмдир.

Келинг энди, республикада баҳолаш ва риэлторлик фаолиятлари учун лицензиялашнинг бекор қилиниши қандай амалий аҳамиятга эга экани ҳақида тўхталсак.

Авваламбор, мустақиллик йилларида маҳаллий баҳолаш ва риэлторлик фаолиятлари ҳолати ҳақида қисқача фикр юритсак.

Шуни таъкидлаш жоизки, республикамизда мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база яратилган бўлиб, бу баҳолаш ва риэлторлик соҳаларига ижтимоий-иқтисодий ва бошқа ўзгаришлардан келиб чиқиб, ўзига юклатилган барча вазифаларни бажариш имконини беради.

Ўз навбатида, соҳада Ўзбекистон Республикасининг «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, ҳукуматнинг бир қатор қарорлари қабул қилинди. Халқаро баҳолаш стандартлари билан уйғунлашган ва энг яхши хорижий баҳолаш амалиётларини ўзида мужассам этган ягона миллий баҳолаш стандартлари ишлаб чиқилди. Баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчиларни бирлаштирган профессионал жамоат ташкилотлари ташкил этилди. Қайд этиш жоизки, улар йил сайин ривожланиб бормоқда. Баҳоловчи ҳамжамиятнинг ҳуқуқий онги ривожланиб, мамлакат иқтисодиётидаги ўрни ва кўрсатиладиган хизматлар сифати янада такомиллаштирилмоқда.

Риэлторлик фаолиятида ҳам Ўзбекистон Республикасининг «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, ҳукуматнинг бир қатор қарорлари қабул қилинди.

Риэлторлик хизматларини кўрсатиш бўйича стандартлар ишлаб чиқилди, фаолиятнинг Миллий мультилистинг тизимини яратиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Риэлторлик ташкилотлари ва риэлторларни бирлаштирган профессионал жамоат ташкилоти фаолият олиб бормоқда.

Хориж тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодий ривожланишда баҳолаш ва риэлторлар фаолиятига давлатнинг аралашувини камайтириш орқали соҳани янада ривожлантириш ва тизим ҳамжамиятлар ролини ошириш мумкин.

Бу ерда гап тармоқ фаолиятини ушбу касб вакиллари томонидан тартибга солиниши ҳақида бормоқда. Чунки улар соҳадаги оғриқли нуқталарни ҳаммадан ҳам яхши биладилар ва ўз қарорлари учун жавобгарликни олишга тайёрдирлар. Юқорида тилга олинган Фармон ҳам айнан шунга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Энг, муҳими ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши билан бюрократик тўсиқлар бартараф этилади. Жамоат ташкилотлари ваколатлари ҳамда уларнинг баҳолаш ва риэлторлик фаолиятларини тартибга солишдаги роли ортади.

Хусусан:

▪️ баҳоловчи ва риэлторларнинг профессионал ахлоқ кодексини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

▪️ фаолият қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

▪️ соҳага оид рейтинглар ўтказиш ва натижаларини эълон қилиш;

▪️ ўз аъзолари реестрларини юритиш ва уларни эълон қилиш;

▪️ қонунчилик талаблари нормаларига риоя этилишини назорат қилиш;

▪️ аниқланган қонун бузилишлар учун белгилаган миқдорда жарималар солиш;

▪️ малака сертификатларини бекор қилиш ёки тоифани пасайтириш ҳақида тақдимномалар юбориш;

▪️ ўз аъзоларининг ахборот ва методик таъминотини ташкил қилиш;

▪️ ўз аъзоларига нисбатан сифат назоратини олиб бориш ва унинг натижаларини эълон қилиш;

▪️ фаолият бўйича халқаро ишларда иштирок этиш ва хорижий бозорларда маҳаллий баҳолаш тизимининг нуфузини ошириш;

▪️ малака ошириш тизими мониторингини йўлга қўйиш.

Ундаги яна бир муҳим жиҳат –профессионал жамоат ташкилотларининг ваколат доирасида қабул қилган қарорлари барча аъзолари учун мажбурийдир.

Статистика маълумотларига мурожаат қиладиган бўлсак, баҳолаш ва риэлторлик соҳаларида ўзини-ўзи бошқариш жараёнларини татбиқ этиш ва ривожлантириш учун кенг майдон мавжудлигини кўришимиз мумкин.

Масалан, 2020 йилда баҳолаш хизматларини кўрсатиш бўйича тузилган шартномалар сони пандемияга қарамасдан 79 211тани ташкил қилди, бу эса, 2019 йилга нисбатан бор-йўғи 14 фоизга камдир.

2020 йил учун бажарилган баҳолаш хизматлари ҳажми 59 446 млн. сўмни ташкил қилиб, бу олдинги йилнинг худди шундай кўрсаткичидан атиги 4 фоизга кам.

Риэлторлик хизматларини кўрсатиш бўйича эса, 2020 йилда тузилган шартномалар сони пандемияга қарамасдан 7 769ни ташкил қилди, бу 2019 йилга нисбатан 21 фоизга камдир.

Аммо, 2020 йилда кўрсатилган хизматлар ҳажми 35 268 млн.сўмни ташкил қилиб, бу ўтган йилги кўрсаткичдан икки баровар юқоридир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Фармон билан бугунги кунда баҳолаш ва риэлторлик ҳамжамияти ўз ривожланишининг янги босқичига қадам ташламоқда. Бу баҳолаш ва риэлторлик хизматларига ўз салоҳиятини тўлиқ намойиш қилиш ҳамда республикадаги иқтисодий ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшиш имконини беради.

424 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech