Жорий йил 24 декабрь куни Давлат активларини бошқариш агентлиги биносида Давактив агентлиги директори Акмалхон Ортиков иштирокида тизимидаги ёшлар билан "Раҳбар ва ёшлар" очиқ мулоқоти ташкил қилинди. Мазкур тадбир Агентликнинг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва тизим ташкилотларининг 230 дан ортиқ ёшлари иштирокида бўлиб ўтди.
А.Ортиков сўзининг бошида Муҳтарам Президентимиз томонидан 2024 йил Ўзбекистонда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганлиги, шунингдек, Президентимизнинг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганлиги, юртимизда ёшларга бўлган эътибор ва уларга нисбатан ишончнинг юқори эканлигидан далолат беришини таъкидлаб ўтди.
Ўз ўрнида, бугунги кунда Давактив агентлиги тизимида 255 нафар ёшлар фаолият кўрсатиб келаётган бўлса (жами тизимдаги ходимларнинг 24 фоизи), улардан 20 нафари раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда. Жорий йил мобайнида ёшлар билан ишлаш, хусусан уларни қўллаб-қувватлаш, малакасини ошириш бўйича тизимда бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Давактив агентлиги тизимидаги ёшларнинг билим ва салоҳиятларини ошириш мақсадида:
- Давактив агентлигининг бир қатор ёш ходимлари Хитой Халқ Республикасида “Давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш ва Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлиги соҳасидаги салоҳиятини ошириш” мавзусида ўтказилган семинарда қатнашишди;
- Икки ёш ходимлар томонидан Бирлашган Араб Амирликларида бизнес соҳа вакилларига Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнлари тақдимот қилинди ҳамда Туркия Республикасида бўлиб ўтган “Ўзбекистон-Туркия бизнес форуми” доирасида иштироки таъминланди;
- Бир нафар ёш ходим Швейцариянинг Женева, АҚШнинг Вашингтон ва Қозоғистоннинг Остона шаҳарларида бўлиб ўтган Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳининг йиғилишларида қатнашди;
- Бир нафар ёш ходим Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтган “Лойиҳаларни бошқариш” бўйича тренингда иштирок этиб, хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиб қайтди.
Шунингдек, Давактив агентлиги тизимида фаолият олиб бораётган ёш ходимлардан 2 нафари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштиришга тайёрлаш бошқармаси бош мутахассиси Оманов Шохжахон ва Методология бошқармаси етакчи мутахассиси Яхшибоев Шоҳруҳ ҳозирда Жанубий Кореянинг “Ajou University” университетининг “MBA in IT-Business” магистратура босқичини якунлаш арафасида эканлиги айтиб ўтилди.
Тадбир давомида Давактив агентлигининг бир қатор ёш ходимлари ўз маърузалари билан ҳам иштирок этди ва ўзининг тажрибаси ва ёшларга яратилган шароитлар ҳақида сўз юритди.
Келгусида ҳам Давактив агентлиги тизимида фаолият олиб бораётган ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни тизимли равишда давом эттирилиши таъкидланиб ўтилди.
Тадбир сўнгида, Давактив агентлигининг ёшлари томонидан бир қатор таклифлар билдирилди ҳамда уларнинг таклифлари 2025 йил учун ишлаб чиқиладиган Ёшлар билан ишлаш бўйича Давактив агентлигининг дастурига киритилиши белгиланди. Ўз ўрнида, энг фаол ва изланувчан ёшларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.