Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

22 Июль 2024

Айрим ижтимоий тармоқларда “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖдаги  давлат улушини очиқ савдоларда сотиш жараёни тўғрисидаги фикрларга РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Айрим ижтимоий тармоқларда “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖдаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёни бўйича нотўғри талқин қилиш каби фикрларга жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Ўзбекистонда хусусийлаштириш жараёни қатъий равишда “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (кейинги ўринларда – Хусусийлаштириш Қонуни, ЎРҚ-907, 14.02.2024й.)га мувофиқ амалга оширилади.

Хусусийлаштириш Қонунининг:

  • 4-боб “Давлат мулкини хусусийлаштириш усуллари” 19-моддасига асосан Давлат мулкини хусусийлаштириш усулларидан бири бу – музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш ҳисобланади;
  • 22-моддасида музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш йўли билан давлат мулкини хусусийлаштириш тартиби ва бу тўғрисидаги хабарнома ушбу Қонуннинг 35-моддасига мувофиқ эълон қилиниши белгиланган;
  • 35-модда “Давлат мулкини хусусийлаштиришда очиқлик” тартибига кўра, Давлат мулкини хусусийлаштириш ва унинг натижалари тўғрисидаги ахборот ваколатли давлат органи – Давлат активларини бошқариш агентлигининг, жалб қилинган савдолар ташкилотчисининг ҳамда инвестиция воситачисининг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши акс эттирилган.

Ушбудан келиб чиқиб, тармоқларда “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖнинг хусусийлаштириш жараёни бошланганлиги тўғрисидаги эълон Давактив агентлигининг расмий веб-сайтига (https://davaktiv.uz/uz/news/millij-banklararo-protsessing-markazi-azhning-ustav-kapitalidagi-davlat-ulushini-sotish-zharaeni-boshlanganligi-trisida-elon1) жойлаштирилган ва очиқлик тамойили таъминланган.

Таъкидлаш жоизки, Хусусийлаштиришнинг ушбу усулида “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ устав капиталидаги 57,118% давлат улуши 252,3 млн АҚШ долларига, “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасининг балансда сақловчиси “Poytaxt qurilish va xizmat” МЧЖнинг устав капиталидаги 100% давлат улуши 87,0 млн АҚШ долларга ҳамда “Фарғонаазот” АЖ устав капиталидаги 99,02% давлат улуши  140 млн АҚШ доллар сотиб олиш тўлови ва 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция киритиш шарти билан сотилган битимларда ҳам қўлланилган халқаро тан олинган очиқ савдо усули ҳисобланади.

Ўз ўрнида, жорий йил 14 май куни “Daryo.uz” нашрига Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ортиковнинг интервьюсида “Humo” очиқ савдоларга олиб чиқилиши таъкидланган.

Ушбу принципга қатъий амал қилиниб, “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖни сотиш жараёни барча учун очиқ бўлган музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида ташкил этилиши тўғрисида Давактив агентлигининг расмий веб-саҳифасида очиқ эълон берилди.

Таъкидлаш жоизки, фақатгина жорий йилни ўзида 10 дан ортиқ йирик давлат активлари бўйича ушбу усулда, яъни барча учун очиқ бўлган музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш асосида савдоси ташкил этилганлиги тўғрисида эълонлар берилгани ҳолда, фақатгина “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖдаги давлат улушини сотиш жараёни юзасидан билдирилган фикрлар, уларнинг холислигини катта шубҳа остига қўймоқда.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда давлат органини обрўсизлантириш, шунингдек текширилмаган ва тасдиқланмаган маълумотларни жойлаштиришдан қатъий сақланиш ҳамда бу каби маълумотлар асосида ёлғон ахборот тарқатганлик учун берилган мурожаат асосида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 2022-моддасида ҳамда Жиноят Кодексининг 2446-моддасида назарда тутилган жавобгарликка олиб келиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирамиз.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда маълумотларни тарқатишдан олдин, уларнинг асослилигини ва ишончлилигини ўргангандан сўнг жойлаштириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.    

Давактив агентлиги “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖдаги давлат улушини очиқ савдоларда хусусийлаштириш жараёнининг ҳар бир босқичи тўғрисида оммага ахборот бериб борилишини таъминлайди.

753 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech