Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

04 Январь 2024

Ўзбекистон Республикаси Ягона миллий баҳолаш стандартининг янги таҳрири тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида амалга оширишга оид Давлат дастури билан умум-эътироф этилган халқаро баҳолаш стандартлари (IVS, EVS, USPAP, RICS ва бошқалар) асосида бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда баҳолашда ягона ёндашувни таъминлайдиган Ягона миллий баҳолаш стандартини такомиллаштириш вазифаси юклатилган.

Шу боис, Давактив агентлиги томонидан республикадаги баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмалари (Баҳоловчи ташкилотлар ассоциацияси, Ўзбекистон баҳоловчилар жамияти, Ўзбекистон баҳоловчилар, экспертлар ва маслаҳатчилар жамияти) билан биргаликда ва PriceWaterhouseCoopers халқаро консалтинг компанияси иштирокида Ўзбекистон Республикасининг Ягона миллий баҳолаш стандартининг (ЯМБС)  янги таҳрири ишлаб чиқилди ҳамда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, келиб тушган таклифлар асосида қайта ишланди.

ЯМБС янги таҳрирининг мақсади асосли қарорлар қабул қилиш учун баҳолаш жараёнларининг ишончлилиги, шаффофлиги ва изчиллиги орқали истеъмолчиларнинг баҳолаш хизматлари сифатидан қаноатланиш даражасини оширишдан иборат.

ЯМБСнинг янги таҳрири Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 28 декабрда рўйхатдан ўтказилди (рўйхат рақами 3487) ва 2024 йил 1 январдан кучга кирди.

Шу билан бирга, Адлия вазирлигида 2020 йил 4 июнда 3239-сон билан рўйхатдан ўтказилган илгари амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Ягона миллий баҳолаш стандарти ўз кучини йўқотган деб топилди.

ЯМБСнинг янги таҳрири баҳолаш жараёнида объективликни таъминлаш учун асос яратади, шунингдек баҳоловчиларга бозор тебранишлари, иқтисодий тенденциялар ва бошқа тегишли омиллар таъсирини ҳисобга олиш имконини беради, бу эса охир-оқибатда активнинг ҳақиқий бозор қийматини шакллантиришга ёрдам беради.

ЯМБС мустақил ва холис баҳолаш тизимини ривожлантиришга, баҳолаш хизматларининг профессионал даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилади, шунингдек, баҳолаш қонунчилигини бир хил талқин қилинишини таъминлайди ва маҳаллий баҳолаш тизимига ишончни оширади.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Ягона миллий баҳолаш стандартининг янги таҳрири республиканинг иқтисодий ривожланиш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда халқаро баҳолаш стандартлари нормаларига мувофиқлаштирилди, тизимлаштирилди ва уч бўлимдан таркиб топди.

Биринчи бўлим баҳолашга оид вазифасидан то баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлашгача эътиборга олиниши керак бўлган асосий тамойиллар ва концепцияларни белгилайдиган умумий стандартлар гуруҳини ўз ичига олади. Шу билан бирга, халқаро стандартлар асосида асосий тушунчалар, атамалар ва таърифлар қайта кўриб чиқилди ва тўлдирилди.

Иккинчи бўлим бизнес ва бизнесда иштирок этиш ҳуқуқини баҳолаш, кўчмас мулк, интеллектуал мулк ва номоддий актив объектлари, машина ва ускуналар, товар-моддий захиралар каби активларнинг айрим турларини баҳолашга оид махсус стандартлар гуруҳини ўз ичига олади.

Мазкур бўлимга “Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилиги экспертизаси” янги стандарти киритилди. Бундан ташқари, “Кўчмас мулк қийматини баҳолаш” стандарти “Девелопмент жараёнида бўлган кўчмас мулк қийматини баҳолашнинг ўзига хос хусусиятлари” боби билан ва “Номоддий активлар ва интеллектуал мулк объектлари қийматини баҳолаш” стандарти “Номолиявий мажбуриятлар шаклидаги номоддий активларнинг қийматини баҳолаш” боби билан тўлдирилди ҳамда баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботдан фойдаланиш муддатлари белгиланди.

Учинчи бўлим Ўзбекистон Республикаси Ягона миллий баҳолаш стандартининг ажралмас қисми бўлган ва аниқ баҳолаш объектларининг қийматини баҳолаш учун зарур бўлган минимал усулларни белгилайдиган шунингдек, турли хил баҳолаш мақсадлари ва активлар турлари учун баҳолаш стандартларини амалий қўллаш талаблари ва тартибини белгилайдиган методикларни ўз ичига олади.

1733 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech