Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

26 Март 2022

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари Б.Ш. Усмоновнинг “Тошкент халқаро инвестицион форуми”даги маърузаси

(2022 йил 25 март, Тошкент ш., «Tashkent City Congress Hall»)

Ассалому алайкум, ҳурматли Форум иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Куни кеча мазкур форумнинг ялпи мажлисида, муҳтарам юртбошимиз ўз нутқларида мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган туб иқтисодий ислоҳотлар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтдилар ва шу ислоҳотларнинг иккинчи йўналиши сифатида давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш орқали иқтисодиётда давлат улушини кескин камайтириш ҳисобланишига урғу бериб ўтдилар.

Бунинг яққол исботини ўтган хафтада қабул қилинган 168-сонли Президент қарори мисолида кўришимиз мумкин. Мазкур қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида 60 га яқин вазирлик ва идоралар 2 000 дан ортиқ давлат иштирокидаги корхоналарнинг 12 000 дан ортиқ улуш ва кўчмас мулклари ялпи хатловдан ўтказилди, натижада 2000 дан ортиқ бўш турган ва носоҳавий давлат активлари аниқланди, шулардан 500 га яқин ижтимоий соҳа объектларини чегирган ҳолда хусусийлаштиришга мўлжалланган 1,5 мингдан ортиқ давлат улушлари ва объектлари қарорга номма-ном киритилди. Яна шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, қарорга киритилган хусусийлаштирилиши белгиланган активларнинг 800 дан ортиғи давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлар тассаруфидаги носоҳавий бўлган мулклар бўлиб ҳисобланади.

Яна бир эътиборга молик жиҳати, қарор билан давлат активларини хусусийлаштиришда уларнинг бошланғич нархини эълон қилмаган ҳолда талабгорларни музокараларга оммавий таклиф қилиш йўли билан, шу жумладан профессионал ташкилотларни жалб қилган ҳолда сотиш услуби кенг қўлланилади.

Хабарингиз бор, ўтган йилдан бошлаб йирик давлат активларини хусусийлаштириш жараёнини ташкил этишда янги тартиб жорий этилди. Унга кўра, активларни хусусийлаштиришга тайёрлаш жараёнига халқаро миқёсда тан олинган консалтинг компаниялари жалб қилиниб, давлат активларининг бошланғич нархини эълон қилмаган ҳолда талабгорларни музокараларга оммавий таклиф қилиш йўли билан хусусийлаштириш бошланди. Потенциал инвесторлар учун сотилаётган объект тўғрисидаги материалларни ўрганиш имконияти яратиб берилди. Бунгача бизда бундай тажриба бўлмаган, активлар бир томонлама баҳоланган ва савдоларга қўйилган, аксарият ҳолларда бу нарх бозорга тўғри келмаган ва нархларни бир неча маротаба пасайтиришга тўғри келган. Янги тартибда эса давлат активларини инвесторларнинг ўзи баҳолайди ва ўзларининг нарх таклифларини берадилар. Ва таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мазкур услуб ўз самарасини бермоқда. Бу тартибга асосан олдинги йили “Cоcа-Cоlа Ичимлиги”, “Пойтахт” бизнес маркази, “Ичан қалъа” меҳмонхонаси  каби давлат мулклари ўз харидорини топди. Шуни маълум қиламанки, биз бу тажрибани қўллашни давом эттирмоқчимиз. Ҳозирги кунда бу тартиб бўйича Фарғонаазот, Дехқонобод калий заводидаги давлат улушлари, “Нyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасини сотиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, янги ёндашув асосида “Universal Mobile Systems” МЧЖни баҳолаш ва сотиш ишлари, қарорнинг биринчи ва иккинчи иловасига тушган йирик давлат улушлари ва объектларини, мисол учун “Автосаноат”нинг “UZ truck and bus motors”, UZ Hanwoo, “UzAuto TRAILER” даги улушларини шу тартибда хусусийлаштириш режа қилинган.

Бундан ташқари, профессионал ташкилотларни жалб этган ҳолда қиймати 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган активлар бўйича инвесторларнинг таклифлари Агентлик ва бошқа давлат органлари иштирокисиз, жалб қилинадиган профессионал ташкилотлар томонидан тўғридан-тўғри қабул қилинади.

Шуни айтиш лозимки, мазкур қарор билан 2022 йил 1 апрелдан бошлаб:

 Маҳалладаги  туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчилари томонидан ўз ҳудудларида бўш турган ҳудуди 2 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объекти ёки ер участкалари аниқланган ҳолларда, уларга онлайн-буюртманомага асосан Агентлик томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилиши;

вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қарашли бўлган, уч ойдан ортиқ фойдаланилмасдан бўш турган объект, ижтимоий объектлардан ташқари, Агентлик томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ уларнинг розилигисиз ижарага бериш ёки сотиш учун савдога чиқарилиши белгилаб берилди.

давлат кўчмас мулк объектларини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган ва сотиб олиш тўловини тўлиқ амалга оширгунга қадар “тасарруф этиш ҳуқуқисиз” давлат ордери берилган тадбиркорлик субъектлари томонидан қўшилган қиймат солиғи мазкур объектларга нисбатан тасарруф этиш ҳуқуқи тўлиқ ўтгандан сўнг тўланиши белгилаб берилди.

Узоқ йиллардан бери ўз ечимини кутаётган масала, яъни қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича тегишли Қонун ва қандай қилиб хусусийлаштириш кераклигини кўрсатиб берувчи механизмлар белгилаб берилди.

Хусусан, “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизимида идоралараро келишувда турган 33 600 та ер участкаларини ҳамда жорий йил якунига қадар яна қўшимча 13 600 та, умумий майдони  2 052 гектар бўш ер участкаларини белгиланган тартибда мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.

Шунингдек, ҳаммамизга маълум, хусусийлаштириш жараёнларини капитал бозорлари орқали ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, турли хил соҳаларга тегишли йирик корхоналар, молия ташкилотларининг акциялари бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) оммавий жойлаштириш ёрдамида иқтисодиётимизнинг локомотивлари ҳисобланган ОКМК, НКМК, Ўзбекнефтгаз, Ўзавтосаноат, Ўзметкомбинат, Ўзбектелеком ва бир қатор банклар акциялари хусусийлаштирилишини назарда тутувчи қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Молия вазирлиги билан биргаликда, жорий йилнинг якунига қадар “Қишлоқ қурилиш банк” АТБнинг акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO), Халқаро молия институтларини жалб этган ҳолда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва “Асакабанк” АТБнинг давлат улушларини савдога чиқариш чоралари кўрилади.

Шунингдек, 2023 йилда “Халқ банки”, “Микрокредитбанк”, “Алоқабанк”, “Агро банк”, “Ўзмиллийбанк”ларнинг акцияларини фонд биржаси орқали оммавий жойлаштириш (IPO) ишлари ташкиллаштирилади.

Бундай омиллар қаторида яна Хусусийлаштириш жараёнларини рақобат, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асосланган ҳолда ташкиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирги кунда давлат акция пакетлари савдоси фонд биржаси орқали, бошқа мулклар эса  “Е-Аукцион” онлайн аукцион платформаси орқали ташкил қилинмоқда, бундан ташқари танлов орқали сотилаётган давлат активларига таклифларни ҳам “Е-Аукцион” олиш йўлга қўйилаган. Ер участкаларини сотиш учун идоралараро келишувлар ҳам “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизимида амалга оширилади.

Таъкидлаш лозимки, хусусийлаштириш жараёнларида активлар ва корхоналарни хусусийлаштиришга тайёрлаш муҳим ўрин тутади.

Булар:

  • Соҳага тааллуқли бўлмаган активларни сотиш;
  • Корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш;
  • молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиш;
  • Операцион самарадорликни ошириш.

Ушбу йўналишда қуйидаги ишлар амалга оширилди:

  • 37 корхонанинг Кузатув кенгашларига мустақил аъзолар киритилди;
  • 8 корхона бошқарувига хорижий менежерлар жалб қилинди;
  • 21 корхонада ички назорат ва «Комплаенс» хизмати ташкил этилди;
  • “Олмалиқ КМК” ва “Ўзметкомбинат” АЖларнинг молиявий натижалари МҲХС бўйича молиявий ҳисоботга мувофиқ тайёрланди.

Шунингдек, Халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда давлат улуши бор йирик корхоналарга халқаро кредит рейтингларини олиш ишлари ҳам бошланган.

Яна бир гапни айтишим керак, ҳозирда яна бир ҳужжат – Президент Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилиб, бу ҳужжат мамлакатда инвестицион муҳитни янада яхшилашга, хусусий секторни рағбатлантиришга, бозорда тенг рақобат муҳитини таъминлашга, давлат иштирокидаги йирик корхоналарни ислоҳ қилишга қаратилган.

Шу билан бирга, муҳтарам юртбошимиз томонидан 2022 йилдаги устувор вазифалардан бири этиб давлат активларини хусусийлаштириш, йирик давлат корхоналарига потенциал инвесторларни жалб қилиш, ҳамда жорий йилда бу борадаги ишларни янада фаоллаштириш ва самарадорлигини икки баравар ошириш белгилаб берилган.

Юқорида санаб ўтилган чоралар давлат раҳбарининг, Ҳукуматнинг хусусийлаштириш жараёнлари мамлакатнинг иқтисодий ривожланишида қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини, бу жараёнларни изчил амалга оширилишига бўлган хоҳишини кўрсатиб беради, бу эса хусусийлаштиришни самарали амалга оширишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Нутқим сўнгида, ушбу Форумнинг барча иштирокчилари ва меҳмонларига эътибор учун яна бир бор миннатдорчилик билдираман ва давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга таклиф қиламан.

Эътиборингиз учун раҳмат!

1727 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech