Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

08 Июнь 2023

"Фотон" АЖни хусусийлаштириш бўйича консультант танлаб олинди

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан "Фотон" АЖнинг устав капиталидаги 85,6 фоиз давлат улушини (кейинги ўринларда ­ Актив) хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компаниясини (кейинги ўринларда – Консультант) жалб этиш юзасидан танлов эълонига мувофиқ қуйидагилар маълум қилинади.

Мазкур танлов жараёнида 6 та маҳаллий ва халқаро профессионал консалтинг компаниялардан таклифлар қабул қилиниб, уларнинг молиявий таклифи, соҳадаги тажрибаси, малакаси ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ёндашувлари асосида сараланди.

Саралаш натижасида, фаолият соҳасида амалга оширган юқори даражадаги лойиҳалари, лойиҳа доирасида жалб қилинадиган профессионал жамоасининг малакаси ҳамда энг мақбул нарх таклифини билдирган "ABRAU CAPITAL" компанияси "Фотон" АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича профессионал консультант сифатида танланди.

Консультант қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

  • Ўзбекистонда ва минтақада соҳани ривожлантиришдаги шароитларни ва электрон қисмларни ишлаб чиқариш бозорининг таҳлили;
  • Активнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, энг илғор амалиётлар ва ўхшаш (аналог) активларнинг таҳлили асосида тузилма ва бошқарувни такомиллаштириш бўйича таклифлар;
  • Активнинг ҳар томонлама (солиқ, ҳуқуқий, молиявий ва экологик) чуқур таҳлилини ўтказиш (due diligence);
  • оптимал маркетинг стратегияси бўйича тавсиялар, маркетинг материалларини тайёрлаш (тизер, инфо-меморандум, жараён ҳолати бўйича хат ва бошқалар) ва инвесторлар ўртасида ахборот материалларини тарқатиш;
  • Активни хусусийлаштиришга қаратилган барча чораларни кўриш, виртуал маълумотлар хонаси (VDR)ни ташкил этиш;
  • барча зарур ҳужжатларни, жумладан, олди-сотди шартнома лойиҳасини (ўзбек тилига таржимаси билан, керак бўлса рус ва инглиз тилларида ҳам) тайёрлаш билан бирга сотиш жараёнида ҳамроҳлик қилиш.

Давактив агентлиги "ABRAU CAPITAL" компанияси билан биргаликда жараённи очиқ, шаффоф ва рақобат тамойилларига асосланган савдо механизмларига мувофиқ ташкил этишнинг барча чораларини кўради ҳамда жараённинг ҳар бир босқичи тўғрисида оммага ахборот бериб борилишини таъминлайди.

1205 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech