Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

30 Сентябрь 2024

"Миллий банклараро процессинг маркази" АЖ устав капиталидаги давлат улушини хусусийлаштириш жараёни юзасидан ахборот

Аввал хабар берилганидек, Давактив агентлиги томонидан “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакетини (кейинги ўринларда – Актив) хусусийлаштириш жараёнининг Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичи бошланган.

Ушбу Активни хусусийлаштириш жараёнини илғор халқаро тажриба асосида амалга ошириш учун “Deloitte” халқаро компанияси (кейинги ўринларда – Консультант) хусусийлаштириш бўйича Консультант ҳамда “KPMG” халқаро компанияси мустақил баҳоловчи сифатида жалб этилган.

Мазкур босқич доирасида Консультант томонидан кенг қамровли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан, “Deloitte” компаниясининг халқаро инвесторлар тармоғи орқали Актив тўғрисидаги инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилди. Натижада, 8 нафар маҳаллий, Европа ва Осиё қитъаси давлатларидан бўлган талабгорлар томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар Консультантга келиб тушган.

Консультант томонидан келиб тушган барча аризалар аввал маълум қилинган қуйидаги мезонлар асосида ўрганиб чиқилган:

  • Активни сотиб олиш учун молиявий ресурсларининг етарлилиги;
  • “Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ тўлов тизими оператори муассислари (акциядорлари)га қўйиладиган талабларга мослиги;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг акциядорлари/иштирокчиларининг ҳеч бири давлат компанияси ёки устав капиталида давлат улуши бўлган компания бўлмаслиги;
  • хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини таъқиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни талабларига риоя этилиши;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ариза топширилган санада талабгорлар санкцияланган шахс/(лар) ёки юқорида айтиб ўтилган санкция органлари томонидан ҳар қандай иш ёки тергов объекти/(лар) бўлмаслиги керак. Шунингдек, талабгорлар (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири юқорида айтиб ўтилган муассасалар ва давлатларнинг санкциялар режимига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга (тўғридан-тўғри ёки бирон бир шўба корхонаси орқали) жалб этилмаган бўлишлари лозим ва Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири), шунингдек унинг тегишли шахсларидан бирортасининг асосий молиялаштирувчи томонлари ёки кредиторлари санкциядаги шахслар ёки санкциядаги шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан эгалик ва назорат қилинадиган банклар ёки молия институтлари бўлмаслиги лозим.

Консультант томонидан келиб тушган аризаларни ўрганиш натижасида юқоридаги мезон талабларига мувофиқ келадиган 6 нафар талабгор хусусийлаштириш жараёнининг навбатдаги босқичига ўтказиш таклиф этилди.

Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарори билан мазкур таклиф кўриб чиқилиб, маъқулланди ва жараённинг навбатдаги босқичига рухсат берилди.

Консультант томонидан Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичида ариза берган барча талабгорларга индивидуал равишда хабарнома юборилади, шунингдек, аввал маълум қилинган мезон талабларига мувофиқ деб топилган 6 нафар талабгорларга эса жараён хати “Process letter” орқали навбатдаги босқич тўғрисида батафсил маълумот берилади.

Навбатдаги босқич тўғрисида маълумот:

Талабгорларга Мажбуриятга эга бўлган таклифларини (BO) тайёрлаш учун Актив тўғрисидаги Ахборотларни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA)ни имзолаган ҳолда Консультант томонидан тайёрланган Активнинг молиявий, юридик ва операцион фаолияти тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, аналитик ҳисоботлар жойланган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш имконияти берилади.

Шунингдек, Консультант томонидан талабгорларга Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги ҳамда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонунлар талабларига мувофиқ Активни сотиб олиш ва унинг келгусидаги фаолияти бўйича асосий шартлар акс эттирилган “савдонинг асосий шартлари бўйича Битим” (term sheet) етказилади ва уни қабул қилган талабгорлардан Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) қабул қилинади.

Консультант томонидан Активни сотиб олиш нархи бўйича Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) 2024 йил 15 ноябрь соат 23:59 (Тошкент вақти билан)га қадар қабул қилинади.

Шу билан бирга, мазкур муддатга қадар талабгорлар томонидан “E-auksion” электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинетлари орқали Мажбуриятга эга бўлган таклифларининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов (закалат) сифатида ўтказиш талаб этилади. Бунда, мазкур кафолат тўлови (закалат) жараён якунида иштирокчиларга қайтарилади, хусусийлаштириш жараёни ғолиби бўлган талабгорнинг кафолат тўлови (закалати) – сотиб олиш тўловининг бир қисми сифатида Хусусийлаштириш жамғармасига ўтказилади.

“E-auksion” электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинет ва ҳисоб-рақам кўрсаткичлари Консультант томонидан иштирокчиларга юбориладиган жараён тўғрисидаги индивидуал хат (process letter) орқали етказилади.

Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнига қизиқиш билдирган ва аризалар топширган барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдиради ҳамда Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш босқичидан муваффақиятли ўтган талабгорлар билан жараённинг навбатдаги босқичида конструктив ҳамкорликка ишонч билдиради.

Дисклеймер:

Давактив агентлиги сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давактив агентлиги ва “Deloitte”нинг Активни сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давактив агентлиги ва “ Deloitte” ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай муносабатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:

(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;

(ii) турли хил манфаатдор томонлар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давактив агентлиги ва “Deloitte” томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;

(iii) аниқ бир сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;

(iv) ва/ёки исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Савдога тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни олиб бориш/тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.

 

3892 Чоп этиш