Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

27 Май 2021

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж.Ортиқовнинг “2021-2025 йилларда давлат корхоналарини бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси” мавзусидаги маърузаси

(2021 йил 27 май, Тошкент ш., «Hyatt Regency»)

 

Ассалому алайкум, ҳурматли Форум иштирокчилари ва меҳмонлар!

Ҳурматли Жамшид Анварович, Анна Бьерде хоним!

Хонимлар ва жаноблар!

      Сизларни Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этилган бугунги тадбирда яна бир бор қутлашга ижозат бергайсиз.

   Жамоатчиликнинг мазкур Форумга бўлган қизиқишини кўриш ҳамда тадбир иштирокчилари таркибининг салмоқли экани менга катта мамнуният бағишлайди.

    Сизларга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида давлат компанияларини трансформация қилиш, хусусийлаштириш ҳамда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш мамлакатни тизимли ўзгартиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган эди.

       Энг аввало, диққатингизни қуйидагиларга қаратишни истардим:

       - давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокининг юқори даражаси соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга тўсқинлик қилади;

       - шаффоф хусусийлаштириш жараёнисиз биз маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг ишончини қозона олмаймиз;

       - давлат корхоналарини трансформация қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширмасдан уларнинг жозибадорлигини таъминлай олмаймиз.

    Мисол тариқасида шуни таъкидлашим мумкинки, айни пайтда деярли ҳар бир давлат органи ҳамда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари корхоналарнинг таъсисчилари ҳисобланади.

       Хусусан, бугунги кунда давлат иштирокидаги корхоналарнинг сони икки ярим мингдан зиёд (2 541)ни ташкил этиб, уларнинг ярми(1210) давлат унитар корхонасидир.

       Давлат иштирокидаги корхоналарнинг аксарияти самарасиз бўлиб, бу давлат яхши менеджер эмаслигини ва давлат тасарруфида бўлган корхоналар ўз фаолиятини рақобатли бозор шароитларида амалга оширмаслигини яна бир бор тасдиқлайди.

       2020 йилда корхоналарнинг фаолиятини таҳлил қилиш натижалари бўйича Агентлик томонидан энг катта соф фойда олган (20) ва энг кўп зарарга кирган (10) корхоналарнинг молиявий натижалари илк бор эълон қилинди.

       Давлат корхоналарига имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилиши натижасида аксарият ҳолларда улар хусусий корхоналарга нисбатан устунликка эга.

       Таъкидлаш жоизки, давлатнинг республика иқтисодиётидаги иштироки ҳануз юқорилигича қолмоқда – статистикага кўра, у 55 фоизни ташкил этади. Масалан, Жанубий Кореяда бу кўрсаткич 22 фоизни, Германияда 18 фоизни, АҚШда 11 фоизни ва Японияда 5 фоизни ташкил этади.

       Бунинг асосий сабабларидан бири давлат корхоналарига эгалик қилиш ва уларни бошқаришнинг аниқ мезонлари ва чегаралари мавжуд эмаслиги ҳисобланади. Хусусан, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёни 1991 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади. Унинг нормаларини эса замонавий стандартлар ва талабларга мувофиқ сезиларли даражада такомиллаштириш талаб этилади.

       Шу сабали қўйилган вазифаларни тизимли ва сифатли бажариш мақсадида жорий йилнинг 29 март куни Ўзбекистон ҳукумати томонидан “2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси” қабул қилинди.

       Ҳурматли ҳамкасблар ва Форум иштирокчилари!

       Фурсатдан фойдаланиб, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг жамоасига ушбу Стратегияни ишлаб чиқишдаги фаол иштироки учун ҳамда ҳужжат концепциясини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этиб, уни қабул қилингунигача кузатиб борган Нестор Эдвайзерс компаниясига алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман.

Шунингдек, Стратегиянинг лойиҳаси бўйича ўзининг қимматли таклиф ва тавсияларини тақдим этган Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банкига ҳам ташаккур билдиришни истардим.

I.Давлат корхоналарининг самарадорлигини янада таъминлаш, уларнинг иқтисодиётдаги улушини камайтириш, давлат органларининг улар фаолиятига ҳаддан ташқари аралашувини бартараф этиш ҳамда корхоналар бошқарув органлари аъзоларининг мотивацияси ва маъсулиятини ошириш мақсадида қабул қилинган Стратегия доирасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган:

Биринчидан, давлат корхоналарига эгалик қилиш мезонларини белгилаш, рақобат ривожланган ва хусусий сектор самарали фаолият юритаётган соҳаларда давлатнинг иштирокини чеклаш орқали давлат корхоналари сонини қисқартириш;

       “Сот ёки тушунтир” тамойилидан фойдаланган ҳолда, давлат корхонасини сақлаб қолишга асослар бўлмаган тақдирда, уни тугатиш, қайта ташкил этиш ёки сотиш лозим бўлади.

Иккинчидан, Ўзбекистон Респубикасининг “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги янги Қонунини ва янги таҳрирдаги “Хусусийлаштириш тўғрисидаги” Қонунни қабул қилиш орқали давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш, бошқариш ва ислоҳ қилиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий база янгиланади.

        Айни пайтда ушбу лойиҳалар халқаро молия институтлари (ЕТТБ, Жаҳон банки, ОТБ) ва хорижий экспертлар кўмагида ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг охирига қадар Агентлик томонидан уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш бўйича чоралар кўрилади.

Учинчидан, давлат тегишли асосларсиз янги корхоналарни ташкил этмайди, бунда фаолият юритаётган барча давлат унитар корхоналари босқичма-босқич юридик шахслар фаолият олиб борадиган бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга айлантирилади.

       Шуни таъкидлаш мумкинки, қисқа муддатларда Стратегия деярли 600 та давлат корхонасини босқичма-босқич қайта ташкил этиш йўналишида амалга оширилишининг биринчи натижаларини кўрасиз.

Тўртинчидан, давлат корхоналарининг инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларини молиялаштириш учун эксклюзив имтиёзлар ва преференцилар ҳамда давлат кафолатларини тақдим этиш амалиёти бекор қилиниб, бу давлат корхоналари ва хусусий сектор корхоналари фаолияти учун тенг ҳуқуқ ва шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Бешинчидан, корпоратив бошқарувнинг замонавий усуллари жорий этилади ва давлатнинг корхона фаолиятида иштирок этиш учун махсус ҳуқуқи, яъни “олтин акция” бекор қилинади.

Олтинчидан,  давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва назорат қилиш органларининг фаолияти корпоратив бошқарувнинг энг яхши амалиётига мувофиқ ташкил этилади, жумладан:

- 2022 йилнинг 1 январидан давлат иштирокидаги корхоналарнинг Кузатув кенгашлари аъзолигига номзодлар танлов асосида сайланади;

- 2025 йилга келиб, Кузатув кенгашлари мустақил аъзоларининг улуши 30 фоизгача етказилади;

- тафтиш комиссияларини йўқ қилган ҳолда кузатув кенгашлари ҳузурида аудит, тайинлов ва мукофотлаш, стратегия ва инвестициялар бўйича махсус қўмиталар ташкил этилади;

- ижро этувчи орган ҳам ваколат муддати уч йилгача бўлган ҳолда танлов асосида шакллантирилади.

Кузатув кенгашлари аъзоларининг фаолиятини баҳолаш корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этиш кўрсаткичларига, ижро этувчи органнинг фаолияти эса самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларига (СМК) боғлиқ бўлади. Бунда ижро этувчи орган фаолиятининг паст баҳоланиши меҳнат шартномаларини бекор қилиш учун асос бўлади.

Еттинчидан, қуйидаги талабларни белгилаш орқали давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлиги ва ошқор қилиниши таъминланади:

- корпоратив веб-сайт мавжудлиги ҳамда давлат ва жамоат учун муҳим бўлган тегишли маълумотларни ошқор қилиш:

амалга оширилаётган корпоратив харидлар жараёни шаффофлигининг барча тартиб-таомилларига риоя қилиш;

Шу туфайли қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, Стратегияни амалга ошириш натижасида:

- 2025 йилга қадар давлат корхоналарининг сони босқичма-босқич 75 фоизга қисқартирилади;

- Молия вазирлиги билан биргаликда бирламчи ва иккиламчи жойлаштириш орқали 20 та давлат корхонаси (“Ўзмиллийбанк” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Халқ банки” АТБ, “Ўзагросуғурта” АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ, “Навоий КМК” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖ ва бошқалар) акцияларининг оммавий жойлаштирилиши таъминланади;

- давлат корхоналарининг бошқарув органларига 100 нафар хорижий менеджерлар жалб қилинади.

II.Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасида қўйилган вазифаларга ҳам қисқача тўхталиб ўтишга ижозат бергайсиз.

   Сизларга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан бир қатор янгиликлар жорий этилди, жумладан илк бор трансформация қилиниши керак бўлган йирик давлат корхоналари (62 та) белгиланди; давлат объектларини “ноль” харид қиймати бўйича сотиш амалиёти бекор қилинди; давлат мулки бўйича тўловларни қисман киритган инвесторларга тўловни тўлиқ амалга оширгунга қадар объектдан фойдаланиш учун тасдиқловчи ҳужжат берилиши кўзда тутилган.

       Фармонда корхоналарнинг 479 та давлат акция пакетининг (улушлари) хусусий секторга тўлиқ сотилиши кўзда тутилган.

       Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги Фармони билан хусусийлаштиришнинг замонавий усулларини жорий этиш амалиёти йўлга қўйилган. Жумладан, хусусийлаштириш жараёнига профессионал ташкилотлар жалб этила бошланди, давлат активининг бошланғич нархи сифатида унинг баҳоланган нархини мажбурий белгилаш талаби бекор қилинди. Бунда, баҳоланган нарх давлат активларини сотиш мақсадлари учун тахминий мўлжал ҳисобланади.

     Жорий йил биринчи ярмининг охирига қадар юқоридаги қарорларни бажариш доирасида 550 дан ортиқ давлат активи, жумладан «Poytakht» бизнес маркази, “Малика” савдо маркази каби йирик мулкий мажмуалар, “Ичан қалъа” меҳмонхонаси, Тошкент шаҳри марказидаги собиқ маъмурий бинонинг активлари сотилиши кутилмоқда.

    «Coca-Cola Ичимлиги» давлат улушини сотишнинг якуний босқичига яқинлашдик, «Ўзагроэкспортбанк» и «Пойтахт банк» тижорат банклари, «Фарғона НҚЗ», «Кварц», «Трест-12» корхоналари, «Кафолат» суғурта компанияси ҳамда республикамизнинг энг йирик вино-ароқ корхонаси бўлган “Тошкентвино” ва ёғ-мой саноати корхоналаридаги давлат улушини сотишни режалаштирганмиз.

      Давлат активларининг бозор нархини белгилаш мақсадида халқаро эътироф этилган баҳолаш компаниялари (KPMG, Deloitte, PriceWaterhouseCoopers и Grant Thornton) жалб қилиниб, улар активларни баҳолаш жараёнини амалга оширмоқда.

      Хусусийлаштиришдан олдинги тайёргарлик ҳам «Deloitte», «KPMG» ва «Grant Thornton» каби халқаро эътироф этилган консалтинг компаниялари томонидан олиб борилмоқда. Истиқболли инвесторлар учун материалларни ўрганиш ва тайёрлаш жараёни очиқлик, шаффофлик ва барча инвесторларнинг тенг ҳуқуқли иштирок этиши тартиб-таомиллари асосида олиб борилмоқда.

       Сўзим якунида мазкур Форумнинг барча иштирокчиларига ва меҳмонларга тезкор жавоб ва мазкур Форум майдонларида фаол иштироки учун яна бир бор ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман.

       Ишонаманки, самарали мунозаралар ва конструктив фикр, тажриба алмашинуви Форум иштирокчиларига Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш йўлида давлат корхоналарини бошқариш ва ислоҳ қилиш соҳасида амалий тавсиялар ишлаб чиқиш имконини беради.

Эътиборингиз учун раҳмат!

1927 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech