Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

24 Сентябрь 2024

Давлат мулкини бошқариш тартиби такомиллаштирилмоқда

Жорий йил 21 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 57-ялпи мажлисида “Давлат мулкини бошқариш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилиниб, натижаси бўйича маъқулланди.

Қонун билан бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:

  • давлат унитар корхоналарини ёки давлат муассасаларини хўжалик жамиятларига ўзгартириш жараёнида уларнинг тасарруфидаги давлат мулкини сотилишига, ҳисобдан чиқарилишига, гаровга берилишига йўл қўйилмаслиги таъминланмоқда;
  • давлат унитар корхонаси ва давлат муассасасини давлат иштирокидаги хўжалик жамияти сифатида қайта ташкил этиш жараёни соддалаштирилмоқда;
  • масъулияти чекланган жамиятлардаги давлат улушларини хусусийлаштиришда рақобатга асосланган оммавий савдолар орқали амалга ошириш тизими жорий этилмоқда;
  • “Ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиришлар киритилиб, устав фондидаги (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик жамиятларининг ҳомийликка сарфланадиган ҳар йилги харажатлари ўтган йилда олинган соф фойданинг 3 фоизидан ошмаслиги кераклиги қайд этилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши билан давлат мулкини бошқариш соҳаси такомиллаштирилиб, махсус ваколатли органнинг ваколатлари ва устувор йўналишларини белгилаш орқали хусусий мулкчилик кенгайтирилади. Хусусийлаштириш жараёнлари очиқ ва ошкора бўлиши таъминланади.

Маълумот учун, мазкур Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 16 июлда қабул қилинган. Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентига имзолаш учун юборилади ҳамда расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

4393 Чоп этиш