Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

11 Февраль 2022

Ўзбек маънавиятининг икки қуёши

Бугун Давлат активларини бошқариш агентлигида буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги ҳамда ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирнинг “Одами эрсанг...” деб номланган биринчи қисмида “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи бош илмий ходими, фалсафа доктори  Баҳром Ирзаев Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодига оид маълумотларни тақдим этди. Жумладан, Навоий бетакрор шоир бўлиши билан бирга, давлат арбоби сифатида салтанатнинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётида ҳам муҳим вазифаларни бажаргани, эл-юрт манфаати учун кўплаб бунёдкорлик ишларига бош-қош бўлгани ҳақида сўзлаб берилди.

Давактив агентлиги ходимаси Салтанат Қодирова Алишер Навоий ҳаётига оид турли тарихий манбалар асосида ўзи тўплаган ибратли воқеаларни иштирокчилар эътиборига ҳавола қилди. Алломанинг мероси, комил инсон тарбияси ҳақидаги фикрлари оламшумул аҳамиятга эгадир.

Дарҳақиқат, Алишер Навоий жаҳон халқлари учун ҳам адабий-маънавий камолот тимсолига айланган. Бугунги кунда Токио, Шанхай, Вашингтон, Сеул, Москва, Минск, Боку, Мозори-Шариф, Ўш, Душанбе, Нурсултон каби шаҳарларда Алишер Навоий сиймосига ёдгорликлар ўрнатилган.

“Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидир...”. Тадбирнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган иккинчи қисми шундай номланди. Ўзбекистон Миллий Университети доценти, фалсафа доктори Акбар Замонов ўз маърузасида Бобурнинг болалиги, машаққатли ҳаёт йўли ва шу билан бирга, бетакрор ва нафис ижоди ҳақида қизиқарли маълумотларни тақдим этди. Умрининг кўп қисми ҳарбий юришларда, мусофирчиликда ўтган бўлса ҳам, илм-фанга, айниқса адабиётга бўлган эътибори ва меҳри авлодлар учун ибрат экани, унинг “Бобурнома” асари эса ҳали-ҳануз тадқиқотчилар учун бой энциклопедик манба бўлиб келаётгани ҳақида гапирилди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганишга нафақат юртимиз, балки бутун дунёда ҳамиша катта қизиқиш билан қараб келинган. “Бобурнома” 18-19 асрлардаёқ Европанинг бир неча тилларига таржима қилинган. Бобур Мирзо катта илмий-адабий мерос қолдириш билан бирга, моҳир саркарда ва адолатли шоҳ сифатида ҳам эъзозланади.

Тадбирда фаол иштирок этган Давактив агентлиги ходимлари эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

1894 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech