Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

10 Февраль 2022

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат муассасаларини ислоҳ қилишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2022 йил 8 февралда қабул қилинган ПҚ-123-сон қарори юзасидан ижтимоий тармоқда билдирилган мулоҳазага расмий муносабат

Бугун 2022 йил 10 февраль куни “Bakiroo” ижтимоий тармоғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат муассасаларини ислоҳ қилишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига оид билдирилган мулоҳаза юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлиги қуйидагиларни маълум қилади.

  1. “Давлат товар бозорларидан кетаётгани, хизмат бозорлари эса эсланмагани ва тушуриб қолдирилганлиги” юзасидан:

Рақобат соҳасини тартибга солиш "Рақобат тўғрисида"ги, "Табиий монополиялар тўғрисида"ги Қонунлар ва бир қанча қонун ости ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Хусусан, “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига асосан товар - бу фаолиятнинг олиш ва реализация қилиш учун мўлжалланган маҳсули, шу жумладан ишлар ва хизматлар эканлиги белгиланган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг “Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон, “Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталогини жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузилган шартномаларни электрон рўйхатдан ўтказиш ва товар-моддий бойликларни олиш учун ишончномаларни электрон расмийлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 28 апрелдаги 249-сон қарорларида хам қайд этилган.

Шунга кўра, қонун ҳужжатларида “товар” тушунчаси қўлланилганда ишлар ва хизматлар тушунчасини англатади.

  1. Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларига тегишли бўлган хўжалик жамиятларининг устав фондидаги улушлар ва акциялар давлат улуши ҳисобланмаслиги ҳамда уларга нисбатан давлат харидларидан тортиб қарор қабул қилишгача назорат ва алоҳида тартибга солиш қоидалари қандай бўлиши юзасидан:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил
8 февралдаги ПҚ–123-сон қарорида хўжалик жамиятлари устав фондидаги давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат унитар корхоналари, давлат муассасалари, Марказий банк ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли акциялар ва улушлар давлат улушлари ҳисобланиши белгиланган.

Бу каби норма бугунги кунда қонунчилик ҳужжатларида фақат акцияга нисбатан мавжуд бўлиб, улушларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларидаги бўшлиқни тўлдириш мақсадида ушбу таҳрирдаги норма назарда тутилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил
17 октябрдаги ПҚ–2635-сон қарорида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат унитар корхоналари ва давлат муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли бўлган акциялар акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги давлат улуши ҳисобланиши белгиланган.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 58-моддасига кўра муассислар қўшган ҳиссалари ёки улар сотиб олган акциялар ҳисобига вужудга келтирилган мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида жамияга тегишлилиги қайд этилган.

Бу норма билан давлат улуши мавжуд жамиятларга тегишли бўлган корхоналарнинг устав фондида давлат улуши эмас балки, жамият улуши бўлиши тушунилади.

Ушбу нормалардан келиб чиққан ҳолда ва амалиётда юзага келаётган айрим низоли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ПҚ–123-сон қарор билан давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларига тегишли бўлган хўжалик жамиятларининг устав фондидаги улушлар ва акциялар давлат улуши ҳисобланмаслиги белгилаб ўтилган.

Шунингдек, ушбу норманинг белгиланиши жорий йилнинг
10 февраль ҳолатига мавжуд бўлган 2 159 та давлат иштирокидаги корхоналар сонининг ўзгаришига таъсир этмайди.

б).“Давлат харидлари тўғрисида” Қонуннинг 19-моддасида корпоратив буюртмачилар:

давлат корхоналари;

устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар;

устав фондида (устав капиталида) ушбу модданинг 2-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган ташкилотларнинг улуши жами
50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар
;

устав фондида (устав капиталида) ушбу модданинг 2-банди тўртинчи хатбошисида кўрсатилган ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳисобланиши белгиланган.

Бу билан давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларига тегишли бўлган хўжалик жамиятлари ҳам “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади.

Бундан ташқари, акциядорлик ва масъулияти чекланган жамиятларининг фаолиятини назорат қилиш “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ва “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунларда белгиланган.

1907 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech