Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

23 Январь 2021

Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш – самарадорлик омили

Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобатни ривожлантириш – сифат, унумдорлик ва тараққиётнинг муҳим омили. Сўнгги йилларда мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳит яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, давлат улуши сақланиб қолаётган айрим тармоқ ва йирик корхоналарда бозор механизмларига ўтишнинг кечикаётганлиги янги турдаги рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, илғор технологияларни жорий этиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, хусусий капитални фаол жалб қилган ҳолда янги иш ўринлари яратишга тўсқинлик қилмоқда.

Халқ тилида айтганда, давлат улуши бор корхонанинг аниқ бир эгаси бўлмайди. Табиийки, эгаси бўлмаса у ўз имконияти даражасида ишлатилмайди. Чунки мақсад йўқ. Корхона рақобатни ўйламайди, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ҳақидаку гап бўлиши мумкин эмас. Агар шу корхона хусусий секторга берилса, тадбиркор иложи борича кўпроқ фойда олиш учун ҳаракат қилади.

Натижада шу турдаги корхоналар ўртасида соғлом рақобат юзага келади. Тадбиркор ишлаб чиқариш қувватини янада ошириш ва маҳсулот турини кенгайтиришни ўйлайди. Қарабсизки, ярим имконияти даражасида ишлаётган корхона тўлиқ қувватда ишлайди, ишчи ўрни кўпаяди ва давлатга бундан анча фойда тушади.

Давлат иштирокидаги корхоналарда истеъмолчига йўналтирилган замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жадал жорий этиш, таннархни пасайтириш орқали даромадларни ошириш, ислоҳотлар жараёнида хусусий капитал иштироки учун кенгроқ имкониятлар яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини янада яхшилаш муҳим аҳамиятга эга.

Президентимизнинг 2020 йил 27 октябрдаги «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони шу мақсадга қаратилган.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишда давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Ҳозирги вақтда давлат иштирокидаги корхоналарнинг аксарияти молиявий барқарор бўлмагани учун давлатга оғир юк бўлиб келмоқда. Шунинг учун жорий йилдан барча давлат корхоналарини ислоҳ қилиш дастури амалга оширилмоқда. 2021 йилда стратегик аҳамиятга эга бўлган 32 та йирик корхона ва тармоқни трансформация қилиш ишлари амалга оширилиши маълум қилинганди.

Шу жиҳатдан давлат активларини хусусий мулкка сотишда бир қатор ижобий натижаларга эришилди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан журналистлар учун Тошкент вилоятидаги бир қатор корхоналарига пресс-тур ташкил этилди. Тадбир доирасида ҳудудлардаги хусусийлаштирилаётган, корпоратив бошқарув жорий этилган, молиявий соғломлаштирилган, инвестиция мажбуриятлари бажарилаётган ҳамда айрим сабабларга кўра ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган ёки юритмаётган йирик корхоналарга ташриф буюрилди.

Маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида 267 та давлат объекти 1 сўм ҳарид қийматида “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасига чиқарилиши белгиланган бўлиб, шундан бугунги кунда 205 та давлат активлари оммавий савдоларга чиқарилди. 117 та давлат активлари 18 миллиард 697 миллион сўм қийматида сотилди.

Президентимиз фармон ва қарорларига асосан 10 та давлат объекти 54 миллиард 983 миллион сўмга, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига асосан 12 та давлат объекти 6 миллиард 717 миллион сўмга сотилган.

Бошқа тегишли қарорларга асосан 92 та давлат объекти 1 сўмга тенг қийматда бошланғич нархда, инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар шарти билан 4 миллиард 424 миллион сўмга сотилган бўлиб, бунда умумий қиймати 112,9 милиард сўм ҳажмда инвестиция киритиш ва жами 1 минг 218 та янги иш ўрни яратиш мажбуриятлари билан сотилган. 3 та давлат объекти 1 миллиард 573 миллион сўмга сотилган.

88 та давлат объекти “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасига чиқарилди. Шундан 8 тасини савдога чиқариш ишлари амалга оширилмоқда. 54 тасида бугунги кунда хатлов, баҳолаш ҳамда экспертиза ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташкари, марказнинг Тошкент вилояти ҳудудий бошкармаси томонидан "E-IJRO AUKSION" ягона электрон-онлайн савдо майдончасига ўтган йилда 553 та давлат мулки объекти электрон тарзда эълонга чиқарилиб, шундан 353 та давлат мулки объекти кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига уч томонлама ижара шартномаси орқали ижарага беришга эришилди. Бунинг натижасида 1 минг 630 та янги иш ўрни яратилди.

Президентимизнинг «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан Тошкент вилоятидаги «Тўйтeпа мeталл қурилмалари» АЖ хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини оширишнинг манзилли дастурлари орқали оммавий савдоларга чиқариладиган давлат активлари рўйхатига киритилган эди.

Дастлабки манзил мазкур корхона бўлди. «Тўйтeпа мeталл қурилмалари» акциядорлик жамиятининг 84 фоиз давлат улушини сотиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда ушбу корхонанинг давлат улуши 20 миллиард сўм қийматида ва 4 миллион АҚШ доллари инвестиция киритиш эвазига хусусий секторга сотилди. Ушбу корхона шу пайтгача самарасиз ишлаб келган ҳамда иқтисодий кўрсаткичи паст бўлган.

Хўш, тадбиркор ушбу корхонани олиб, ишни нимадан бошлади?

Қайд этилишича, мазкур корхонада иш дастлаб техника ва технологияларни янгилаш, янги жиҳозлар ўрнатишдан бошланган. Чунки, бу ердаги аксарият технология ва жиҳозлар эскирган, талабга жавоб бермайди. Бугунги кунда 3 та металлга ишлов берувчи замонавий лазер аппарати ўрнатилган.

Шу билан бирга, коммунал хўжаликка зарур бўлган махсус техникалар ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилмоқда. Мисол учун, ҳозирги пайтгача чиқинди ташиш техникалари хориждан 680-700 миллион атрофида импорт қилинган бўлса, ўзимизда ишлаб чиқариш орқали бу 200-250 миллионга арзонлашади. Тадбиркорнинг қўшимча қилишича, яқин икки йилда бу йўналишда 50 турдаги махсус техника ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Яна бир жиҳат, хориждан келтирилган техникаларнинг ишлашида носозлик бўлса, уни тузатадиган сервис хизматлари йўқ. Бу эса кўплаб муаммоларни келтириб чиқариши аниқ. Мазкур корхона махсус техникалар учун сервис марказларини ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу эса корхона имкониятларини кенгайтиради, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

Кейинги манзил Янгийўл туманидаги «Янгийўл ёғ-мой» АЖ корхонаси бўлди. Бориб билдикки, бу ерда иш тўхтаб қолган. Сабаби хомашё йўқ. 600 га яқин ишчилар эса вақтинча ишсиз. Фаҳмлаганингиздек, давлатга қанча зарар. Президентимизнинг юқоридаги фармонига асосан ушбу корхона давлат акция улушлари тўлиқлигича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотиладиган корхоналар рўйхатига киритилган.

Мутахассисларнинг қайд этишича, ҳозирда ушбу корхонани баҳолаш якуний босқичда ва яқин орада "E-IJRO AUKSION" ягона электрон-онлайн савдо майдончасида сотувга қўйилади. Корхона 51 фоиз давлат улушида.

Корхона раҳбари Алишер Хайруллаевнинг таъкидлашича, корхонада хўжалик совуни, пахта ёғи, шрот ва шелуха ишлаб чиқарилади. Бир кунда 400 тонна пахта чигити қайта ишланади.

Корхона самарали фаолият кўрсатмаётганининг асосий сабаби ҳам маълум. Илгари Тошкент вилояти бўйича 120 минг тонна пахта чигити икки заводга бўлиб берилган. Бу заводлар ичида мазкур корхона ҳам бўлган. Эндиликда қишлоқ хўжалигида кластер усули жорий этилгач, тадбиркорлар ўзлари маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлмоқда.

Бу жуда самарали усул. Чунки, тадбиркор ишлаб чиқарган маҳсулотига жавобгар бўлади, маҳсулотнинг сифати ортади ва бозорга рақобатбардош маҳсулот чиқади. Рақобат бўлган жойда эса нарх пасаяди.

Корхонага янги технология олиб кириш орқали ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турини кенгайтириш имконияти мавжуд. Айни пайтда бу ердаги технологиялар эскирган.

Корпоратив бошқарув ҳозирги кунга келиб корхоналарни бошқаришнинг нафақат замонавий фалсафасига, балки самарадорликни таъминлайдиган муҳим технологиясига айланиб улгурди. Ушбу бошқарув усулининг асосий мақсади очиқлик ва шаффофликни таъминлашдан иборат. Пресс-тур иштирокчилари айнан мана шундай бошқарув усули самарали қўлланилиб келинаётган “Биокимё” акциядорлик жамиятида ҳам бўлди.

340 нафардан зиёд ишчи меҳнат қилаётган корхонада истеъмол ва техник спирти ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

“Биокимё” акциядорлик жамиятида 2016 йилдан бошлаб корпоратив бошқарув кодексига риоя қилиш мажбурияти қабул қилинган. Ҳар чоракда жамият корпоратив бошқарув тизими даражаси ва ижроия органи самарадорлигининг муҳим кўрсаткичлари баҳоланади ва натижалари расмий веб-сайтларда эълон қилинади.

Корхона мутахассисларининг қайд этишича, молиявий ҳисоботдаги ошкоралик фаолиятнинг янада ривожланишига хизмат қилади. Асосийси, коррупцияга барҳам беради. Ҳар йили қанча дивиденд олаётгани, бу дивидендлар қай тартибда берилиши – барчаси назорат қилинади.

 

Нурилло Насриев, ЎзА

885 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech