Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

04 Март 2024

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (2024 йил 21 февраль, ЎРҚ-911) қабул қилинди.

Мазкур Қонун билан 7 та кодекс ва 18 та қонунларга қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан:

1) “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги амалиёти жорий этилганлиги муносабати билан Жиноят кодексининг 180, 181 ва 1811-моддаларига ўзгартириш киритилиб, сохта тўловга қобилиятсизлик, тўловга қобилиятсизликни яширганлик ёки қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келганлик учун жисмоний шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1795- моддасига ўзгартириш киритилиб, қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келган жисмоний шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланди.

2) Қонун билан фуқаролик кодекси 261-модда билан тўлдирилиб, унга кўра, жисмоний шахс пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ёки солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир бўлмаса, суд томонидан тўловга қобилиятсиз деб топилиши мумкин.

Мазкур кодекснинг 48-моддасига ўзгартириш киритилиб, унга кўра агар юридик шахснинг тўловга қобилиятсизлиги шу юридик шахс учун мажбурий кўрсатмаларни бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис (иштирокчи) сифатидаги шахснинг ёки юридик шахс мол-мулки мулкдорининг ёхуд юридик шахснинг бошқарув органи таркибига кирувчи шахснинг ёки қарздорнинг ишларини бошқарувчи шахснинг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келтирилган бўлса, юридик шахснинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда бундай шахс зиммасига қонунга мувофиқ унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкин.

3) “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси 29-қисм билан тўлдирилиб, суд бошқарувчиси тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш жараёнида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириши учун даъво аризалар ҳамда бошқа аризалар билан давлат божини тўламасдан судга мурожаат қилиши ҳуқуқи берилди.

4) Солиқ кодексининг 97-моддаси ўн учинчи қисм билан тўлдирилиб, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича суд санацияси ёки ташқи бошқарув жараёнида юзага келадиган жорий солиқ тўловларини тўлашни тўхтатиб туриш ва мазкур тартиб-таомил якунлангач солиқ қарзларини олти ой ичида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилди.

Шунингдек, солиқ кодексининг 304-моддаси 21-банд билан тўлдирилиб, банкрот деб топилган қарздор юридик ва жисмоний шахсларнинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг мол-мулкини сотишдан тушган маблағларининг қарзни тўлашга йўналтирилган қисмини даромад сифатида ҳисобга олмаслик белгиланди.

5) “Адвокатура тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасининг 3-қисми  еттинчи хатбоши билан тўлдирилиб, фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишга ихтисослашуви бўйича лицензияга эга бўлган адвокатларга суд бошқарувчиси сифатида фаолият юритиш ҳуқуқи берилди.

6) Кодекс ва қонунлардаги банкротлик атамаси ўрнига иқтисодий ночор ҳолатга тушган тадбиркорлик субъектларини молиявий соғломлаштиришни назарда тутувчи тўловга қобилиятсизликатамаси киритилди.

Ушбу Қонун амалдаги қонунчилик ҳужжатларини “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунига мувофиқлаштирилиши ва тўловга қобилиятсизлик ҳолатидаги корхоналарга нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллаш орқали уларнинг фаолиятини тиклаш ва истиқболсиз корхоналарни тугатиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

1611 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech