Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

26 Февраль 2021

Давлат активларини хусусийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида

Ассалому алайкум, ҳурматли журналистлар, блогерлар ва брифинг иштирокчилари!

Маълумки, ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалардан бири бу – иқтисодиётда давлат иштирокини кескин қисқартириш, давлат активларини хусусийлаштириш ва трансформация жараёнларини амалга ошириш ҳисобланади.

Авваламбор, қуйидагиларни алоҳида таъкидламоқчимиз:

биринчидан, иқтисодиётда давлат улушининг юқорилиги соғлом рақобат муҳитини ривожланишига тўсқинлик қилади;

иккинчидан, давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларининг очиқ ва шаффофлигини таъминламай туриб, маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг ишончига эриша олмаймиз;

учинчидан, давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш ва операцион самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини кўрмай туриб, уларнинг инвестициявий жозибадорлигини таъминлай олмаймиз;

тўртинчидан, миллий корхоналаримизнинг халқаро молия бозорига чиқишини таъминламай туриб, давлат кафолатисиз, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни жадаллаштира олмаймиз.

Шу маънода, бугун мамлакатимизда иқтисодиётдаги давлат улушини қисқартириш, тадбиркорликни фақат ва фақат уларга шарт-шароит яратиб бериш орқали қўллаб-қувватлаш чораларининг кўрилаётганлиги фикримизнинг тасдиғи ҳисобланади.

Биз ижтимоий тармоқларда бир қатор блогерларнинг телеграмдаги шахсий каналларида давлат активларини хусусийлаштириш жараёнлари тўғрисида билдирилаётган фикрларни диққат билан кузатиб бормоқдамиз.

Барча оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва халқ вакилларидан хусусийлаштириш жараёнларига бефарқ бўлмаган ҳолда ўз фикр ва мулоҳазаларини тақдим этаётганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз.

Шу билан бирга, конструктив ва асосли танқидлар билан ишлашга тайёр эканлигимизни, жамоатчиликдан эса, бу жараённи тўғри тушунган ҳолда мулоҳазали, фактларга асосланган  таклифлар беришларини сўраб қоламиз.

Хусусийлаштириш жараёнлари шаффоф ва рақобат тамойиллари асосида, амалдаги қонунчилик доирасида ҳамда илғор хорижий тажрибани ўзлаштириш асосида олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлаймиз.

Шу ўринда, давлат иштирокидаги корхоналарни қисқартириш зарурияти тўғрисида тўхталиб ўтсак.

Авваламбор, рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, республикада 2,8 минг та давлат иштирокидаги корхоналар мавжуд. Мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб ярми айнан шу корхоналар ҳиссасига тўғри келади.

Тажрибадан маълумки корхоналарни бошқаришда давлат яхши менежер ҳисобланмайди.

Ушбу корхоналарнинг кўпчилиги самарасиз фаолият кўрсатади, улар давлат учун қўшимча юк бўлади ҳамда уларга берилган тариф, солиқ ва бошқа имтиёзлар сабабли ушбу соҳадаги рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатади.

Хусусан республикадаги давлат корхоналари кўрсаткичларига назар солсак, 2020 йилда уларнинг атиги 45 фоизи дивиденд тўлаган бўлса, ушбу дивидендларнинг 90 фоизи 5 та йирик корхона ҳиссасига тўғри келади. Дастлабки маълумотларга кўра, 2020 йил якуни бўйича 327 та корхона ўз фаолиятини 2,5 трлн. сўм зарар билан якунлади.

Корхоналарни молиявий соғломлаштириш мақсадида 2020 йилда 192 та корхона бўйича йўл хариталари ишлаб чиқилиб, уларнинг 156 таси томонидан 263 млрд.сўм соф фойда олишга эришилмоқда.

Корхоналарни хусусийлаштириш орқали юқоридаги муаммоларни бартараф этиш, бозорда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, инвесторларнинг ушбу корхоналарда янада самарали фаолият юритиши ҳамда бюджетга солиқ кўринишида кўпроқ даромад олиш мақсад қилинган.

Айни шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони доирасида 541 та давлат иштирокидаги корхоналар акция пакетлари ва улушлари сотилиши, улардан 62 таси бўйича хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш ишларини халқаро ва маҳаллий консалтинг ташкилотларини жалб этган ҳолда амалга ошириш белгиланган.

Ўз-ўзидан савол туғилади, 2 минг 800 га яқин корхонадан юқоридаги Фармон асосида 500 дан зиёди сотиладиган бўлса, қолганларининг тақдири нима бўлади?

Бу корхоналар тақдири эса, яқинда қабул қилиниши кутилаётган “Давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш Стратегияси” асосида ҳар йили танқидий таҳлил қилиниб, уларни сотиш, тугатиш ёки қайта ташкил этиш бўйича таклифлар киритилади.

Маълумки, 2019 йилдан бошлаб, давлат кўчмас мулки ва улушларини сотиш фақатгина электрон савдолар орқали амалга ошириб келинмоқда. Рақамларга қарайдиган бўлсак ўтган даврда 1,9 мингга яқин кўчмас мулк ва улушлар 1,6 трлн.сўмга тенг рақобат шароитини таъминлаган ҳолда сотилган.

Қайд этиш жоизки, аввалги хусусийлаштириш жараёнлари аксарият ҳолларда активларни баҳолаб, савдога чиқариш билан чекланган. Лекин, бу йўл билан йирик корхоналарнинг сотилишига эришилмаган. Бу эса, ушбу активларни узоқ муддат давомида сотилмаслигига олиб келган.

Бугунги кунда баҳоланган қийматда савдога чиқарилган 231 та объект сотилмай қолмоқда. Уларнинг 71 таси 6 ойдан буён, 47 таси эса, 1 йилдан ортиқ муддатда савдода турибди.

Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа молия институтлари томонидан йирик корхоналарни стратегик инвесторларни жалб қилган, ишончли маслаҳатчиларни ёллаган ҳолда сотиш тавсия этилган.

Ҳозирги бошланган хусусийлаштириш жараёнлари айнан шу тавсиялар ва муваффақиятли тажрибаларга таянади.

Ҳаммамиз бир нарсани якдил тушуниб олишимиз керак, давлатнинг йирик активларини сотиш бу кичик корхоналар ва бўш турган биноларни сотишдан тубдан фарқ қилади. Унинг ортида бизнесни ривожлантириш ва барқарор ишлашини таъминлаш, кафолатли иш ўринлари ётади.

Шундан келиб чиқиб, йирик активларни сотиш жараёнларига илғор хорижий тажрибани қўллаш амалиёти бошланди.

Бунда бир қатор йирик кўчмас мулк объектлари хусусан, “Чорвоқ” ва “Белдирсой” каби дам олиш масканлари, “Пойтахт” бизнес мажмуаси, “Малика” савдо комплекси халқаро тан олинган баҳолаш компаниялари томонидан баҳоланган ҳолда энг яхши таклифларни танлаш йўли билан савдоларнинг барча қадамларини оммавий ахборот воситалари орқали ёритган ҳолда сотилади.

Бир қатор корхоналарни хусусийлаштириш бўйича савдолар профессионал ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Барчанинг эътиборини юқоридаги жараёнларнинг ҳар бир босқичини биз ўз веб-сайтимиз ҳамда ижтимоий тармоқларда ёритиб бораётганимизга қаратмоқчиман.

Ушбу амалиёт маҳаллий ва халқаро консултантларга тенг ҳуқуқларда иштирок этиш имкониятини яратиб, консалтинг хизматлар бозорининг ривожланишига туртки бериши ва етакчи халқаро консалтинг компанияларининг Ўзбекистон бозорига кириб келиши, пировардида хусусийлаштириш жараёнларини янада шаффоф ва очиқ тарзда ўтказишга хизмат қилади.

Хусусийлаштиришда бундай ёндашув Европанинг кўпчилик мамлакатлари хусусан, Германия, Польша ва Латвияда кенг қўлланилган ва муваффақиятга олиб келган.

Шу ўринда, бугунги кунда, Кока-кола компаниясини хусусийлаштириш жараёнига ҳам қисқача тўхталиб ўтсам.

Аввало, таъкидлаш керакки, Давлат активларини бошқариш агентлиги Кока-кола сингари йирик активларни халқаро амалиётда қўлланиладиган усуллар орқали сотиш бўйича жараённи биринчи марта ўтказяпти ва жуда катта тажриба тўпламоқда.

Ҳурматли журналист ва блогерлар, маълумки Кока-кола дунёдаги етакчи брендлардан биридир. Бу корхонанинг мамлакатимиз ички бозорида самарали фаолият юритишидан Ўзбекистон ҳам ҳар томонлама манфаатдор. Шундай экан, ундаги давлат улушини хусусийлаштиришда хорижий инвестор билан ўзаро бизнесни юритиш бўйича келишилган шартларга амал қилиниши лозим.

Мазкур шартларга мувофиқ, АҚШнинг “The Coca-Cola” компанияси Ўзбекистондаги корхонанинг иккинчи мулкдори ҳисобланади. Ҳар қандай қонунчиликда ҳам унинг ҳуқуқлари мавжуд ва биз уни ҳурмат қилишимиз лозим.

Шундан келиб чиқиб, Кока-кола компаниясидаги давлат улушини сотиш бўйича молиявий ҳамда юридик маслаҳатчиларнинг таклифларига асосан, корхона иккинчи мулкдори бўлган ва бир вақтда бренд эгаси билан келишилган ҳолда савдо шартлари тасдиқланди (бунда савдоларда иштирок этувчилар етарли тўлов қобилиятига, молиявий имконият ва салоҳиятга эга бўлиши, бизнес-режадаги инвестицияларни амалга ошира олиши инобатга олинган).

Бу ҳолатни оддий қилиб, битта ресторанни икки киши бошқарганидек таққослаш мумкин, айтайлик бири бинонинг эгаси, бири иш юритувчиси бўлса, бир-бирисиз иш юрита олмаслиги оддий ҳақиқат.

Биз Кока кола компаниясидаги 57,1 фоиз давлат улушини сотиш тўғрисида 2020 йил 16 декабрда Эълон берганмиз ва қизиқиш билдирган талабгорлардан 2021 йил 15 январга қадар таклифлар қабул қилинган.

Таклифлар Агентликка ва Молиявий консультантга Осиё, Европа, Америка ва Африка қитъалари мамлакатлари талабгорларидан келиб тушди.

Биринчи босқич якунлари ОАВда эълон қилинди. Унда масъул идораларнинг мазкур жараёнлар Ўзбекистон Республикасининг айниқса, хусусийлаштириш, рақобат ва коррупцияга қарши кураш қонунчилигига тўлиқ мос келиши ҳақидаги хулосалари ҳам келтириб ўтилган.

Ҳозирда талабгорлар билан Ошкор этмаслик тўғрисидаги тегишли битимлар имзоланиб, Компания тўғрисидаги қўшимча маълумотлар уларга тақдим этилди. Айнан шу жараён орқали яъни, инвесторларга корхона тўғрисида барча зарур маълумотлар билан танишиб, корхонадаги давлат улушини сотиб олиш бўйича ўз таклифларини шакллантиришда фойдаланиш учун имконият яратилмоқда.

Натижалар албатта, ОАВларида ёритилади.

Шу ўринда, ижтимоий тармоқнинг айрим фойдаланувчиларини хавотирга солаётган “даромад келтириб турган Кока-кола корхонасини сотишдан давлатга қандай наф” мазмунидаги саволларига ҳам изоҳ бериб ўтаман.

Авваломбор, барчамиз тушуниб олишимиз керакки, бозор иқтисодиёти шароитида давлат фақат стратегик аҳамиятга эга корхоналар, яъни табиий монополия субъектлари, мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизлик мақсадларида фаолият юритадиган корхоналарга эгалик қилади.

Давлат бу каби корхоналарда фақатгина давлат органи сифатида тартибга солувчи функцияни бажаради, улар фаолияти самарадорлигининг янада ошишидан манфаатдор сифатида улардан солиқ кўринишида даромад олади.

Кока-кола корхонаси ҳам солиқ тўловчи, у хоҳ давлат улуши бўлсин, хоҳ хусусий бўлсин – солиқ тўловчи!

Шу билан бирга, давлат улуши бугунги дунё бозори нархларида сотиладиган бўлса, давлатнинг ушбу корхонадан камида, камида 30 йил оладиган дивидендини бугун бюджетга тушуши демакдир, бу жуда муҳим!

Хусусийлаштиришдан келиб тушадиган маблағлар эса, муҳим ижтимоий – иқтисодий лойиҳалар, бюджет харажатларини амалга оширишга йўналтирилишини кўпчилик яхши билади.

Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Халқаро амалиёт қоидаларига кўра, йирик активларни хусусийлаштирилишида маълумотлар талабгорларнинг нуфузига, манфаатига путур етказмаган, таклиф этиладиган нархга салбий таъсирининг олдини олган ҳолда босқичма-босқич эълон қилиб борилмоқда.

Ишонтириб айтамизки, хусусийлаштириш жараёнларида самарали натижага эришиш учун, манфаатдор томонлар – яъни давлат, истемолчилар, етказиб берувчилар ва ҳамкорлар, шунингдек инвесторларнинг манфаатлари кўзланган ҳолда ишлар ўз соҳасининг мутахассислари, тажриба ва кўникмага эга инсонлар томонидан олиб борилмоқда.

Албатта, Давлат активларини бошқариш агентлиги хусусийлаштириш жараёнлари бўйича билдирилаётган турли хил фикрларнинг барчасини ҳурмат қилган ҳолда келгусида жараёнларни янада очиқ ва шаффоф олиб боришга, тарғибот ишларини янада жонлантиришга ҳаракат қилади.

Эътиборингиз учун раҳмат !

2287 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech