Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

23 Март 2022

“Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-168-сон, 18.03.2022 й.) қабул қилинди

Қарорда қайд этилганидек,

  • Давлат активларини бошқариш Агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик) томонидан 60 га яқин вазирлик, идора ва 2 мингдан ортиқ давлат иштирокидаги корхоналарнинг 12 мингдан ортиқ улушлари ва кўчмас мулк объектлари ялпи хатловдан ўтказилди.

Қарорга кўра,

  • “UzAuto TRAILER” МЧЖ, Ангрен қувур заводи каби 55 та хўжалик жамиятларидаги давлат улуши хусусий секторга сотилади.
  • 1501 та кўчмас мулк объектлари, жумладан нефть-газ тармоғи корхоналарининг 396 та, ахборот технологиялари соҳасидаги корхоналарнинг 130 та, тижорат банклари ва молиявий хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг 109 та, озиқ-овқат тармоғи корхоналарининг 47 та, йўл-транспорт тармоғи корхоналарининг 29 та, энергетика тармоғи корхоналарининг 20 та ва бошқа тармоқ корхоналарининг 105 та ҳамда давлат мулки бўлган 665 та кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга чиқарилади;
  • умумий майдони 1721 гектар бўлган 33,6 мингта ер участкаларини устувор равишда мулк ҳуқуқи асосида, мулк ҳуқуқи асосида имкони бўлмаганларини ижара ҳуқуқи асосида савдога чиқарилади;
  • “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизимида идоралараро келишувда турган
    13,6 мингта ер участкаларини ҳамда жорий йил якунига қадар 2 052 гектар бўш ер участкаларини қўшимча равишда аниқлаган ҳолда уларни белгиланган тартибда мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.

Шунингдек, Қарорга кўра, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчилари (кейинги ўринларда – ҳоким ёрдамчилари) томонидан ўз ҳудудларида бўш турган давлат кўчмас мулк объекти ёки ер участкалари аниқланган ҳолларда, улар:

  • ҳудуди 2 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объекти бўлганда – ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртмасига асосан Агентлик томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ, тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўлганда онлайн-буюртма уч кун муддатда кўриб чиқилади ҳамда ижобий хулоса берилган тақдирда, икки ҳафта муддатда тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади;
  • вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қарашли бўлган, уч ойдан ортиқ фойдаланилмасдан бўш турган объект, ижтимоий объектлар бундан мустасно, Агентлик томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ уларнинг розилигисиз ижарага ёки сотиш учун савдога чиқарилади;
  • ҳудуди 10 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини сотишдан тушган маблағлар, баҳолаш ва сотиш харажатлари ҳамда Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси тасарруфига ўтказиладиган қисми чегирилган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикасининг бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетларига ҳамда объект жойлашган туман (шаҳар) бюджетига тенг улушларда тақсимланади.  

 “Universal Mobile Systems” МЧЖни баҳолаш ва сотиш жараёнига халқаро консалтинг, аудиторлик ва инвестиция маслаҳатчиси, инвестиция банки ёки бошқа ихтисослашган компанияни жалб этган ҳолда, 2023 йил 1 апрелга қадар хусусийлаштириш чоралари кўрилади.

“Ўздонмаҳсулот” таркибидаги 25 та дон корхонаси 2022 йил 1 июлга қадар, қолганлари эса жорий йилнинг якунига қадар босқичма-босқич савдога чиқарилади.

2022 йил 1 апрелдан бошлаб “Ўзагросервис” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг кўчмас мулк объектлари, зарур ҳолларда, уларни алоҳида лотларга бўлган ҳолда, электрон онлайн-аукцион савдоларига баҳоланган қийматда чиқарилади.

Шунингдек, Қарорга биноан, Молия вазирлиги томонидан:

  • 2022 йил 1 октябрга қадар “Қишлоқ қурилиш банк” АТБнинг акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO);
  • 2022 йил якунига қадар Халқаро молия институтларини жалб этган ҳолда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва “Асакабанк” АТБнинг давлат улушлари савдога чиқарилиши;
  • 2023 йил 1 июлга қадар “Халқ банки”, “Микрокредитбанк”, “Алоқабанк”, “Агро банк”, “Ўзмиллийбанк”ларнинг акцияларини фонд биржаси орқали оммавий жойлаштириш (IPO) ишлари ташкиллаштирилади.

Қарорга кўра, қуйидагилар белгиланади:

  • давлат активларини хусусийлаштиришда уларнинг бошланғич нархини эълон қилмаган ҳолда талабгорларни музокараларга оммавий таклиф қилиш йўли билан, шу жумладан профессионал ташкилотларни жалб қилган ҳолда сотиш услуби жорий этилади. Бунда, профессионал ташкилотларни жалб қилиш орқали хусусийлаштириладиган давлат активлари рўйхати Давлат тендер комиссияси томонидан тасдиқланади;
  • профессионал ташкилотларни жалб этган ҳолда қиймати 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган активлар бўйича инвесторларнинг таклифлари Агентлик ва бошқа давлат органлари иштирокисиз, жалб қилинадиган профессионал ташкилотлар томонидан тўғридан-тўғри қабул қилинади;
  • Давлат тендер комиссияси қарори асосида талабгорларни музокараларга оммавий таклиф қилиш йўли билан сотиладиган давлат кўчмас мулк объектлари ёки давлат улуши бўйича инвесторлар таклифлари “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали қабул қилинади, бундан қиймати 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган активларни профессионал ташкилотларни жалб этган ҳолда сотиш ҳолатлари мустасно;
  • халқаро нуфузга эга аудиторлик компанияларининг Ўзбекистонда фаолият юритаётган шўъба корхоналарининг баҳолаш ҳисоботлари ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди;
  • давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли улушлар ва кўчмас мулк объектларини сотишдан ва ижарага беришдан, шунингдек, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини сотишдан тушадиган маблағлар хусусийлаштириш ва ижарага бериш натижалари тўғрисидаги ахборотда давлат активларини хусусийлаштиришдан ва ижарасидан тушумлар сифатида инобатга олинади;
  • давлат активлари бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганда дастлабки тўлов суммаси 35 фоиздан кам бўлган ҳолатларда, қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида йиллик фоизлар ҳисобланади;
  • давлат кўчмас мулк объектларини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган ва сотиб олиш тўловини тўлиқ амалга оширгунга қадар “тасарруф этиш ҳуқуқисиз” давлат ордери берилган тадбиркорлик субъектлари томонидан қўшилган қиймат солиғи мазкур объектларга нисбатан тасарруф этиш ҳуқуқи тўлиқ ўтгандан сўнг тўланади.
3740 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech