Жорий йил 26 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Кенгашининг IX йиллик анжумани доирасида "Янги Ўзбекистон - катта имкониятларга эга катта Давлат" панель сессиясида хусусийлаштириш ва давлат активлари юзасидан тақдимот ўтказилди.

Сессияда Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Хусанов Нодирбек ва бир қатор халқаро экспертлар, хусусан, Global Green Growth институтининг Ўзбекистондаги вакили Аарон Русселл, Хитой Халқаро тараққиёт ҳамкорлик агентлиги Раиси ўринбосари Чжао Фенгтао, Халқаро алоқалар бўйича маслаҳатчи Жонатан Чарлз ва бошқалар иштирок этди.
Мазкур тадбирда, соғлиқни сақлаш, таълим каби муҳим мавзулар билан бир қаторда давлат активларини бошқариш ва хусусийлаштириш мавзуси кенг муҳокама қилинди.

Хусусан, сессияда, Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Хусанов Нодирбек Ўзбекистонда хусусийлаштириш соҳасида эришилган натижалар, келгусидаги истиқболли режалар, жумладан, янги хусусийлаштириш дастури доирасида оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган давлат иштирокидаги корхоналар активлари ҳамда савдо жараёнларида иштирок этиш тартиблари тўғрисида батафсил маълумотлар бериб ўтди.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги ва “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунлари қабул қилинганлиги ҳамда мазкур норматив-ҳуқуқий базанинг такомиллаштирилиши хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун бир қатор имконият ва енгилликларни яратиб берганлиги алоҳида таъкидланди.

Ўз навбатида, хорижий экспертлар, жумладан сессия модератори Жонатан Чарлз томонидан инвестицияларни жалб этишда давлат активларини хусусийлаштириш муҳим омил сифатида хизмат қилиши, бундан ташқари, Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштириш соҳасида қонун ҳужжатларини уйғунлаштириш орқали иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, хусусий мулкни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди.