Жорий йил 12 сентябрь куни “Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan Ltd” компаниясини 2021 йил сентябридан бош директори вазифасида ишлаб келаётган Эзел Агаоглу Ўзбекистондаги фаолиятини якунлаётганлиги муносабати билан фаолияти давомида кўрсатилган яқиндан ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдириб ташриф буюрди.
Жаноб Эзел Агаоглу Ўзбекистондаги 2021 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб ўтган фаолияти даврида “Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan Ltd” компаниясида замонавий корпоратив ва молиявий бошқарув тизимларини жорий этилишига, компаниянинг ишлаб чиқариш қувватларини оширишга, йиллик солиқ тушумларини хусусийлаштиришдан олдинги даврга нисбатан каррасига оширишга муваффақ бўлганлигини таъкидлаб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистондаги Coca-Cola компанияси Туркиянинг йирик компанияларидан бири бўлган “Anadolu Group” холдинги таркибига кирувчи “Coca-Cola İçecek”га 2021 йилда сотилиши Ўзбекистондаги хусусийлаштиришнинг биринчи муваффақиятли мисолларидан бири ҳисобланишини таъкидлаб ўтилди.
Маълумот учун: 2021 йилда “Rothschild & Co” ва “Dentons” халқаро консалтинг компаниялари иштирокида, “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ устав капиталидаги 57,1% давлат улушини “Cоcа-Cола İçеcек А.Ş.” (CCI) компаниялар гуруҳига 252,3 миллион АҚШ долларига сотилган.
Мазкур битим Ўзбекистон ичимликлар бозорига ижобий таъсир кўрсатди, хусусан, сўнгги 3 йил ичида турк инвестори томонидан Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш йўли билан, Урганчдаги мавжуд ишлаб чиқариш инфратузилмасини модернизация қилиш учун 40 миллион АҚШ долларлик янги технологиялар жорий қилинди, шунингдек Самарқанд шаҳрида қиймати 112 миллион АҚШ доллар бўлган “Coca-Cola Bottlers Uzbekistan”нинг янги ва замонавий тўртинчи заводи ишга туширилди, натижада янги 200 та иш ўринлари яратилди. 2025 йилда Намангандаги мавжуд завод ўрнига янги замонавий инфратузилмага ва технологияларга эга бўлган завод бошқа жойда янгидан қуриб ишга туширилади.
Жаноб Эзел Агаоглу Ўзбекистондаги фаолияти давомида яқиндан ҳамкорлик ва ҳамроҳлик қилганлиги учун Давактив агентлигига миннатдорчилик билдириб, Компанияга янги келадиган раҳбар билан конструктив ва сермаҳсул ҳамкорлик ўрнатилишига ишонч билдирди.
Учрашув якунида Давактив агентлиги жаноб Эзел Агаоглуга хусусийлаштиришдан кейинги жараёндаги энг яхши бошқарувчи фахрий ёрлиғини топшириб, келгусидаги фаолиятига янада улкан зафарлар тилаб қолди.