Айни дамларда юртимиз бўйлаб ўзбек мумтоз шеърияти гулшанининг икки буюк устуни, шоир ва мутафаккир, ғазал мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги ҳамда ўзбек классик адабиётининг улкан намоёндаси, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг 542 йиллик таваллуд айёмлари кенг нишонланмоқда.
Шу муносабат билан Давактив агентлиги тизимида икки буюк зотнинг ҳаёт йўли ва ижоди ҳақида “Икки буюк сиймо: маънавиятимиз сарчашмалари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Маърузачи ва меҳмон сифатида филология фанлари номзоди, доцент “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Тўлқин Тоғаев иштирок этди.
Таъкидланганидек, инсонни комилликка етакловчи куч ҳам, давлат ва жамият тараққиёти ҳам илм ва маърифат биландир. Навоий ижоди бизни ана шундай юксак мақсадлар сари илҳомлантиради, маънавий қудрат бахш этади.
Алишер Навоий ижоди ва фаолиятига оид барча маълумотлар унинг цивилизациямиз тарихида туркий тилнинг бошқа тилларидан устун томонларини кўрсатиб, она тилимизнинг бой имкониятларини тўлиқ очиб берган буюк олим сифатида биз учун қадрлидир.
Алишер Навоий бутун ҳаёти давомида адабий асарларни сиёсат билан бирлаштирган. Юқори мансабга эга шахс бўла туриб, у мамлакат ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий такомиллашишига катта ҳисса қўшган, илм, фан, санъат ривожига ҳомийлик қилиб, тинчлик ва тотувлик ҳукм суришига доим ҳаракат қилган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса, турли ҳудудлар ва минтақаларнинг, мамлакатлар ва ўлкаларнинг, шаҳарлар ва қишлоқларнинг сиёсий тарихи, илм-фани, маданияти, урф-одатлари билан бирга, уларнинг табиати, хўжалиги, жўғрофий ўрни, чегаралари, яйловлари, тоғ ва даралари, кўл ва дарёлари, хилма-хил ўсимликлари, мевалари, ҳайвонот дунёси, ерусти ва ерости бойликлари, тили, савдо-сотиқ ишлари билан ҳам астойдил қизиққан. Буларнинг ҳаммасини ўзининг қомусий асари – “Бобурнома”да баён этган.
Музокараларга бой тадбир сўнгида, иштирокчилар барча қизиқтирган саволларига жавоб олди.