Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

04 Май 2024

III Тошкент халқаро инвестиция форумида хусусийлаштириш ва давлат активлари мавзуси муҳокама қилинди

Жорий 2-3 май кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган III Халқаро инвестиция форумида "Хусусийлаштириш ва давлат активлари: инвестициялар учун янги истиқболлар" мавзусида панель муҳокамаси бўлиб ўтди.

Сессияда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Aкмалхон Ортиков ва бир қатор халқаро экспертлар, хусусан, "Franklin Templeton" катта бошқарувчи директори Тек Хоан Онг, "KPMG Caspian" ҳамкори ва маслаҳатчиси Салтанат СандибаеваДавактив агентлиги директори маслаҳатчиси Жон Насиров ҳамда модератор сифатида Халқаро Молия Корпорацияси (IFC)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Неил Макеин иштирок этди.

Экспертлар хорижий инвестицияларни жалб этишнинг муҳим омили сифатида давлат активларини хусусийлаштиришнинг халқаро тажрибасини муҳокама қилдилар. Бундан ташқари, иштирокчилар сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини уйғунлаштириш орқали иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, хусусий мулкни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни муҳокама қилдилар.

Шунингдек, ушбу соҳадаги истиқболли режалар ҳамда маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун янги хусусийлаштириш дастурининг улкан имкониятлари , хусусан, янги 2024 йилги дастур билан 247 та корхонадаги давлат акция пакетлари (улушлари), 1028 та кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга чиқарилиши ҳамда 12 та йирик корхонадаги давлат улушларининг маҳаллий фонд бозорида бирламчи (IPO) ва (ёки) иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказилиши, шунингдек давлат активларини сотишда бошланғич қийматини босқичма-босқич пасайтириш механизми қўлланилаётганлиги муҳокама қилинди.  

Муҳокамалар жараёнида Давактив агентлиги директори Aкмалхон Ортиков Ўзбекистонда давлат мулкларини хусусийлаштириш ҳамда бу йўналишда олиб борилаётган ишлар ва ислоҳотлар юзасидан маълумот берди. 

“Биз биринчи навбатда қонун устуворлигини таъминлашга эътибор қаратдик. “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этилди. Мазкур қонун бозор қоидаларини аниқ белгилаб берди, десак бўлади.
 
Иккинчи қонун — “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун янгитдан ишлаб чиқилди. Қонун 1991-йилда қабул қилинган бўлиб, маънан эскирган эди. У янги таҳрирда қабул қилинди ва 15 майдан расман кучга киради. Мазкур қонунда хусусийлаштириш жараёнининг ҳар бир қадами, усуллари, шартномалар тузиш, хусусийлаштиришдан тушум тақсимот каби масалалар аниқ ёритиб берилган. Бу халқаро бозорда инвесторларга қонун асосида ишларимизни амалга ошираётганимизни кўрсатади”, — деди Aкмалхон Ортиков.

Franklin Templeton компаниясининг катта бошқарувчи директори Тек Хоан Онгнинг айтишича: оддий фуқароларга ҳам активларни сотиш керак, улар ҳам бундан фойдаланиши лозим. Шунингдек, компаниялар қийматини максимал даражада ошириш жуда мураккаб вазифа бўлиб, бу жараён хусусийлаштиришдан олдин ва кейин амалга оширилиши жуда муҳим”.

Ўз навбатида, KPMG Caspian ҳамкори ва транзакция бўйича маслаҳатчиси Салтанат Сандибаева хусусийлаштириш жараёнларининг муҳим босқичи ҳисобланадиган хусусийлаштириш олди жараёнига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини эътироф этди. Сотишдан олдин активларни хусусийлаштиришга тайёрлайдиган стратегия ишлаб чиқилаёрганлигини ва ушбу стратегияларда бозор шароитини, меъёрий-ҳуқуқий базани ўрганиш, ҳамда шаффофлик мезонлари эътиборга олинаётганлигини ва бу инвесторлар ишончини янада мустаҳкамлаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Давактив агентлиги директори маслаҳатчиси Жон Насиров хорижий давлатларда ўтказилган хусусийлаштириш жараёнларини қиёслаб, Ўзбекистонда ҳам хусусийлаштириш жараёнлари учун барча шарт-шароитлар яратилганлигини айтиб ўтди. Шу билан бирга, эксперт корхоналарнинг трансформация жараёнларига тўхталиб, ҳар бир корхонага индивидуал равишда ёндашиш муҳимлигини эслатиб ўтди.

1027 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech