Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

21 Январь 2021

"Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамаси

Жорий йилнинг 20 январида “O’zLiDeP PRESS KLUBI”нинг навбатдаги сонида Давлат аткивларини бошқариш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди. Ушбу тадбирда Давлат активларини бошқариш агентлигининг Банкротлик масалалари бошқармаси бошлиғи М.Ғафуров, бошқарма бошлиғи Ж.Тахиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд вакиллари, вазирлик ва идоралар ҳамда Ўзбекистон Либерал демократик партия вакиллари иштирок этишди.

Мазкур Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон қарори билан тасдиқланган “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури”да белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, амалдаги Ўзбекистон Республикасининг “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуни негизида янги таҳрирда ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Идоралараро ишчи гуруҳ тузилиб, мутахассислар томонидан 2019 йил октябрда Япония ҳамда 2020 йил январда АҚШнинг тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги тажрибаси ўрганилган.

Шунингдек, 2020 йил февраль ойида JICA Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги кўмагида Японияда тўловга қобилиятсизлик амалиёти билан шуғулланувчи 2 нафар экспертларнинг мамлакатимизга ташрифи ташкил этилди. “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси бўйича мутахассисларнинг фикрлари, шунингдек Жаҳон банкининг таклиф ва тавсиялари олинган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати

  • биринчидан – амалдаги Қонуннинг “банкротлик” атамаси билан номланиши фақатгина иқтисодий ночор корхонани банкрот деб топиш ва уларни тугатиш билан боғлиқ тушунчани англатмоқда;
  • иккинчидан – банкротликнинг соғломлаштириш таомиллари, хусусан, суд санацияси ва ташқи бошқарув таомилларини қўлланишини рағбатлантирувчи нормалар мавжуд эмас;
  • учинчидан – кредиторлар қарзларининг қопланиш даражаси пастлиги ва банкротлик жараёнлари муддати узоқ давом этиши оқибатида кўп ҳаражат сарф бўлиши;
  • тўртинчидан – қарздор тузган битимларни бажаришдан бош тортиш ҳамда уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича аниқ нормалар мавжуд эмаслиги;
  • бешинчидан – амалиётда мол-мулки етмасдан қопланмай қолган қарз маблағларини қарздорнинг мансабдор шахсларидан субсидиар ёки солидар тартибда ундириш тартиблари белгиланмаганлиги;
  • олтинчидан – жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги институти ва амалиёти мавжуд эмаслиги;
  • еттинчидан – суд бошқарувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, мажбуриятлари аниқ белгиланган бўлсада, уларнинг ваколатлари етарли даражада эмаслиги, уларга иш ҳақи ва мукофот пулларини бериш кафолатланмаганлиги шулар жумласидандир.

Қонунчиликдаги бундай камчиликларнинг мавжудлиги сабабли, Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” ҳисоботида “Тўловга қобилиятсизликни ҳал этиш” индекси бўйича мамлакатимиз 190 та давлат орасидан 100-ўринни эгаллаган.

Қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва кутилаётган натижа

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги” Қонун лойиҳаси 17 та боб ва 252 та моддадан иборат ва қуйидаги асосий тартиблар жорий этиш орқали амалиётда учраётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда мазкур соҳани янада ривожлантиришга қаратилган. Жумладан:

  • тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомилларини ўтказиш жараёнида вужудга келадиган жорий солиқ тўловларини ҳисоблашни тўхтатиб туриш ва жараён муддати якунлангандан сўнг тўлаш;
  • қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш мақсадида тижорат банклари, молия ташкилотлари ва бошқа манбаларнинг маблағларини жалб этиш;
  • соғломлаштириш режаларида олдиндан қарздорликнинг қанча қисмини қоплашни назарда тутиш. Шунингдек қарздорнинг мол-мулкини сотиш назарда тутилган бўлса, кредиторлар розилиги билан унинг нархини босқичма-босқич 50 %гача тушириб боришга рухсат бериш;
  • қарздор тузган битимларни бажаришдан бош тортиш ва қарздорга фойда келтирмайдиган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш асосларини кенгайтириш;
  • қарздорни бошқарувчи шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари оқибатида кредиторларнинг талабларини тўлиқ қопланишини имконсиз қилиб қўйган шaxслар қaрздoрнинг қопланмай қолган мaжбуриятлaри бўйичa суд қарорига асосан субсидиар жaвoбгaр бўлиши;
  • жисмоний шахсларни тўловга қобилиятсиз деб топиш институти жорий этилмоқда. Бунда жисмоний шахснинг кредиторлик қарзи 3 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш ёки унинг мулкини сотиш орқали қопланади.

Суд бошқарувчисининг ҳуқуқлари кенгайтирилмоқда, жумладан Давлат хизматлари агентлиги орқали кўрсатиладиган хизматлардан олдиндан тўловларни амалга оширмасдан фойдаланиш, давлат органларидан қарздор фаолияти бўйича маълумотларни бепул олиш, мулки бўлмаган корхоналарни тугатишда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш каби янги тартиблар белгиланмоқда.

Адвокатлик ва аудиторлик хизмати кўрсатувчи юридик шахсларга ҳам тўловга қобилиятсизлик таомилларини ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда.

Улуш киритиш асосида қурилган уй-жойларни харид қилган мулкдорлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида қурувчиларни тўловга қобилиятсиз деб топишнинг алоҳида тартиби белгиланмоқда.

Қарздор юридик шахсга суд санацияси ёки ташқи бошқарув таомилини қўлланишига эришган суд бошқарувчисини қўшимча рағбатлантириш, қўшимча ҳуқуқ ва ваколатлар бериш ва бошқа нормалар таклиф этилмоқда.

Шунингдек, мазкур Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда тўловга қобилиятсизлик индикаторидаги ўрнини кўтариш, шунингдек, амалиётда тўловга қобилиятсизлик ҳолатига тушган корхоналарнинг фаолиятини тезкорлик билан тиклаш имконини беради.

1283 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech