Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда - Давактив агентлиги/Буюртмачи) “Ҳумсон санаторияси” МЧЖдаги 100% улушни ҳамда "Олмос" дам олиш масканини (кейинги ўринларда - Дам олиш масканлари) хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компаниясини (кейинги ўринларда — Консультант) жалб қилиш юзасидан танлов эълон қилади.
Дам олиш масканлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида, Угом тоғ тизимлари ён-бағрида, гўзал ва тенгсиз манзаралар қўйнида, денгиз сатҳидан 1000 метр баландликда, Тошкент шаҳридан 80 км шимоли-шарқда жойлашган.
Консультант Дам олиш масканларининг соҳавий ва индивидуал хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда сотиш жараёнини илғор хорижий тажриба асосида амалга ошириши, шунингдек етакчи бизнес нашрлари орқали маркетинг кампанияларини ташкиллаштириб, соғломлаштириш ва дам олиш масканини бошқаришга ҳамда ривожлантиришга салоҳиятли бўлган инвесторларни жалб этиш чораларини кўриши лозим.
Барча қизиқиш билдирган талабгорлардан 2024 йил 29 август куни соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар қуйидаги Таклиф тақдим этиш учун сўровномага (RfP) асосан тижорат таклифларини тақдим этишлари сўралади.
Консультантлар томонидан Дам олиш масканларини хусусийлаштириш учун зарур бўладиган барча маслаҳатлар ва консультация хизматларини тақдим этилиши кутилади.
Консультантлар талаб этилган иш ҳажмини тўлиқ бажариш учун консорциумга бирикишлари ёки биргаликда қўшма таклифлар тақдим этишлари мумкин.
Агар консорциум томонидан ариза тақдим этилса, консорциум битимини тақдим этилиши сўралади. Агар, биргаликда қўшма тижорат таклифи тақдим этилса, жалб қилинган шерик-консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрсатилиши керак.
Барча манфаатдор томонлар қуйидаги ахборот каналлари орқали тижорат таклифларини тақдим этишлари сўралади (кодланган ҳолда):
Талъат Юлдашевич Самандаров – Давлат активларини хусусийлаштиришга тайёрлаш ва хусусийлаштириш департаменти бошлиғининг ўринбосари;
Телефон: +998-71-259-20-67;
E-mail: tender@davaktiv.uz.
Дисклеймер
Мазкур сўровнома тижорат таклифини тақдим этиш мажбурияти ҳисобланмайди ва Буюртмачига таклифни қабул қилиш ёки шартнома тузиш мажбуриятини юкламайди. Шунга кўра, таклифлар учун ушбу сўровномани эълон қилиш ва/ёки у билан боғлиқ аризаларни олиш, бир ёки бир нечта иштирокчилар билан музокаралар ва муҳокамалар орқали шартнома тузишни назарда тутмайди.
Ушбу ҳужжатда келтирилган материаллар ва маълумотлар лойиҳанинг фақат энг муҳим томонларининг дастлабки хулосаси ва Консультантдан хусусийлаштириш бўйича кутилиши мумкин бўлган ишлар ҳажми тўғрисида умумий маълумот сифатида хизмат қилишига мўлжалланган.
Танлов иштирокчилари танлов жараёни билан боғлиқ ҳолда Буюртмачи учун дастлабки тақдимотлар ва таклифларни тайёрлашнинг ягона чекланган мақсадидан ташқари, ҳеч нарсага таянолмайдилар ва ишонмасликлари шарт.
Бўстонлиқ тумани, "Ҳумсон" қишлоғидаги дам олиш масканларини хусусийлаштириш юзасидан консультантларни жалб қилиш бўйича таклиф тақдим этиш учун сўровнома (RfP)
Кириш
Хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, “Ҳумсон санаторияси” МЧЖдаги 100% улушни ҳамда "Олмос" дам олиш масканини хусусийлаштирилиши белгиланган (кейинги ўринларда — Битим).
Савдо жараёнлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилик талаблари доирасида ҳамда Дам олиш масканларининг соҳавий ва индивидуал хусусиятидан келиб чиқиб, энг яхши хорижий ёки маҳаллий тажриба асосида ташкил этилиши лозим.
Дам олиш масканлари тўғрисида қисқача маълумот:
“Ҳумсон санаторияси” дам олиш маскани:
- Манзили: Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, «Ҳумсон» маҳалласи, Угом кўчаси, 121-уй;
- Умумий майдони: 14,93 га;
- Бино-иншоотлар майдони: 14 971,1 кв.м;
- Мавжуд хоналар сони 253 та.
"Олмос" дам олиш маскани:
- Манзили: Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, «Ҳумсон» маҳалласи, Угом бўйи кўчаси;
- Умумий майдони: 5,0 га;
- Бино-иншоотлар майдони: 1 548 кв.м;
- Мавжуд хоналар сони 216 та.
Консультантлардан кутилаётган таклифлар тузилмаси ва уларга қўйиладиган талаблар
Консультантнинг таклифи (индивидуал ариза берувчи ёки консорциум) ўзбек ёки рус/инглиз тилларида тайёрланиши ҳамда қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:
а) Дам олиш масканларини хусусийлаштириш жараёнини ташкиллаштириш бўйича консультантнинг келгусидаги ҳаракатлар кетма-кетлигини ва иш кўламини ўз ичига олган режаси. Консультантнинг тавсиялари ва таклифларига қисқа вақт ичида тегишли жавоб берилган тақдирда, хусусийлаштириш жараёнининг давомийлиги бўйича хулосаси (10 баллгача);
б) Тижорат таклифи икки қисмдан иборат (50 баллгача):
- Хизмат ҳақининг қатъий қисми ягона рақам шаклида (ҚҚС ва бошқа харажатлар билан бирга) бўлиши ва консультантнинг субъектив тахминларидан ҳоли бўлиши лозим;
- Таклиф этилган ҳақ миқдори ишлаб чиқилган савдо стратегиясига боғлиқ ва Буюртмачи таклифнинг муваффақияти учун (“success fee”) мутаносиб ҳақ тўлашни таъминлайдиган таклифларга устунлик беради;
- Агар хизмат ҳақи нархлар оралиғида берилган бўлса, унда таклифни баҳолаш учун унинг юқори чегараси қабул қилинади. Қўшимча жорий харажатлар (хизмат сафари, таржима ва бошқалар учун) белгиланган қатъий қисмига киритилиши керак;
в) Шу тоифадаги активлар доирасида тузилган битимлар юзасидан консультантларнинг иш тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, 2017 йил 1 январь кунидан бошлаб ҳозирги даврга қадар МДҲ минтақасидаги мандатлар тўғрисида маълумот (20 баллгача);
г) Лойиҳани амалга оширишдан келиб чиқиб, Битимни амалга ошириш юзасидан ишларни ташкил этиш бўйича таклиф. Таклиф этилган Битимга жалб қилинган жамоа ҳақида маълумот, шахсларнинг (жисмоний ва юридик) исмлари ва улар ҳақидаги маълумотлар: иш тажрибаси, фаолият муддати, битимлар тузиш бўйича умумий тажриба ва уларни амалга ошириш бўйича малакаси (20 баллгача);
д) Қўйилган вазифаларни бажариш учун етарли салоҳият ва ваколатга эгалиги, шунингдек, инсон, вақт ва моддий ресурсларнинг мавжудлиги тўғрисида ёзма ариза;
э) Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида маълумот. Маслаҳатчи ушбу савдога жалб қилинган тақдирда зиддиятлар олиб келиши мумкин бўлган ҳолларда потенциал битим бўйича салоҳиятга эга эканлигини кўрсатиш.
Хусусийлаштириш бўйича консультантдан кутилаётган ишлар ҳажми
1. Дам олиш масканларини бошқариш соҳасидаги бозор таҳлили:
- Ўзбекистонда ва минтақада соҳани ривожлантиришдаги шароитларни ва бозор таҳлили, соҳа корхоналарини ривожлантириш учун зарур шароитлар; Ўзбекистонда соғломлаштириш ва дам олиш масканлари фаолияти бозорини тартибга солувчи асосий қоидалар тавсифи;
- бошқа (жумладан, қўшни) давлатларда мазкур соҳада амалга оширилган хусусийлаштириш тажрибаси таҳлили, ушбу турдаги активнинг хусусийлаштиришдаги муваффақиятсизликларининг асосий сабаблари, келгусида соҳани ривожлантириш ва муваффақиятли хусусийлаштиришни таъминловчи омиллар;
2. Дам олиш масканлари таҳлили:
- Дам олиш масканларининг тавсифи, уларнинг бозор ва рақобатдаги ўрни;
- хатарлар (риск)нинг таҳлили: инвестор таҳлилига мувофиқ Дам олиш масканларини хатарга қўядиган потенциал йўналиш ва эҳтимолларни аниқлаш ва бундай битимларнинг муваффақиятсизлигига сабаб бўладиган энг кенг тарқалган сабабларни ўрганиш. Аниқланган рискларни камайтириш борасида чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида тавсиялар бериш;
- юридик экспертизадан ўтказиш, жумладан, қуйидаги масалаларда:
- товар белгиси, бозор брендлари ва интеллектуал мулкнинг бошқа жиҳатларига эгалик қилишни аниқлаш;
- Дам олиш масканларига эгалик қилиш ҳуқуқи, корхона фойдасига ёки учинчи шахсларнинг мол-мулкига бўлган мулкий ҳуқуқлар, учинчи шахслар фойдасига белгиланган чекловлар;
- даъволар ва қарзлар, талабларнинг ҳолати, шунингдек қарзларни ундириш ва мажбурий ижро этиш бўйича кўрилган чоралар;
- меҳнат ва рақобат қонунчилиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги низоларга риоя қилиш ҳолати;
- Дам олиш масканларини хусусийлаштириш бўйича ҳаракатлар кетма-кетлиги тавсифи билан хусусийлаштириш механизми бўйича таклифлар ва эълон матни бўйича тавсиялар.
3. Дам олиш масканларини сотишдан олдин тайёрлаш бўйича маслаҳатлар:
- Дам олиш масканларининг инвестиция жозибадорлигини ошириш, энг яхши амалиётлар ва ўхшаш (аналог) активларнинг таҳлили асосида тузилма ва бошқарувни такомиллаштириш бўйича таклифлар;
- Дам олиш масканларининг ҳар томонлама (солиқ, ҳуқуқий, молиявий ва экологик) чуқур таҳлилини ўтказиш (due diligence);
- оптимал маркетинг стратегияси бўйича тавсиялар, маркетинг материалларини тайёрлаш (тизер, инфо-меморандум, жараён ҳолати бўйича хат ва бошқалар);
- Roadshow ва «PR» стратегиясини ишлаб чиқиш, жамоатчилик билан алоқалар ўрнатиш бўйича тавсиялар тақдимоти, уларнинг саволларига жавоблар;
- баҳолаш услубини тўғри танлаш ва уларнинг инвесторлар учун долзарблигини белгилаш, ҳар бир меҳмонхона бўйича диапазон нархи бўйича тавсияларни тақдим этиш;
- инвестор нуқтаи назаридан баҳолашга таъсир этувчи асосий омиллар, асосий кўрсаткичлар ва тахминларни аниқлаш;
- лойиҳа доирасида бошқа малакали консультантларни жалб этиш (зарур бўлган ҳолларда) ва уларнинг ишини мувофиқлаштириш.
4. Битим жараёнига ҳамроҳлик қилиш:
- Дам олиш масканларини хусусийлаштиришга қаратилган барча чораларни кўриш, виртуал маълумотлар хонаси (VDR) ташкил этиш (заруратга кўра);
- салоҳиятли талабгорлар билан алоқаларни мувофиқлаштириш, шу жумладан, уларнинг саволларига жавоблар бериш;
- барча зарур ҳужжатларни, жумладан олди-сотди шартнома лойиҳасини (ўзбек тилига таржимаси билан) тайёрлаш билан бирга сотиш жараёнида ҳамроҳлик қилиш;
- Битимни эълон қилиш ва ёпишни ташкиллаштириш.
(1) Агар ариза консорциум томонидан тақдим этилган тақдирда, консорциум бўйича келишувни тақдим этиш, шунингдек, мувофиқлаштирувчи асосий маслаҳатчи (одатда консорциум раҳбари деб аталди) кўрсатиш лозим. Ушбу ҳолатда хизматларнинг умумий қиймати кўрсатилиши керак.
(2) Агар консультантларнинг таклифлари Консультантлардан кутилаётган таклифлар тузилмаси ва уларга қўйиладиган талабларнинг "а","в" ва "г" бандларида кўрсатилган талаблардан келиб чиқиб 30 баллдан кам баҳоланса, "б" бандида назарда тутилган баҳолаш бали қўлланилмайди.