Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

28 Апрель 2020

Иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида давлат иштирокидаги корхоналар бошқаруви масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 27-28 апрель кунлари пойтахтда бўлиб ўтган иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми (TIIF-2023) доирасида "Давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни трансформация қилиш, ривожланиш учун "тезкор қадамлар"" панель муҳокамасида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиков маъруза билан иштирок этди. Маърузанинг тўлиқ матни ва тезислари:

“Тошкент халқаро инвестиция форуми”да Давактив агентлиги директори
А.Ж. Ортиковнинг нутқи

I. Кириш қисми:

Ассалому алайкум ҳурматли форум иштирокчилари!

Давлатимиз раҳбари бошчилигида сўнгги йилларда иқтисодиётимизни ривожлантиришга қаратилган жадал ислоҳотлар олиб борилмоқда!

Давлат иштирокидаги корхоналарининг фаолиятини тўлиқ бозор механизмларига ўтказиш, корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш ва хусусий тадбиркорлик ривожланган иқтисодиётнинг тармоқларида улар сонини кескин камайтириш ушбу тизимли ислоҳотларнинг ажралмас қисмига айланди.

II. Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш бўйича:

Давлат иштирокидаги корхоналарни фаолиятининг самарадорлигини ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги тизимли ислоҳотлар амалга оширилди.

кузатув кенгаши ва ижро этувчи орган аъзоларини ваколат муддати уч йилга узайтирилди.

Эндиликда, Давактив агентлиги иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгашига давлат улуши бўйича аъзолик учун номзодларни жалб этиш рақобат тамойилларига мувофиқ танлов асосида амалга оширилади!

Илк бор, жорий йил 20 апрель куни, Давактив агентлиги “Трест-12” АЖ, “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ  ва “Ўзоғирсаноатлойиҳа” АЖ каби 61 та корхоналарнинг кузатув кенгашига давлат улуши бўйича 306 нафар аъзоликка номзодларни жалб этиш юзасидан танлов эълон қилинди.

Шу билан бирга, бундан буён давлат иштирокидаги корхоналарнинг раҳбари ва унинг ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) танлов асосида амалга оширилади.

корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига давлат органлари ходимлари сонини камайтириш ҳисобига камида бир нафар мустақил аъзо киритилиши белгиланди. Бугунги кунда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ, “Ўзбекистон аеропортлари” АЖ ва “Навоийуран” ДК каби 57 та корхоналарда 87 нафар мустақил аъзолар мавжуд;

давлатнинг корхона фаолиятида иштирок этиш учун махсус ҳуқуқи, яъни “Олтин акция” бекор қилинди;

Давактив агентлиги давлат иштирокидаги корхоналарнинг йиллик молиявий ҳисоботлар таҳлилини 2022 йилда илк маротаба Давактив агентлигининг расмий веб саҳифаларида чоп этиш амалиётини жорий этди.

Бунда, 2021 йил якунига кўра 1 770 та давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий ҳисоботлар таҳлили натижаси бўйича, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Ўзбекнефтегаз” АЖ каби 20 та энг юқори соф фойда олган ҳамда 10 та энг кўп дивиденд тўлаган, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва “Тошиссиққуввати” АЖ каби 20 та энг кўп зарар кўрган корхоналар рўйхати шакллантирилган.

Мазкур амалиёт бундан буён доимий равишда шакллантирилиб, ҳар йили 1 августга қадар Давактив агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди, унда хусусан:

  • мулкдор ва тартибга солиш вазифалари ажратилди;
  • давлат мулки республика ва муниципал мулкка тоифаланади;
  • давлат ва хусусий корхоналарга тенг шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат корхоналарига имтиёзлар ва преференциялар берилмайди;
  • давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга чеклов ўрнатилди, улар давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мувофиқ бўлган тақдирда ташкил этилади;
  • Давактив агентлиги давлат мулкини бошқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
  • Давактив агентлиги давлат мулкини бошқариш самарадорлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига бир йилда камида бир марта ҳисобот бериб боради;
  • давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мувофиқ ҳар йили 1 октябрга қадар реализация қилинадиган корхоналар рўйхати тасдиқланади.

III. Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш бўйича:

Давлат раҳбарининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш зарурати алоҳида қайд этилган.

Шу мақсадда, охирги икки йилда юртимизда бу соҳада катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган ўн йил (2010-19)да 1,2 триллион сўмлик давлат активларини сотишдан тушум бўлган бўлса, 2022 йилнинг ўзида хусусийлаштириш ҳажми 11,3 триллион сўмга етди. Яъни, сўнгги бир йилда ўн йил давомида қилинган ишлардан 10 карра кўп натижага эришилди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасига кўра тегишли қарорлар доирасида 500 дан ортиқ давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш ва қарийб 600 та корхонани қайта ташкил этиш ва тугатиш орқали давлат иштирокидаги корхоналар сони 40 фоизга қисқартирилди.

Давлат раҳбарининг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида:

  • фаол инвестицияларни жалб қилишда хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш зарурлиги;
  • навбатдаги катта хусусийлаштириш доирасида бир мингга яқин корхона савдога чиқарилиши;
  • юртдошларимиз орасида юз минглаб мулкдорлар, акциядорлар пайдо бўлиши ва ўз омонатларини инвестиция қилиб, юқори даромадларга эришишлари учун халқчил IPO ташкиллаштирилиши таъкидланган.

Шунга кўра, “сот ёки тушунтир” тамойили асосида 30 мингдан ортиқ давлат иштирокидаги корхоналар ва давлат муассасалари хатловдан ўтказилди ва янги йирик хусусийлаштириш дастури шакллантирилди.

Унга кўра, “1000 + 1000 + 40” хусусийлаштириш дастури ишлаб чиқилди. Бу 1000 та корхоналардаги улушларни 1000 та кўчмас мулк объектларини савдоларга чиқариш ва 40 та стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг улушларини АйПиОга чиқариш.

Ушбу дастур иқтисодиётнинг барча тармоқларини қамраб олганлиги, давлатнинг тизимли хусусийлаштириш жараёнларини давом эттиришга бўлган қатъиятли сиёсий иродасидан далолат беради ва ортга қайтмас хусусиятга эга.

Катта катта давлат корхоналарини хусусийлаштириш бўйича тегишли ишлар бошланган, мисол учун “Ўзбекнефтегаз” АЖ, “Uzbekistan airways” АЖ, “ИЭС” АЖ ва “Навоийазот” АЖ каби корхоналарни хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун тегишлиги бўйича Халқаро молия корпорациясини стратегик маслаҳатчи, Rothschild & Co., Deloitte ва KPMG компанияларини жалб қилинган.

хорижий давлатлар фуқароларига кўчмас мулк объектларини (бундан ер участкаси мустасно) сотиб олиш тарзида инвестиция киритишда Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини олиш талаби бекор қилинди;

Мазкур хусусийлшатириш жараёнларининг халқ манфаатларига қаратилганлиги ислоҳотларнинг янги босқичига олиб чиқади.

Хусусан, “битта акция – битта лот” тамойили асосидаги “халқ IPOси” компанияси доирасида мамлакатимиздаги энг йирик 40 та корхоналарнинг ўртача 2 фоиз акциялар пакети тартиби асосида ўз аҳолимиз учун очиқ ва шаффоф савдога чиқарилади.

“халқ IPOси”да иштирок этиш учун аҳолини барча қатламларига имконият яратиш мақсадида фуқаролар ўртасида оммалашишга улгурган ва фойдаланувчиларга қулай бўлган “E-auksion” платформасининг жорий имкониятларидан фойдаланилади.

“E-auksion” савдо платформаси халқимиз ва фонд бозори ўртасидаги халқчил “кўприк” вазифасини бажаради. Бунда:

  • платформа орқали талабгорлар 24/7 режимда идентифиқация қилиш (ЭРИ, One ID ва Mobile-ID);
  • депо ҳисоб рақам очиш;
  • профессионал брокерни танлаб, улар билан шартнома тузиш;
  • фонд бозорининг профессионал иштирокчилари ва Марказий депозитарий ҳамда халқаро маслаҳатчилар жалб қилиш имкониятлари яратилади.

Акция сотиб олишда талабгорлар ҳуқуқлари платформадаги Эскроу тизими орқали кафолатланади.

Тўловлар ва ҳисоб-китоблар инсон омилисиз платформанинг биллинг тизими орқали амалга оширилади.

“E-auksion” савдо платформаси жорий имкониятлари, оммабоплиги ва инфратузилимасидан фойдаланиш орқали фонд бозори ривожига ижобий ўзгариш бўлиши кутилмоқда.

Халқ IРОси орқали республика фонд бозорига талаб юқори бўлган янги ресурслар киритилади.

Шунингдек, бошқа тегишли хусусийлаштириш датурларига мувофиқ “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ, “Uzbekistan airways” АЖ ва Микрокредитбанк” АТБ каби 20 дан ортиқ корхоналар акция пакеталининг бир қисми “Тошкент” РФБда акцияларининг бирламчи (IPO) ва (ёки) иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказилади.

Бунда, Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ёки норезидентлари бўлган мижозлар учун уларнинг шахсий иштирокисиз қимматли қоғозлар учун депо ҳисобварақларини масофадан туриб очиш имкониятини яратилган.

IV. Якуний қисми:

Шу фурсатдан фойдланиб, барча инвесторлар ва ишбилармон тадбиркорларни хусусийлаштириш ислоҳотларидаги қулай ва келгусида сармоя келтирадиган инвестия имкониятларини қўлдан бой бермасликка чорлаймиз.

Давлат раҳбаримизнинг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деб таъкидланганидек, “халқ IPOси” компаниясида фаол иштирок этиб, ўз омонатларини инвестиция қилиш орқали қўшимча юқори даромад манбаига эга бўлишга чақириб қоламиз!

Эътиборингиз учун раҳмат!

734 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech