Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

22 Январь 2021

Маънавият – барча учун дахлдор масала

Жамият ҳаётининг ҳеч бир жабҳасини маънавиятсиз тасаввур этиб бўлмайди. Иқтисодиёт, саноат, ишлаб чиқаришу ҳуқуқ-тартибот соҳалари ҳам бевосита маънавият билан чамбарчас боғлиқ. Негаки, маънавият ҳаётий, касбий мўлжал-муносабатларни тўғри белгилашда, инсон тафаккурининг тўғри шаклланишида асосий омилдир.

Давлатимиз раҳбари раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавият эканини астойдил таъкидлагани бежиз эмас, албатта.  

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигида соҳа ходимларининг айни масалалар юзасидан долзарб вазифалари нималардан иборат эканини атрофлича таҳлил этишга оид онлайн мулоқотда бу ҳақда батафсил сўз юритилди.

Самимий мулоқотда агентликнинг марказий аппарати билан бирга тизимдаги ташкилотлар, ҳудудий бошқармаларда меҳнат қилаётган мутахассислар ҳам маънавият билан бевосита боғлиқ бўлган жиҳатлар, миллий тарихимиз, жадидчилик ҳаракати, мустақиллигимизнинг маънавий асослари, ўзбек тилининг тарихи, бугунги кунда унинг тобора тикланиб бораётган мавқе-мақоми хусусида атрофлича фикр алмашиш имконига эга бўлди.  

Агентлик директорининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Жуманазар Мелиқулов, олим ва журналист Ҳалим Саидов, шоир Шодмонқул Саломов ва бошқалар миллий маънавиятимизни тиклаш, миллий ўзликни англаш каби масалалар бугунги янгиланиб бораётган Ўзбекистонда тобора кўпроқ долзарблик касб этаётганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек ўта мураккаб ва масъулиятли жараёнда миллатнинг кўзини очишга, уни таназзул ва манқуртликдан асраб қолишга, мудом зиёга чорлаган маърифатпарвар боболаримизнинг пок номларини халқимизга қайтаришга, умрини фидо этган эзгу мақсадларнинг моҳиятини ёшларга батафсил тушунтиришга, таълим-тарбия соҳасини тубдан ислоҳ этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.  

Юртимизда миллий адабиёт, маданият ва санъат, тарих, илм-фанга бўлган улкан эътибор, жойларда ташкил этилаётган ижод мактаблари, “Ғалаба” ёдгорлик мажмуасининг ташкил этилиши халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, уларнинг аслида кимларнинг авлоди эканини теран англашига яқиндан кўмаклашишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.  

Ҳар қанча мураккаб ва синовли бўлмасин, 2020 йилда қатағон қурбонлари меросини ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш, Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш, улуғ бобомиз асарларини тадқиқ этиш, ўзбек тилининг мавқеи ва мақомини тобора юксалтириш, миллий адабиётимиз, санъатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган фидойи ижодкорлар хотирасини эъзозлаш билан боғлиқ эзгу ташаббуслар кенг қулоч ёзди. Буларнинг барчаси эса ҳамюртларимизни маънавий юксакликка элтишда алоҳида аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Бугун жаҳонда глобаллашув, геосиёсий манфаатларнинг тўқнашуви тобора кескин тус олаётган мураккаб жараёнда маънавий-маърифий масалаларга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратиш, уйғоқ виждон соҳиби бўлиш, теран ва соғлом фикрлаш, усти ялтироқ, бироқ таг-замири ғаразли ғоялардан мудом огоҳ ва ҳушёр бўлиш долзарблиги тобора яққол аён бўлмоқда.  

Мароқли, ҳам фойдали кечган онлайн конференцияда иштирокчилар иқтисодиёт ва маънавиятнинг ўзаро ҳамоҳанглиги, ҳамюртлармизнинг фаол фуқаролик позицияси, жадидчилик ҳаракатининг асл мазмун-моҳияти, маърифатпарвар боболаримизнинг ибратли фаолияти, эзгу мақсад-муддаолари ҳақидаги саволларга олимлар томонидан батафсил жавоб берилди. 

Назокат Усмонова, ЎзА

643 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech