Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 247 та корхонадаги давлат акция пакетлари ва 1028 та кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга чиқарилиши, шунингдек, 12 та йирик корхонадаги давлат улушларининг маҳаллий фонд бозорида бирламчи (IPO) ва (ёки) иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказилиши белгиланган.
Ҳудудларда мазкур қарор мазмун-моҳиятини тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликка тушунтириш, унинг тарғибот ишларини жадаллаштириш мақсадида, жорий йилнинг 3 август куни Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Бухоро вилоятида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари, жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги “Roadshow” тақдимоти ўтказилди.
Ушбу тадбирда 400 нафардан зиёд тадбиркорлар ва инвесторлар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоятдаги йирик корхоналарнинг вакиллари иштирок этди.
Тақдимот Давактив агентлиги директор ўринбосари Алишер Миралиев, Давактив агентлигининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Фирдавс Норов ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари Мирали Хамраев бошчилигида бўлиб ўтди.
Тадбирда А. Миралиев сўзга чиқиб, сўнги йилларда мамлакатимизда хусусийлаштириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан кескин ислоҳотлар амалга оширилиб, тадбиркорлар учун бир қатор янгилик ва қулайликлар яратилганлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан:
- Давлат активлари 3 ойда сотилмаганда (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) уларнинг бошланғич баҳосининг 10 фоизигача босқичма-босқич пасайтирилиши белгиланди;
- 2024 йил 1 январгача ижара шартномалари асосида ижарага олганига камида 5 йил бўлган ва мажбуриятларни бажарган тадбиркорларга хусусийлаштириш дастурларига кирган давлат мулкини баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотиб олиш ҳуқуқи берилди;
- Тадбиркорлик учун аукцион савдоларига чиқарилган ер участкалари (вилоят марказлари бундан мустасно) 3 ой давомида сотилмаганда бошланғич қийматининг 30 фоизигача, 6 ой давомида сотилмаганда 10 фоизигача босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтирилиши, сотиб олиш тўловларининг 15 фоизини уч ой муддатда қолган қисмини 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилди;
- Давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган бўш ер участкаларига нисбатан туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарздорликлари бўйича тақиқлар татбиқ этилмайди, ушбу ер участкалари аукцион савдоларида сотилганда, харидорларга тўсиқларсиз расмийлаштириб берилади;
- Ихтисослашуви ҳамда кичик бизнес учун мавжуд шароитдан келиб чиқиб 4 ва 5-тоифаларга киритилган туманларда жойлашган давлат активлари ҳамда мулк ҳуқуқи асосида сотиб олинган ер участкалари бўйича тўловларни, миқдоридан қатъий назар, 5 йил ичида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилди.
Шу билан бирга, “Roadshow” иштирокчиларига Давактив агентлиги Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2023 йил давомида жами 90 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилганлиги, шундан 73 та давлат активлари 184,7 млрд.сўм қийматга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганлиги маълум қилинди.Бундан ташқари, тадбиркорлар ва фуқаролар учун 2553 та 177 гектар ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 504 та 46,6 гектар ер участкалари 32,9 млрд.сўмга сотилишига эришилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан 2024 йилнинг ўтган даврида жами 74 та янги давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, 87 та давлат активлари 160 млрд.сўм қийматга сотилиши таъминланган. Ҳозирги кунда умумий қиймати 76,8 млрд.сўм бўлган 51 та давлат активларининг савдоси давом этмоқда.
Ўз ўрнида, янги 2024 йилги хусусийлаштириш дастурига мувофиқ, Бухоро вилоятида оммавий савдоларда сотилиши белгиланган жами 6 та давлат ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларининг активлари, 65 та кўчмас мулк объектлари тадбиркорлар ва тадбир иштирокчиларига яқиндан таништирилди.
Шунингдек, тадбир давомида қатнашчиларга “E-auksion” электрон савдо платформасидан фойдаланиш, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий, ҳам амалий тушунтирилди.
Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган тадбир якунида қатнашчилар ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга тегишли жавоблар бериб ўтилди, жумладан маҳаллий тадбиркорларнинг бир қатор таклифлари қабул қилинди.
Шу билан бирга, куннинг иккинчи ярмида ОАВ вакиллари учун Пресс-тур ҳам ташкил этилиб, ҳудудда хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Мазкур тадбир бугунги кунга қадар Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий вилоятларида ўтказилди ҳамда кейинги ўринларда республиканинг қолган вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилади.