Тегишли хусусийлаштириш дастурлари доирасида, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги) “Фарғонаазот” АЖ (кейинги ўринларда – Корхона) устав капиталидаги 99,02 фоиз давлат акциялар пакетини хусусийлаштириш бўйича “Indorama Corporation Pte. Ltd” (Сингапур) компанияси (кейинги ўринларда – Инвестор) билан келишувга (кейинги ўринларда – Битим) эришилганлигини маълум қилади.
Хусусийлаштириш жараёнига Deloitte халқаро консалтинг компанияси етакчи консультант (кейинги ўринларда – Консультант), Халқаро Молия Корпорацияси (IFC) стратегик маслаҳатчи, KPMG халқаро консалтинг компанияси эса мустақил баҳоловчи сифатида жалб этилди.
Жараён Давактив агентлигининг расмий сайтларида ва ижтимоий тармоқларидаги каналларида ёритилди ва ахборот бериб борилди.
2021 йил декабрь ойида бошланган хусусийлаштириш жараёни доирасида, Консультант томонидан халқаро даражадаги кенг кўламли маркетинг ишлари амалга оширилди ҳамда инвестиция тизерлари Deloitte ва IFCнинг кенг тармоғи орқали салоҳиятли хорижий инвесторларга (investor sounding) юборилди. Шунингдек, халқаро бизнес матбуот нашрларида, жумладан Financial Times газетасининг 2022 йил 27 июнь кунги махсус сонида мақолалар чоп этилди.
Натижада Консультантга Корхонани сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги 10 та аризалар (Express of Interest) келиб тушди. Келиб тушган барча аризалар эълондаги малака мезонларига мувофиқлиги, шу жумладан халқаро санкциялар рўйхатида йўқлиги бўйича таҳлил қилинди. Малакавий ўрганиш натижаларига кўра, 4 нафар талабгорлар аризалари мезонларга тўлиқ мос деб топилди ва кейинги босқичга ўтказилди.
Жараённинг дастлабки саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган барча талабгорларга, Консультант томонидан тайёрланган Корхонанинг молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти юзасидан комплекс таҳлил (due diligence) ҳисоботлари билан танишиш, Корхонага ташриф буюрган ҳолда бошқарув органи билан учрашиш орқали Мажбуриятга эга бўлган таклифларини (Binding Offers) тайёрлаш имконияти яратилди.
Мажбуриятга эга бўлган таклифларни қабул қилиш натижасида, энг мақбул таклиф Indorama Corporation Pte. Ltd (Сингапур) томонидан тақдим этилди. Таклифга кўра сотиб олиш қиймати қарийиб 140 миллион АҚШ доллари (130 млн. АҚШ доллари ва 107 млрд. сўм)ни ташкил этади, шунингдек, Инвестор томонидан Корхонани модернизация қилиш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция киритиш мажбурияти олинади. Жараён натижасида эришилган нарх параметрлари Консультант томонидан ҳисобланган индикатив нархлар оралиғида жойлашган.
Deloitte ва Халқаро Молия Корпорацияси (IFC)нинг таҳлилларига кўра, жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқлик, товар бозорларидаги турбулентлик ва глобал рецессиянинг юқори хавф-хатарлари юзага келган ҳозирги шароитда, нарх параметрларини ҳақли ва Ўзбекистон иқтисодиёти манфаатларига мувофиқлиги ҳисобланади. Шу билан бирга, минерал ўғитларнинг йирик халқаро ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Indorama Corporation Pte. Ltd., Корхона ишлаб чиқариш қувватларининг умумий эскириши бугунги кунда 80% дан ортиқ бўлган ҳозирги аҳволда уни мукаммал модернизация қилишга эришиши кутилмоқда.
Келишилган шартларга кўра, Инвесторнинг мажбуриятларига Корхонанинг барча жорий ижтимоий дастурларини сақлаб қолиниши, жумладан, ходимлар сонини ва иш ҳақларини қисқартирмаслик, ходимларнинг малакасини ошириш ҳамда замонавий экологик назорат тизимини ишлаб чиқиш киради.
Жорий йил 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сингапурга давлат ташрифи арафасида Сингапурда ташкил этилган Бизнес-форумда “Фарғонаазот” АЖ устав капиталидаги 99,02 фоиз давлат акциялар пакети бўйича олди-сотди шартномасининг асосий шартлари (Term sheet) тўғрисидаги Келишув имзоланди.
Корхонани хусусийлаштириш натижалари Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.
Битимни тўлиқ якунлаш учун, Корхонага ишлаб чиқариш мақсадлари лозим бўлган эҳтиёжларни, шу жумладан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг эркин бозорини йўлга қўйиш ва табиий газ таъминоти каби масалаларнинг норматив ҳуқуқий ечимини таъминлаш зарур бўлади.
Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнида иштирок этган барча талабгорларга, шунингдек, хусусийлаштириш бўйича консультант Deloitte компаниясига ва стратегик маслаҳатчи Халқаро Молия Корпорациясига ўз миннатдорчилигини билдиради.
Indorama Corporation тўғрисида қисқача маълумот
Indorama Corporation – 38 та мамлакатларида 160 дан ортиқ ишлаб чиқариш майдонларига эга халқаро саноат конгломератидир. Indorama минерал ўғитлар, полимерлар, саноат кимёвий моддалари, толалар, тўқимачилик маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги ва тиббий қўлқоплар ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг етакчи компанияларидан бўлиб, 45 мингдан зиёд ходимларга эга. Компания 2010 йилдан буён Ўзбекистонга фаол сармоя киритиб, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва ўғит ишлаб чиқариш соҳаларидаги лойиҳаларни ривожлантириб келмоқда ҳамда мазкур лойиҳаларда 3000 дан зиёд маҳаллий ишчилар меҳнат қилмоқда.