Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

22 Май 2022

“Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖнинг 100 % улушини сотиш ҳақида эълон

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги “UzAssets” инвестиция компанияси АЖ (бундан буён матнда “UzAssets”) “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ (бундан буён матнда “Корхона” ёки “ФНҚИЗ”) устав фондидаги “UzAssets”нинг 100 % улушини 100,0 млн. АҚШ долларига сотиш тўғрисида, Ўзбекистондаги энг йирик нефт ва газ соҳасидаги хусусий корхона Sanoat Energetika Guruhi МЧЖ ХК (“Харидор”) билан келишувга эришганлигини эълон қилади.

Давлат улушини сотиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги "Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда Давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6096-сон ва 2021 йил 11 февралдаги "Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида"ги ПФ-6167-сон Фармонлари, шунингдек, жаҳон амалиётидан келиб чиққан ҳолда, хусусийлаштириш бўйича консультантнинг тавсияларига асосан, шаффоф ва соф рақобат асосида, халқаро профессионал консультантни жалб этган ҳолда, очиқ савдо жараёни орқали амалга оширилди.

Сотиш жараёнини ташкил қилиш учун хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида танлов асосида KPMG Valuation and Consulting МЧЖ халқаро консалтинг компанияси жалб қилинди. Давлат улушини баҳолаш учун Big4 ("Катта тўртлик")га кирган халқаро баҳолаш компанияси жалб қилинган. “Dentons” халқаро юридик фирмаси томонидан “UzAssets” АЖга қўшимча ҳуқуқий кўмак кўрсатилди.

Сотиш жараёни бошланганлиги ҳақидаги хабарлар Давлат активларини бошқариш агентлиги ва UzAssetsнинг расмий веб-сайтларида 2021 йил 30 апрел куни эълон қилинди. Бундан ташқари, консультант томонидан ўзининг дунёдаги энг йирик минтақавий офислари тармоқлари орқали кенг кўламдаги investor sounding (инвесторларни хабардор қилиш/огоҳлантириш) жараёнлари ўтказилди.

Нефт ва газ соҳасидаги 30 дан ортиқ турли хил хорижий ва маҳаллий инвесторларга инвестицион тизер (компания хақида қисқача маълумот) юборилди ҳамда уларнинг учтаси иштирокида очиқ танлов жараёни ташкил этилди.

Ҳар бир талабгорга виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га жойлаштирилган корхонанинг комплекс таҳлили due diligence (молиявий, солиққа оид, ҳуқуқий ва экологик) натижалари билан танишиш, корхона тўғрисида қўшимча маълумотларни хусусийлаштириш бўйича консультант ва корхона раҳбариятидан жавоблар олиш ҳамда заводга ташриф буюриш имконияти тақдим этилди.

Хусусийлаштириш бўйича консультантнинг қабул қилинган таклифларни ўрганиш натижалари асосида тавсияларини инобатга олган ҳолда, мустақил баҳолаш натижаларидан юқори бўлган нарх параметрлари ҳамда барча белгиланган малака мезонларига жавоб берадиган энг мақбул таклиф танлаб олинди.

Корхона, мамлакатдаги дастлабки ишлаб чиқариш қуввати 6,5 миллион тоннани ташкил этадиган энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири бўлиб, унинг тарихи 1959 йилдан бошланади, 1907 йилда ишга туширилган Олти-Ариқ ёқилғи ишлаб чиқариш қуввати шулар жумласидандир. Ўтган асрнинг 60-йилларида ФНҚИЗ Ғарбий Сибир конларидан хом ашё билан таъминланган, шунингдек, бутун собиқ Совет хом ашёсини қайта ишлаш тизимининг бир қисми бўлган. Ўтган 20 йил давомида заводда модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилмаган.

Заводнинг тўлиқ ишлаши учун асосий қийинчиликлардан бири бу Ўзбекистон ҳудудида хом ашёнинг етишмаслигидир. Covid-19 пандемияси корхонанинг молиявий фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиб, нефт таъминотининг етишмаслигини оширди ҳамда нефт маҳсулотларига талабни камайтирди. Сўнгги 10 йил ичида йилига ўртача 1-1,5 млн тонна нефт қайта ишланган, мисол учун 2020 йилда атиги 900 минг тонна хом ашё қайта ишланган холос.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, корхонада асбоб-ускуналарнинг маънавий ва жисмоний эскирганлиги ишлаб чиқарилган нефт маҳсулотлари таннархининг кўтарилишига олиб келган. Натижада, ФНҚИЗ маҳсулотлари бозорнинг бошқа иштирокчилари билан рақобатлаша олмайди, бу эса паст рентабелликка, шунингдек маҳсулот сифатининг пасайишига олиб келади.

Олинган таклифларни ўрганиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда, ҳамда:

- белгиланган малака талабларига мувофиқлиги;

- ҳудуд нефт ва газ саноатидаги катта тажрибаси;

- завод фаолияти учун зарур бўлган хом ашё конларининг мавжудлиги;

- корхонанинг баҳосидан юқори сотиб олиш нархини тақдим этгани сабабли “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ХК компанияси очиқ савдо жараёни натижалари ғолиби сифатида танланди.

Битим доирасида Харидор заводни модернизация қилиш, шунингдек, замонавий ва экологик тоза бензин, Евро-5 талабларига жавоб берадиган дизел ёқилғиси; Жет а-1 реактив ёқилғиси; суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш; нефт агрегатларини модернизация қилиш, шунингдек, ишлаб чиқариш қувватини камида 2 миллион тоннага оширишни таъминлашни ташкил этиш учун 380 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция мажбуриятларини бажаришни ўз зиммасига олади.

Инвестиция мажбуриятларидан ташқари, Харидор қуйидаги ижтимоий мажбуриятларни ҳам қабул қилмоқда:

- 2 йил мобайнида Корхонада мавжуд иш ўринларини ва ишчилар сонини сақлаб қолиш (табиий сабаблар билан бўшайдиган иш ўринлари бундан мустасно), амалдаги иш ҳақи фонди миқдорини камайтирмаслик ва жамоа шартномаси шартларини ёмонлаштирмаслик;

- ходимларнинг иш ҳақларини битим имзолаш санасидаги миқдордан камайтирмаслик;

- жамоа шартномасининг асосий шартлари сақланишини таъминлаш;

- бошқа ижтимоий мажбуриятларни максимал даражада сақлаш.

Маълумот: “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ХК Ўзбекистон Республикасидаги энг йирик хусусий вертикал интеграциялашган нефт ва газ компанияси ҳисобланади. Айни пайтда компания ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган 103 та конга эгалик қилади ва нефт қазиб олишнинг тахминан 80 фоизини ва тасдиқланган газ захираларининг тахминан 22 фоизини ташкил қилади. Нефт ва газ қазиб олишдан ташқари, компания бензин, дизел, нефт, авиация керосини ва бошқа бир қатор юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Корхона Ўзбекистондаги стратегик лойиҳаларда, жумладан, нефт қазиб олишни кўпайтириш лойиҳаларида иштирок этади.

Халқаро амалиёт ва сотиш жараёни қоидаларига мувофиқ, шунингдек, иштирок этувчи талабгорларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, талабгор номи ва таклифи мазмуни ошкор этилмайди.

6552 Чоп этиш