Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

26 Апрель 2024

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан хусусийлаштириш жараёнлари янада жадаллаштирилади (2024 йилги хусусийлаштириш дастури)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Биринчидан, қарор билан қуйидагилар тасдиқланмоқда:

  1. 247 та корхонадаги давлат акция пакетлари (улушлари) оммавий савдоларга чиқарилади;
  2. 1028 та кўчмас мулк объекти оммавий савдоларга чиқарилади;
  3. 12 та йирик корхонадаги давлат улушларининг маҳаллий фонд бозорида бирламчи (IPO) ва (ёки) иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказилади;

(Ўзбектелеком, Ўзбекгидроэнерго, Олмалиқ КМК, Ўзбекгеологияқидирув, Ўзбекгеофизика - 2 фоиздан; Товар-хомашё биржаси - 2,4 фоиз; Темирйўлкарго, Ўзтемирйўлконтейнер - 4 фоиздан; “Тошкент” РФБ, Ўзбекистон почтаси, UzAuto Motors Powertrain, Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш - 5 фоиз).

Иккинчидан, давлат активларини сотишни жадаллаштириш ва иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш мақсадида қуйидагилар белгиланмоқда:

  1. давлат активлари 3 ойда сотилмаганда (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) уларнинг бошланғич баҳосининг 10 фоизигача босқичма-босқич пасайтирилади;
  2. 2024 йил 1 январгача ижара шартномалари асосида ижарага олганига камида 5 йил бўлган ва мажбуриятларни бажарган тадбиркорларга хусусийлаштириш дастурларига кирган давлат мулкини баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотиб олиш ҳуқуқи берилади;
  3. давлат кўчмас мулкини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган харидорлар томонидан ер ва мол-мулк солиқлари ушбу объектлар учун тўланган маблағларга пропорционал равишда ҳисобланади.

Учинчидан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотишни тезлаштириш мақсадида қуйидаги тартиб ўрнатилмоқда:

  1. ер участкалари (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) 3 ойда сотилмаганда, бошланғич қийматининг 30 фоизигача, 6 ойда сотилмаганда – 10 фоизигача пасайтирилади ва тўловларининг 15 фоизини 3 ой муддатда, қолган қисмини 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади;
  2. 4 ва 5-тоифадаги туманларда жойлашган давлат активлари ва мулк ҳуқуқи асосида сотиб олинган ер участкалари бўйича тўловлар 5 йил ичида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўланади. Ер участкаларини сотиб олганда уларни гаровга қўйиш учун талаб этиладиган амалдаги 35 фоиз тўлов миқдори 15 фоизга туширилмоқда.
2756 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech