Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

14 Декабрь 2024

Баҳоловчининг малака сертификатининг амал қилиши муддатидан олдин тугатилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 30 ноябрдаги 635-сон қарори билан тасдиқланган Баҳоловчиларга малака сертификатини бериш Паспортига асосан баҳоловчи томонидан бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот ҳамда эксперт хулосаси нотўғри тузилса Баҳоловчининг малака сертификатини амал қилиши суд қарорига асосан бекор қилинади.

Судларнинг сўровномаларига кўра баҳсли вазиятларда баҳоланадиган объектларнинг баҳолаш бўйича материалларини экспертизадан ўтказиш бўйича эксперт комиссияси томонидан “Elit Innovatsion Baholash” МЧЖ баҳоловчи ташкилотида фаолият юритаётган баҳоловчи Худойбергенов Дилшод Илхамович томонидан тайёрланган 10 та эксперт хулосаси ҳаққоний эмас деб топилган.

Маълумот учун: Мазкур комиссиянинг ишларини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш механизмини тасдиқлаш ҳақида”ги 2008 йил 28 июлдаги 161-сон қарори билан тасдиқланган ва ушбу қарорга асосан Давлат активларини бошқариш агентлиги Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

Шу боис, Давлат активларини бошқариш агентлигининг даъво аризасига асосан Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2024 йил 1 ноябрдаги ҳал қилув қарорига ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2024 йил 11 декабрдаги 266/11-қр-сон қарорига асосан Худайбергенов Дилшод Илхамович номига 2022 йил 29 июлда берилган 0661-сон баҳоловчининг малака сертификатини амал қилиши бекор қилинди.

Шунингдек, ушбу сертификат бекор қилинганлиги тўғрисида Баҳоловчи малака сертификатига эга шахслар реестрига маълумотлар киритилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 24 апрелдаги “Баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифати учун уларнинг масъулиятини ошириш тўғрисида”ги ПҚ-843-сон Қарорига асосан Қонун ҳужжатларини бузганлик учун Худойбергенов Дилшод Илхамовичга берилган малака сертификатини амал қилиши бекор қилинганлиги сабабли, малака сертификати амал қилиши бекор қилинган вақтдан бошлаб бир йил мобайнида малака сертификатини такроран олиш учун имтиҳонга қўйилмаслиги маълум қилинади.

Ҳурматли юртдошлар ва бизнес вакиллари!

Баҳоловчи ташкилот ва буюртмачи ўртасидаги шартномавий муносабатларда турли хил тушунмовчиликларни олдини олиш мақсадида, баҳоловчиларни жалб қилишдан аввал қуйидаги ҳавола орқали баҳоловчининг малака сертификатини текшириб олишингизни сўраймиз.

Ҳавола: https://data.egov.uz/uzbKr/data/6110b9c9db32b99538e0814f

3708 Чоп этиш