Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

22 Июль 2024

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини сотиш жараёни бошланганлиги тўғрисида эълон

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги) “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини (кейинги ўринларда – Актив/Жамият) "Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонуннинг 22-моддасига мувофиқ хусусийлаштиришнинг музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида савдо жараёнлари бошланганлигини эълон қилади.

Deloitte халқаро компанияси (кейинги ўринларда – Консультант) ушбу Битим бўйича Давактив агентлигининг хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.

Актив тўғрисида қисқача маълумот:

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ – банк тўлов карталарига асосланган “Humo” тўлов тизими Ўзбекистонда ва хорижда операцияларни амалга оширишга мўлжалланган бўлиб, Ўзбекистон тўлов тизимининг таркибий қисми ҳисобланади. Жамият тўлов тизимининг оператори фаолиятини амалга оширишга доир Марказий банкнинг тегишли лицензиясига эга.

  • Устав капитали: 155,4 млрд сўм;
  • Веб-саҳифаси: https://humocard.uz

Айни пайтда 27 миллиондан ортиқ HUMO карталари чиқарилган бўлиб, 210 мингдан ортиқ терминал ва 6,4 мингдан ортиқ банкоматлар ўрнатилган.

Сотиш жараёни тўғрисида:

Сотиш жараёни барча манфаатдор томонлар (кейинги ўринларда – Иштирокчилар) учун очиқ бўлган музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида ташкил этилади.

Савдо жараёни уч босқичда амалга оширилади, жумладан Cотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest), Мажбуриятга эга бўлмаган таклиф (NBO) ҳамда Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) тақдим этиш босқичлари, якуний босқичда талабгорлар томонидан таклиф этиладиган қатъий нарх таклифининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов сифатида амалга оширилиши белгиланади.

Шу билан бирга, Активни баҳолаш учун “Катта тўртлик” (Big 4) туркумига кирувчи ("Deloitte"дан бошқа) халқаро компания жалб этилади.

Сотиш жараёнининг жорий босқичини амалга ошириш тўғрисида:

Қизиқиш билдириш босқичида иштирокчилардан қуйидаги маълумотлар билан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризаларини (Express of interest) тақдим этишлари сўралади:

  1. Иштирокчи тўғрисида қисқача маълумот (шу жумладан, СТИР, фаолият тури) ва сотиб олинган тақдирда Активдан фойдаланиш режалари.
  2. Иштирокчи устав капиталида 5 фоиздан ортиқ улуши мавжуд акциядорлар/таъсисчилар (эгалик улуши кўрсатилган ҳолда) ва якуний бенефициарлар тўғрисида маълумотлар;
  3. Охирги 3 йилги фаолияти бўйича молиявий ҳисоботи

Талабгорлар қизиқиш билдириши тўғрисидаги аризаларини хоҳишларига кўра ўзбек, рус ёки инглиз тилларида тайёрлаб 2024 йил 22 август соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар jmamadjanov@deloitte.uz электрон почта манзилига юборишлари лозим.

Ушбу эълондан сўнг, Консультант салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш мақсадида, Deloitte халқаро алоқалари орқали инвестиция тизерларини тарқатишни ҳам ташкил қилади.

Қабул қилинган аризалар қуйидаги мезонлар бўйича сараланади:

  • Активни сотиб олиш учун етарли молиявий ресурслари;
  • “Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низом (Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 5 майда 3431 сон билан рўйхатдан ўтказилган)га мувофиқ тўлов тизими оператори муассислари (акциядорлари)га қўйиладиган талабларга мослиги;
  • хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик, арбитраж ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига риоя этилиши;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг акциядорлари/иштирокчиларининг ҳеч бири давлат компанияси ёки устав капиталида давлат улуши бўлган компания бўлмаслиги керак;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ариза топширилган санада талабгорлар санкцияланган шахс/(лар) ёки юқорида айтиб ўтилган санкция органлари томонидан ҳар қандай иш ёки тергов объекти/(лар) бўлмаслиги керак. Шунингдек, талабгорлар (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири юқорида айтиб ўтилган муассасалар ва давлатларнинг санкциялар режимига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга (тўғридан-тўғри ёки бирон бир шўба корхонаси орқали) жалб этилмаган бўлишлари лозим ва Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири), шунингдек унинг тегишли шахсларидан бирортасининг асосий молиялаштирувчи томонлари ёки кредиторлари санкциядаги шахслар ёки санкциядаги шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан эгалик ва назорат қилинадиган банклар ёки молия институтлари бўлмаслиги лозим.

Аризаларни қабул қилиш тугаллангандан сўнг, Консультант томонидан иштирокчиларга тегишли хат (Process Letter) орқали кейинги жараённи ташкил этиш тўғрисида индивидуал равишда хабардор қилинади.

Ушбу лойиҳа доирасида қўшимча маълумотлар учун қуйидаги алоқа каналларига мурожаат қилинг:

  • Жаҳонгир Мамаджонов, Deloitte компаниясининг Тошкентдаги директори: jmamadjanov@deloitte.uz , тел.: +998 90 188 71 11;
  • Шохрух Охунов, Давактив агентлигининг Департамент бошлиғи: sh.ohunov@davaktiv.uz , тел.: +998 71 259 20 23.

Давлат активини келгусидаги фаолиятига қўйиладиган шартлар:

Жамият тўлов тизими оператори сифатида “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонун, “Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низом (Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 5 майда 3431 сон билан рўйхатдан ўтказилган) ва бошқа тўлов тизимига тегишли қонунчилик талабларига, хусусан ташкилий-ҳуқуқий шакли (фақат акциядорлик жамияти шаклида)га устав фонди (устав капитали) миқдорига, ташкилий, техник, хавфсизлик ҳамда фаолиятнинг узлуксизлигига доир талабларга қатъий риоя этган ҳолда фаолиятини олиб бориши талаб этилади.

Ўз навбатида, Мажбуриятга эга бўлмаган таклиф (NBO) босқичига ўтган талабгорлар билан, мажбуриятга эга бўлмаган таклифларни тақдим этишларидан аввал, Активни сотиб олиш ва унинг келгусидаги фаолияти бўйича асосий шартлар акс эттирилган келишув имзоланиши мумкин.

Сотиш жараёнининг келгуси босқичлари тўғрисида:

Кейинги Мажбуриятга эга бўлмаган (NBO) таклифларни қабул қилиш босқичига ўтган потенциал инвесторлар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланади ва мажбуриятга эга бўлмаган тижорат таклифларини тайёрлаш учун Актив фаолияти тўғрисидаги умумий маълумотлар сақланадиган виртуал маълумотлар хонасига (VDR) кириш таъминланади.

Мажбуриятга эга бўлган (BO) таклифларни қабул қилиш босқичига ўтган талабгорларга “Deloitte” компанияси томонидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар (Due-diligence) билан танишиш, активга ташриф буюрган ҳолда унинг бошқарув органига саволлар бериш имконияти яратилади.

Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнларининг ҳар бир босқичи тўғрисида жамоатчиликни қўшимча тарзда хабардор қилиб борилишини таъминлайди.

 

811 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech