Жорий йилнинг 12 сентябрь куни молиявий бозорлар бўйича бизнес конференцияларнинг етакчи провайдери Cbonds-Congress ва Инвестиция институтлари миллий уюшмаси томонидан мамлакатимиз Капитал бозорини ислоҳ қилиш ва уни жадал ривожлантириш истиқболлари муҳокамасига бағишланган “Ўзбекистон Республикаси Капитал бозори” VI халқаро конференцияси ташкил қилинди.
Анъанага айланган мазкур конференция капитал бозорини тартибга солувчи масъул органлар, маҳаллий банклар, инвестиция ва ишлаб чиқариш компаниялари, шунингдек, халқаро молия институтлари, рейтинг агентликларининг 200 дан ортиқ вакиллари ҳамда кўплаб ушбу соҳа экспертларини бир мақсадда бирлаштирди.
Мазкур тадбирда Давактив агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев “Ўзбекистон молия бозори: тартибга солиш” секциясида иштирок этиб, ўз маърузасида давлат активлари ва ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнлари, 2024 йилга мўлжалланган истиқболли режалар ҳақида сўз олиб борди. Хусусан, 2024 йилда жами 250 тага яқин корхоналарнинг давлат улуши ва 1000 тадан ортиқ кўчмас мулк объектлари сотилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, А.Миралиев “Халқчил IPO” дастури доирасида йирик компанияларнинг акцияларини “битта акция – битта лот” тамойили асосида оммавий жойлаштирилиши, борасида маълумот бериб ўтди.
“Халқчил IPO” дастури мамлакатда аҳолининг барча қатламлари орасида кенг мулкдорлар синфини – акциядорларни шакллантириш мақсадида ўтказилишини таъкидлаб ўтди. Бу учун Олмалиқ КМК, Ўзбектелеком, Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси ва Ўзтемирйўлконтейнер каби йирик компанияларнинг акциялари бирламчи (IPO) ва (ёки) иккиламчи (SPO) оммавий таклиф этилиши ҳақида эслатиб ўтди.
Мазкур Ўзбекистоннинг йирик компаниялари акцияларининг оммавий таклифини ўтказиш жараёнида маҳаллий инвесторларнинг буюртмаларини қабул қилиш “Тошкент” РФБ савдо майдончасида амалда бўлган жараёнга қўшимча равишда, фуқаролар ўртасида оммалашишга улгурган ва фойдаланувчиларга қулай бўлган “E-auksion” электрон савдо платформаси, шу жумладан унинг мобил иловасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Бунда, платформа орқали 24/7 онлайн режимида:
- талабгорларни қимматли қоғозлар бозори қонунчилиги талабларига асосан идентификация қилиш (ЭРИ, One ID ва Mobile-ID);
- профессионал брокерни танлаб, улар билан шартнома тузиш;
- депо ҳисоб рақам (акция/облигация учун ҳисоб рақам) очиш;
- маҳаллий инвесторлар томонидан акцияларни сотиб олиш бўйича буюртмаларни юбориш имкониятлари яратилиши таъкидланди.
Тадбирда иштирокчилар томонидан хусусийлаштириш соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва эришилаётган натижалар мамлакат капитал бозорини жадал ривожлантириш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.