Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

18 Март 2022

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида “Корпоратив бошқарув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди

“Корпоратив бошқарув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун (кейинги ўринларда - Қонун) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг бир қатор қарорлари асосида ишлаб чиқилган.

Асос: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги ПФ-6207-сон Фармонининг 5-банди, 2021 йил 11 майдаги ПҚ-5113-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 39-банди, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ҳузурида ўтказилган 2019 йил 7 октябрдаги 44-сон йиғилиш баёни 18-банди, Вазирлар Маҳкамасининг 166-сон қарорининг 6-, 10-бандлари ҳамда 2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси.

Қонунни қабул қилишдан кутилаётган натижа:

  1. Қонун билан Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига Марказий банкда ҳисоб рақам очиш ҳамда қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида қимматли қоғозларга доир битимлар натижалари бўйича пул маблағлардаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш ваколати берилмоқда (“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонуни (38-модда) ва “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонунига (33-,39-моддалари) тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда).

Ўзбекистон 1998 йилдан Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти (IOSCO)нинг аъзоси ҳисобланади ва ушбу ташкилотнинг эмиссия қилинган қимматли қоғозлар бўйича ҳисоб-китоб операцияларини Марказий банкда ҳисобварақ очиш орқали амалга ошириш бўйича тавсияcининг амалда бажарилишини таъминлайди.

Фонд бозорида ликвидлик ва кредит таваккалчилигини бартараф қилиш орқали халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларга мослашишга эришилади ҳамда хорижий марказий депозитарийлар ва халқаро ҳисоб-китоб депозитарийлари билан вакиллик (корреспондентлик) муносабатларини ўрнатиш имкониятини яратади, махаллий акциядорлик жамиятларининг қимматли қоғозларини хорижий капитал бозорида савдоларини ўтказиш учун йўл очилди.

Шунингдек, хозирда Фонд биржасида қимматли қоғозлардаги ҳисоб-китоблар (қимматли қоғозларнинг бир депо ҳисоб рақамдан бошқасига ўтиши) Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан, улар бўйича пулдаги ҳисоб-китоб операциялари эса Миллий банк томонидан амалга оширилиши брокерлар ва қимматли қоғозлар эгаларига ноқулайликларни вужудга келтирар эди.

Эндиликда, Фонд бозорида қимматли қоғозлар ва пулдаги ҳисоб-китоб операциялари битта ташкилотда амалга оширилиши қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг вақтларини тежашга ва маблағлари Марказий банкда сақланиши ҳисобига кафолатли олишга хизмат қилади.

  1. Фуқаролик кодексида (70-моддаси) унитар корхонани бошқариш органи сифатида кузатув кенгашини ҳам жорий этиш мумкинлиги белгиланмоқда.

Энг яхши халқаро амалиётда барча давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш назарда тутилган. Корпоратив бошқарув тамойиллари, жумладан кузатув кенгашини жорий этиш - корхона мулкдорлари ва раҳбарияти ўртасидаги ўзаро муносабатлар жараёнини тартибга солиб, корхонани бошқаришда ҳисобдорлик, шаффофлик ва очиқликни таъминлаш орқали корхона самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, давлат унитар корхоналарида корпоратив қарорларни ягона раҳбар ёки корхона муассиси томонидан эмас, балки коллегиал, яъни кузатув кенгашига жалб этиладиган малакали мутахассислар томонидан бамаслаҳат, объектив қабул қилиниши таъминланади.

  1. “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда (13, 42, 44, 60, 62, 64, 67, 76
    ва 78-моддалари)
    акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқини (“олтин акция”) бекор қилиш назарда тутилмоқда.

“Олтин акция” ва уни амалиётда қўллаш имкониятининг қонунчиликда мавжудлиги салоҳиятли инвесторларнинг корхоналарни хусусийлаштиришга бўлган қизиқиши пасайишига ҳамда корпоратив қарорлар қабул қилишда бошқа акциядорларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келади (ушбу ҳуқуқдан охирги ўн йилда фойдаланилмаган).

Инвесторлорнинг хусусийлаштириладиган активларни сотиб олишга бўлган қизиқишини сўндириши мумкинлиги сабабли, Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан ушбу ҳуқуқни бекор қилиш тавсия этилган.

Давлатнинг корхоналарга нисбатан “Олтин акция” ҳуқуқининг бекор қилиниши Фуқаролик кодексининг 1-2-моддалари талабларининг бажарилишига, хусусан давлатнинг бошқа мулкдорларга (акциядор, иштирокчи) нисбатан тенг ҳуқуқлар асосида фуқаролик қонунчилиги билан тартибга солинадиган муносабатларда иштирок этишини ҳамда бошқаларнинг мулк ҳуқуқини чеклашнинг олдини олинишини, инвесторларнинг корхоналарни бошқаришдаги ҳуқуқларини кафолатлашни  инвестиция муҳитини яхшилашни таъминлайди.

  1. “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда (76-, 79-моддалар) ижроия органи ва кузатув кенгаши аъзолари ваколатлари муддатини бир йилдан уч йилгача узайтирилди.

Корхонани ўрта ва узоқ муддатли (3-5 йиллик) ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш учун амалдаги ижроия органи ва кузатув кенгаши ваколати муддати (1 йил) етарли эмас деб ҳисобланади. Бундан ташқари, ушбу ҳолат корхона раҳбари иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Шунга кўра, ижроия органи ва кузатув кенгаши ваколатлари муддатини 3 йилга узайтирилиши бошқарув органларига (раҳбар ва кузатув кенгаши) корхонанинг барча заиф ва кучли томонларини ўрганишга, таҳлил қилишга, уни ривожлантириш ва даромадини янада ошириш бўйича олдига қўйган режаларини тўлақонли амалга оширилишига ҳизмат қилади.

Маълумот учун: Ижроия органи ваколати муддати АҚШ, Австралия, Хитой, Италия, Жанубий Корея ва Туркияда – 3 йил, Германия, Ҳиндистон ва Индонезияда – 5 йил, Испанияда – 6 йилгача белгиланган.

Кузатув кенгаши ваколати муддати АҚШ, Австралия, Хитой ва Италияда – 3 йил, Ҳиндистонда – 5 йилгача белгиланган.

  1. “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги (89-модда) ва “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунларда (36-модда) 5 фоизга эга акциядор (иштирокчи)ларга аудиторлик текширувини ўтказиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқи берилмоқда.

Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, аудиторлик текширувини ўтказиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқи йирик (10 фоизга эга) акциядор (иштирокчи)ларга берилган бўлиб, миноритар акциядорларга жамият фаолияти устидан ушбу механизм орқали назорат қилиш ҳуқуқи берилмаган.

Шунга кўра, 5 фоиз улушга эга акциядор (иштирокчи)ларга, яъни миноритар (кичик улушга эга) акциядорларга аудиторлик текширувини ўтказиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқининг тақдим этилиши, уларнинг корхонани бошқаришдаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга, корхона раҳбарларининг акциядорлар олдидаги масъулиятини янада оширишга ҳамда шулар орқали давлат иштирокидаги корхоналарнинг акциялари (улушлари)га кенг жамоатчиликнинг қизиқишини жалб қилишга хизмат қилади.

Туркия ва Грецияда 5 фоизга, Венгрияда 1 фоизга эга акциядор (иштирокчи)ларга ушбу ҳуқуқ берилган.

  1. “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни (107-моддаси) ва Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунида (45-модда) хўжалик жамиятларида тафтиш комиссияси (тафтишчи) бўлиши бўйича мажбурий талаб бекор қилиниши ҳамда уни хўжалик жамиятининг ихтиёрига кўра ташкил этилиши белгиланмоқда.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларида уларнинг молиявий ҳисоботлари ҳар йили ташқи аудитдан ўтказилади, шунингдек, корхоналарда ички аудит хизмати фаолият юритади, ўз навбатида уларнинг функция ва вазифалари қисман тафтиш комиссияси томонидан такрорланади.

Шунга кўра, тафтиш комиссиясининг бекор қилиниши қўшимча назорат бўғинидан холи бўлишга, комиссия аъзоларининг хизмат ҳақи учун сарфланадиган маблағларнинг иқтисод қилинишига, корхона масъул ходимларининг ҳар чоракда камида бир маротаба тафтиш комиссияси учун ортиқча маълумот ва ҳисоботларни тайёрлашга сарфланадиган вақтларини тежашга эришилади.

  1. Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунда (39-, 45-моддалари) масъулияти чекланган жамиятларнинг ижроия органи функцияларини тижорат ташкилоти бўлган ишончли бошқарувчига бериш мумкин.

Давлат самарасиз мулкдор (менежер)лиги умумий тан олинган фактдир. Давлат корхоналарини бошқариш жараёнига тажрибали мутахассисларни, ўз ишининг профессионалларини жалб қилиш кенг тарқалган амалиёт ҳисобланади. Шу асосда, масъулияти чекланган жамиятлар ижроия органи функциясини тажрибали тижорат ташкилотларига ишончли бошқарувга бериш, корхонани бошқаришнинг янги ва профессионал тизимининг жорий этилишига, ишончли бошқарув томонидан унга қўйилган талаблар доирасида корхонани бошқаришда зарур бўлган мутахассисларни, экспертларни жалб этиш орқали корхона самарадорлигини оширишга эришилади.

Россия, Қозоғистон, Беларусда жамиятнинг ижро этувчи органи ваколатларини ишончли бошқарувга беришнинг механизмлари мавжуд.

 

2654 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech