Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

31 Май 2022

“Бектемир-спирт экспериментал заводи” АЖнинг 51 фоиз давлат акциялар пакети сотилганлиги тўғрисида ахборот

Давлат активларини бошқариш агентлиги “Бектемир-спирт экспериментал заводи” АЖ (кейинги ўринларда - Актив) устав капиталидаги 51% давлат акциялар пакетини 48,8 млрд. сўмга сотиш тўғрисида “Тошкентвино комбинати” АЖ билан келишувга эришганлигини эълон қилади (кейинги ўринларда - Битим).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6167-сон Фармонига мувофиқ, спирт соҳасидаги корхоналарни хусусийлашатиришдаги жаҳон тажрибаси ҳамда Актив фаолиятининг комплекс чуқур таҳлиллари (due-diligence), шунингдек, хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчи тавсияларига асосан 51 % давлат акциялари пакетини сотиш жараёнлари рақобат тамойиллари асосида оммавий танлов йўли орқали амалга оширилди.

“Abrau Capital ва Centil” консорциум компаниялари сотиш жараёнлари учун хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчи сифатида ҳамда “Baholash va Konsulting Markazi” МЧЖ давлат акциялари пакетини баҳолаш ишлари учун рақобатга асосланган танлов асосида жалб этилган.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий веб-сайтида 2022 йилнинг 2 апрель куни Активнинг 51 фоиз акциялар пакетини сотиш жараёнлари бошланганлиги тўғрисидаги эълонга мувофиқ, Консультант томонидан барча талабгорларнинг сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалари қабул қилинган.

Шу билан бирга, мазкур хусусийлаштириш жараёни ОАВлар (Spot, Uzbekistan Newsline, Kursiv Media ва б.), ижтимоий тармоқлар (Linkedln) ва Monochrome (21 мингдан ортиқ кузатувчиларга эга) орқали тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилган.

Бундан ташқари, Консультант томонидан “Бектемир спирт экспериментал заводи” АЖ бўйича инвестиция тизери 38 та салоҳиятли инвесторларга юборилган.

Мазкур давлат акциялар пакетини сотиб олиш бўйича хорижий ва маҳаллий талабгорларнинг қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалари қабул қилинган ва рақобат муҳити таъминланган.

Қизиқиш билдирган талабгорларга Активнинг фаолияти билан яқиндан танинишишлари учун консультант томонидан тайёрланган солиқ, молия, ҳуқуқий ва экологик таҳлиллар (due-diligence) мавжуд бўлган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш имконияти яратилган.

Қайд этиш жоизки, келиб тушган таклифлар ўртасида Активнинг стратегик ҳамкори ҳисобланган (2021 йилнинг ўзида  Активнинг 80 фоиз спирт маҳсулотлари биржа савдолари орқали “Тошкентвино комбинати” АЖ томонидан сотиб олинган), Актив фаолиятининг келгуси ривожланишига кафил бўла оладиган, келажакда жамият фаолиятини барқарор ривожланишини таъминлай оладиган ва юқори қўшимча қийматга эга бўлган алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш занжирини тўлиқ давомийлигини шакллантиришга салоҳиятли бўлган “Тошкентвино комбинати” АЖ қўйилган талабларга тўлиқ жавоб берган ва у томонидан таклиф этилган нарх таклифи бошқа талабгорларнинг нарх таклифидан ҳамда маслаҳатчи ва мустақил баҳолаш ташкилотининг баҳолаган нарх қийматидан юқори.

Шунингдек, спирт ва алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда рақамли маркировкаларни жорий этилиши “Тошкентвино комбинати” АЖ учун бутун таъминот занжирини якуний истеъмолчиларгача етказиб беришни кузатиб бориш ва бизнесни янада самарали бошқариш имкониятини яратади.

Юқорида кўрсатиб ўтилган фикрлар ва таклифнинг нарх параметрларини инобатга олиб, “Тошкентвино комбинати” АЖ оммавий танлов ғолиби деб топилди. Шунга кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва “Тошкентвино комбинати” АЖ ўртасида Битим бўйича юридик мажбурий ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари амалга оширилади.

2686 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech