Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

31 Март 2023

Молиявий таҳлилчи Карен Срапионовнинг gazeta.uz сайтида чоп этилган мақоласи юзасидан раддия

Давлат активларини бошқариш агентлиги таҳлилчи Карен Срапионовнинг акция пакетлари “битта акция – битта лот” тамойили асосида маҳаллий фонд бозорида халқ IPOсини ўтказиш тартиби асосида оммавий савдолар орқали хусусийлаштириладиган корхоналар ва халқ IPOсини ўтказиш юзасидан эълон қилинган мақоласи бўйича қуйидагилар маълум қилинади.

Карен Срапионов давлат иштирокидаги 40 та корхоналарнинг акция пакетлари билан халқ IPOсини ўтказиш жараёни билан боғлиқ хавотирларини тўғри баҳолаган ҳолда, Агентлик мамлакат фонд бозори ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Хусусан, дастлабки IPO/SPOлар айнан давлат иштирокидаги корхоналар томонидан давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли орган ташаббуси билан амалга оширилган.

Шу билан бирга, халқ IPOсини ўтказиш юзасидан айрим тушунмовчиликлар ва турли ҳил талқин қилинишини олдини олиш мақсадида қуйидагиларни билдириб ўтмоқчимиз:

1. Корхоналарнинг акциялари билан халқ IPOсини ўтказишдан асосий мақсад ушбу жараёнларга иложи борича аҳолининг кенг қатламини жалб қилиш, аҳоли учун қўшимча даромад манбаини яратиш, уларда мулкдорлик ҳиссини уйғотиш ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида айнан ушбу масала бўйича қуйидаги фикрлар билдирилган эди:

...“Бугун кўнглимдаги бир ниятимни сизларга очиқ айтмоқчиман. Менинг катта ниятим – юртдошларимиз орасида юз минглаб мулкдорлар, акциядорлар пайдо бўлсин. Одамларимиз ўз омонатларини инвестиция қилиб, юқори даромадларга эга бўлсин.

Шунинг учун топшириқ бердим: келгуси йилда энг йирик 10 та компания ва тижорат банкларимизнинг акциялари ўз аҳолимиз учун очиқ ва шаффоф савдога чиқарилади.

Бу чинакам халқчил IPO бўлишига ишонаман.”.

Шу нуқтаи назардан, қарор билан ушбу жараёнда бир марта “E-auksion” электрон савдо платформаси ва унинг мобил иловаси имкониятларидан фойдаланилган ҳолда реал вақт режимида акцияларга қизиқиш билдирган республиканинг барча ҳудудларидаги аҳолининг кенг қатламини қамраб олиш назарда тутилган.

Бунда, юқори даромадли, дивиденд тўлаш қобилиятига эга бўлган корхоналар танлаб олинган ва уларнинг акцияларини савдога чиқариш босқичма-босқич пухта тайёргарлик кўриш орқали амалга оширилади.

2. Халқ IPOсини ўтказишда “E-auksion” электрон савдо платформасидан фойдаланиш қулайликлари қуйидагилар:

- акция сотиб олиш учун инвестиция воситачиси (брокер)ни ёллаш, улар билан шартнома тузиш, паспорт маълумотларини олиш, маблағ ўтказиш учун ҳисоб рақам очиш инвесторнинг бевосита иштирокисиз масофадан туриб амалга оширилади;

- инвесторлар буюртмаларни 24/7 соат онлайн режимида, жумладан мобил иловаси орқали бериш имконияти мавжуд;

- инвесторларни (мижозларни) онлайн режимда идентификациялаш имконияти мавжуд.

Бироқ, фонд бозорида ушбу имкониятларни яратиш, хусусан янги дастурий таъминотни яратиш кўп вақт ва қўшимча маблағ талаб этилади.

Яна бир мисол, фонд биржасининг сайтига, 2022 йилда 113 минг фойдаланувчи ташриф буюрган бўлса, “E-auksion” платформасига 4,3 млн фойдаланувчи ташриф буюриб, савдо иштирокчилари 1,3 млн.ни ташкил этган.

3. Қарорда инвестиция воситачилари ва андеррайтерларнинг ушбу жараёнларда иштирок этиш ҳуқуқи тўлиқ сақланиши белгиланган.

Хусусан, акция пакетларини сотиш доирасида профессионал ташкилотлар жалб этилиши, инвестиция воситачилари билан шартнома тузиш ва депо ҳисоб рақам очиш имконияти яратилиши, савдо платформасида барча инвестиция воситачилари ва уларнинг мижозлари иштирок этиши учун тенг шароитлар яратилиши кўрсатилган.

Бунда, буюртмаларни бериш жараёнида уларга депо ҳисоб-рақамлари очиш учун инвестиция воситачиларини танлаш имконияти яратилади, бунинг учун “E-auksion” электрон савдо платформасида етарли ресурс ҳам, имконият ҳам мавжуд.

4. “E-auksion” электрон савдо платформасида буюртмаларни (акция учун обуна) йиғиш фонд биржасига параллел савдо майдончасини ёки “қора” бозорни шаклланишига олиб келмайди, чунки халқ IPOсининг иккиламчи олди-сотдиси фонд биржасида амалга оширилади.

Бирламчи бозорда қанчалик кўп аҳоли акцияларни сотиб олиши, кейинчалик иккиламчи бозорда акциялар билан битимларнинг кўпайишига ва фонд бозори айланмасининг ортишига хизмат қилади.

5. Ҳужжат лойиҳаси манфаатдор вазирлик, идоралар, хусусан Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан келишилган ва жорий йил 21 февралда Вазирлар Маҳкамасида янги тартибга асосан коллегиал тарзда маъқулланган.

6. Акцияларни сотиш нафақат анъанавий IPO ўтказиш тартибида, балки корхонага жалб этиладиган профессионал ташкилотлар билан биргаликда алоҳида ёндашув асосида акцияларни SPO йўли билан ҳам сотилиши мумкин.

Бу борада, фонд бозорининг профессионал иштирокчиларини халқ IPOсини ўтказишда фаол иштирок этишга чорлаб қоламиз ва Агентлик доимо улар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирамиз.

7. “Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси” давлат корхонасини акциядорлик жамиятига айлантириш ва акцияларини оммавий жойлаштириш бўйича тадбирлар халқаро тажрибадан келиб чиқиб, жамиятни инвестицион жозибадорлигини ошириш, дастурий таъминотини модернизация қилиш каби чора-тадбирларни ўтказган ҳолда амалга оширилади.

8. Кузатув кенгашининг мустақил аъзоларини сайлаш тартиби бўйича “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларни жамоатчилик вакиллари билан мухокама қилинмаганлиги, миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари чекланганлиги билдирилган.

Ушбу ҳужжат лойиҳаси қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан келишилган ва жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилган (ID-52334).

Бундан ташқари, профессионал иштирокчилар орасида оммалашган “КорпИнфо” Telegram канали орқали муҳокамада фаол иштирок этиш сўралган, бироқ профессионал иштирокчилари ҳамда жамоатчилик вакилларидан биронта таклиф ва эътирозлар билдирилмаган.

Маълумот учун: ушбу Қонун билан миноритар акциядорлар ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида кузатув кенгашининг мустақил аъзолигига номзодлар, агар жамият уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан, қоида тариқасида, акциядорлар умумий йиғилиши кўриб чиқиши учун танлов асосида кўрсатилиши белгилаб қўйилган.

9. Муаллифнинг “Курсив” таҳририятига корхоналарнинг дивидендларни тақсимлашда янги амалиёт жорий этилиши бўйича берган тушунтириши, умуман асослантирилмаган бўлиб, ҳақиқатга тўғри келмайди.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги Қарорида давлат иштирокидаги корхоналарнинг давлат улуши бўйича дивиденд миқдорини Агентлик билан келишилган ҳолда акциядорлар умумий йиғилишига тавсия этиш талаби, фақатгина давлат номидан сайланган номзодларга тааллуқли бўлиб, дивидендларини тақсимлашда бошқа акциядорларнинг ҳуқуқларини бузиш ёки уларга давлатга нисбатан камроқ ёхуд ўзгача дивиденд ҳисоблаш назарда тутилмаган.

Хусусан, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талабларига кўра дивидендларни тўлаш, миқдорини белгилаш кузатув кенгашининг тавсияси мавжуд бўлган тақдирда, акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилиниши (50-модда), бунда акциядорларнинг тенг ҳуқуқларига риоя этилиши лозимлиги (51-модда), давлат акциядор сифатида бошқа акциядорлар билан бир қаторда тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши (111-модда) кўрсатиб ўтилган.

Ушбу тартибни жорий этилиши, корхоналардан дивидендларни асоссиз ундирилиши, уларнинг молиявий ҳолатининг ёмонлашиши ҳамда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ва модернизация ишларига салбий таъсири олди олинади.

2088 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech