Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

15 Февраль 2024

Ўзбекистон Республикаси “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуни (2024 йил 14 февраль, ЎРҚ-907) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси томонидан 2023 йил 5 сентябрда қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенати томонидан 2023 йил 24 ноябрда маъқулланган.

1991 йилда қабул қилинган аввалги “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун бугунги кун талабларига жавоб бермаган ҳамда ушбу Қонунга 20 дан ортиқ маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, маънан эскирган.

Аввалги Қонун чет элда кенг қўлланиладиган хусусийлаштириш усулларини (амалда 2 та усул: аукцион, танлов), очиқлик ва шаффофлик талабларини ҳамда давлат органларининг хусусийлаштириш соҳасидаги аниқ ваколатларини назарда тутмаган.

Маълумот учун: Халқаро тажрибада хусусийлаштиришнинг 4 тадан 10 тагача услуби қўлланилади, жумладан, Германияда (6 та), Чехияда (7 та) ва Польшада (10 та).

Шу муносабат билан, “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун (21 та модда) бекор қилиниб, тўғридан-тўғри амал қилувчи янги “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуни (9 та боб, 45 та модда) амалиётга жорий этилмоқда.

Янги Қонунни ишлаб чиқишда ушбу соҳага оид халқаро тажриба, хусусан, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, “Indecon Consulting” компанияси, “KPMG” компанияси, польшалик экспертлар ҳамда ва бошқа бир қатор малакали маслаҳатчилар таклифлари инобатга олинди.

Қонунда қуйидаги асосий нормалар назарда тутилган:

1. Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги) давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Давлат мулкини хусусийлаштириш дастурлари Давактив агентлиги томонидан давлат органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, шунингдек жисмоний ва нодавлат юридик шахсларнинг таклифлари асосида ишлаб чиқилади.

Хусусийлаштириш дастурлари Давактив агентлиги томонидан ишлаб чиқилиб, қуйидагилар томонидан тасдиқланиши белгиланмоқда:

а) республика мулки объектлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти (йирик давлат корхоналари) ва Вазирлар Маҳкамаси (қолган республика мулклари);

б) муниципал мулк бўйича:

  • давлат унитар корхоналари, давлат муассасалари ва хўжалик жамиятларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улушларини хусусийлаштириш дастурлари – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари;
  • кўчмас мулк объектлари – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари.

2. Хусусийлаштиришнинг электрон-онлайн аукцион, танлов, биржа, музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш, рақобатга асосланган мулоқот, кўчмас мулк, улуш ҳамда корхонани бошқа жамиятнинг устав фондига киритиш ҳамда корхоналарни кейинчалик сотиш шарти билан ижарага бериш каби 8 та усуллар назарда тутилмоқда.

3. Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида иштирок этиши қонунчиликка мувофиқ тақиқланган шахслар, иштирок этиши инсофсиз рақобатга олиб келиши мумкин бўлган талабгорлар ва уларга нисбатан аффилланган шахслар давлат мулки хусусийлаштирилаётганда талабгор бўлмаслиги белгиланди.

4. Давлат мулкини савдога чиқариш жараёнлари соддалаштирилмоқда. Жумладан:

а) давлат мулкларини давлат органлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан хатлов қилиш талаби бекор қилиниб, мазкур вазифа давлат улушлари бўйича корхона раҳбари ва кўчмас мулк бўйича баланс сақловчи раҳбарига юкланмоқда;

б) давлат мулклари онлайн-аукцион ва биржа савдоларига чиқарилганда ёки улар халқаро нуфузга эга аудиторлик компанияларининг Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган шўъба корхоналари томонидан баҳоланганда баҳолаш ҳисоботини мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилмаслиги белгиланмоқда;

5. Хусусийлаштириш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган меъёрлар киритилмоқда.

  • Хусусийлаштириш дастури ижроси ва ҳар бир давлат активи савдо жараёнлари босқичлари тўғрисидаги маълумот веб-сайтда эълон қилинади.
  • Давактив агентлиги йилида камида бир марта Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасига, сўровлар бўйича Олий Мажлис палаталарига, унинг ҳудудий бошқармалари эса ҳар йили халқ депутатлари ҳудудий Кенгашларига ҳисобот беради.

6. Хусусийлаштирилган давлат мулки дахлсизлигини таъминлаш мақсадида сотилган давлат мулкини суд қарори асосида олдинги эгасига натура шаклида қайтаришга йўл қўйилмаслиги ҳамда унинг бозор қиймати Давактив агентлиги ҳузуридаги Жамғарма ҳисобидан қопланиши белгиланмоқда.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларининг чуқурлаштиришга, ушбу давлат мулкига инвестицияларни жалб этиш, самарасиз фаолият кўрсатаётган давлат мулки объектлари негизида янги лойиҳаларни амалга оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади ва давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг уйғунлашишига ёрдам беради.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

2449 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech