Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

05 Август 2023

"Давлат мулкини бошқариш тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ тайёрланган Давлат иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти натижадорлиги ва давлат мулкидан фойдаланиш ҳолати тўғрисидаги йиғма ҳисобот

Ошкоралик ва ҳисобдорликнинг илғор стандартлари давлат иштирокидаги корхоналар самарадорлиги ва қийматини ошириш, улар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда инвестициявий жозибадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Шу боис, Ўзбекистон Республикасининг "Давлат мулкини бошқариш тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПФ-6257-сон Фармони, 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-101-сон Қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги 166-сон қарори билан тасдиқланган Давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ҳар йили Давлат иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти натижадорлиги ва давлат мулкидан фойдаланиш ҳолати тўғрисидаги йиғма ҳисоботни ошкор этиш амалиёти йўлга қўйилди.

-Йиғма ҳисоботни юклаб олиш учун ушбу ҳаволага босинг- 

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг 2022 йилдаги фаолияти натижадорлиги ва давлат мулкидан фойдаланиш ҳолати тўғрисидаги йиғма ҳисобот шакли Халқаро молия институтлари (Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки) ва ҳорижий экспертлар билан ҳамкорликда корпоратив бошқарувнинг илғор халқаро тажрибасига, хусусан Швеция, Норвегия, Финляндия, Янги Зеландия, Латвия давлатларининг ҳисоботларига асосланган ҳолда ишлаб чиқилган.

Ушбу ҳужжат давлат иштирокидаги корхоналар тўғрисидаги йиллик жамланган маълумот бўлиб, уларнинг бошқарув тузилмаси, фаолияти натижалари, молиявий ривожланиши ва ҳисобот йилидаги муҳим воқеалар тўғрисидаги маълумотларни қамраб олган. Шунингдек, йиғма ҳисоботда давлат иштирокидаги корхоналар ҳақидаги маълумотлардан ташқари, Давактив агентлиги фаолияти, давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш жараёнлари, корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси ижроси ва бошқа муҳим масалалар ҳақидаги маълумотлар ёритилган.

Хусусан, ҳисобот йилида 1 375 та давлат активлари 11,3 трлн. сўмга (ўтган даврга нисбатан 1,6 баробар ортиқ) сотилиб, 6,6 трлн. сўмлик тушум таъминланди.

Масалан, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ (1,1 трлн сўм), “Hayatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси (970 млрд сўм), “UzAuto TRAILER” МЧЖ (561 млрд сўм) каби давлат активлари салоҳиятли инвесторларга сотилди.


Давлат иштирокидаги корхоналар сони 2023 йил 1 январь ҳолатига 2 340 тани ташкил этиб, шундан 224 таси акциядорлик жамиятлари, 1 219 таси масъулияти чекланган жамият ва 897 таси давлат унитар корхоналари ҳисобланади, буларда акциядор (иштирокчи, муассис) функцияари 82 та вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилган.

Умуман олганда, иқтисодиётдаги давлат улушини қисқартиришга қаратилган ислоҳотлар бошланганидан буён давлат иштирокидаги корхоналар сони 3 мингтадан 2022 йилда якунида қарийб 1 362 тага ёки 45 фоизга камайтиришга эришилди (123 таси сотилган, 578 таси тугатилган, 661 таси қайта ташкил этилган, устав капиталига берилган ва ҳ.к.). Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари доирасида давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли активларни кейинчалик хусусийлаштириш мақсадида Давактив агентлигига ўтказиш бўйича ишлар давом этмоқда.

Маълумот тариқасида, 2022 йилда корхоналарнинг жами даромадлари 360,2 трлн. сўмни ташкил қилиб, 41,1 трлн. сўм соф фойда кўрган, шу билан бирга 439 та корхона ўз фаолиятини 13,2 трлн. сўм зарар билан якунлаган. Корхоналар томонидан давлат бюджетига 58,2 трлн. сўм солиқлар ва 22,2 трлн. сўм дивиденд (ажратма) тўланган бўлиб, давлат бюджети даромадининг 39,4 фоизини ташкил қилган.

Давлат иштирокидаги корхоналарда жами 547,3 минг нафар ходимлар фаолият юритиб, улар жами банд аҳолининг 3,9 фоизини ташкил қилган.

1202 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech