Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

22 Август 2023

“Фотон” АЖ устав капиталидаги давлат улушини хусусийлаштириш жараёни юзасидан ахборот

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан жорий йил 10 июль куни чоп этилган эълонга мувофиқ, "Фотон" АЖ устав капиталидаги давлат улушини (кейинги ўринларда – "Актив" ёки "Компания") хусусийлаштириш жараёнининг Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичи бошланган.

Аввал маълум қилинганидек, ушбу давлат активини хусусийлаштириш жараёнини илғор халқаро тажриба асосида амалга ошириш учун “Abrau Capital” (кейинги ўринларда – "Консультант") компанияси хусусийлаштириш бўйича Консультант сифатида жалб этилган.

Аризаларни қабул қилиш жараёни доирасида, Консультант томонидан кенг қамровли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан, инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилди. Натижада, 2023 йил 15 августга қадар 2 нафар инвесторлар томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар Консультантга келиб тушган.

Давактив агентлиги ҳамда хусусийлаштириш бўйича Консультант томонидан келиб тушган барча аризалар қуйидаги мезонлар бўйича сараланган:

  • хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини таъқиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига риоя этилиши;
  • Талабгор ва улар билан боғлиқ бўлган шахслардан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг санкциялари рўйхатига киритилмаганлиги, шунингдек келажакда бундай рўйхатларга кириш эҳтимолининг пастлиги;
  • барқарор молиявий ҳолати (МҲХС бўйича текширилган молиявий ҳисоботлари билан тасдиқланган) ва эҳтимолий битимни кафолатланган молиялаштириш қобилияти.

Келиб тушган аризаларни юқоридаги мезон талаблари асосида Консультант томонидан чуқур ўрганиш натижасида, барча инвесторларнинг аризалари юқоридаги мезон талабларига тўлиқ мос деб топилган.

Шунга кўра, Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичидан муваффақиятли ўтган талабгорлар, хусусийлаштириш жараёнининг келгуси Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) қабул қилиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинади ҳамда уларга ушбу босқич жараёнлари тўғрисидаги хат (Process Letter) юборилади.

Талабгорлар томонидан Ахборотларни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзолангандан сўнг, уларга Консультант томонидан тайёрланган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш имконияти берилади. Ушбу маълумотлар хонаси Актив тўғрисида батафсил маълумотларни, жумладан, тарихий ва прогнозли молиявий кўрсатгичлари каби ахборотларни ўз ичига олади.

Консультант томонидан Активни сотиб олиш нархи бўйича Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) 2023 йил 25 сентябрь соат 18:00 (Тошкент вақти билан)га қадар қадар қабул қилинади.

Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнига қизиқиш билдирган ва аризалар топширган барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдиради ҳамда Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш босқичидан мувафаққиятли ўтган талабгорлар билан келгусидаги конструктив ҳамкорликни шаффоф муҳитда давом эттиради.

957 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech