Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

31 Май 2022

“UZPAYNET” МЧЖни хусусийлаштириш бўйича консалтинг компаниясини жалб қилиш тўғрисида эълон

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда - Давактив агентлиги/Сотувчи) тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, “UZPAYNET” МЧЖ (кейинги ўринларда - Актив)ни хусусийлаштириш бўйича консалтинг компанияси (кейинги ўринларда - Консультант) танлаб олиниши юзасидан танлов эълон қилади.

Барча қизиқиш билдирган талабгорлардан Таклиф тақдим этиш учун сўровномага (RfP) асосан тижорат таклифларини жорий йил 1 июль куни соат 18:00 (Тошкент вақти билан)га қадар тақдим этишларини сўраймиз.

Консультантлардан талаб этилган иш ҳажмини тўлиқ бажариш учун консорциумга киришлари ёки биргаликда қўшма таклифлар тақдим этишлари мумкин.

Агар консорциум томонидан ариза тақдим этилса, консорциум битими тақдим этилиши сўралади. Агар, биргаликда қўшма тижорат таклифи тақдим этилса, жалб қилинган шерик-консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрсатилиши лозим.

Барча манфаатдор томонлар қуйидаги ахборот каналлари орқали тижорат таклифларини тақдим этишлари сўралади:

Жамшид Жўраев, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Давлат активларини хусусийлаштириш департаменти бошлиғи;

Тел.: + 998-71-259-22-98; эл.почта: privatization@davaktiv.uz;

Шоҳрух Оҳунов, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Мувофиқлашган ҳаракатни таъминлаш департаменти бошлиғи;

Тел.: + 998-71-259-21-87; эл.почта: cooperation@davaktiv.uz.

Консультантларнинг вакиллари билан Битим бўйича ишлар яқин ҳамкорликда, зарур ҳолларда эса, Активда қўшимча лойиҳа гуруҳини тузиш орқали амалга оширилиши мумкинлиги маълум қилинади.

Дисклеймер:

Мазкур сўровнома тижорат таклифини тақдим этиш мажбурияти ҳисобланмайди ва Сотувчига таклифни қабул қилиш ёки шартнома тузиш мажбуриятини юкламайди. Шунга кўра, таклифлар учун ушбу сўровни эълон қилиш ва/ёки у билан боғлиқ аризаларни олиш, бир ёки бир нечта иштирокчилар билан музокаралар ва муҳокамалар орқали шартнома тузишни назарда тутмайди.

Ушбу ҳужжатда келтирилган материаллар ва маълумотлар лойиҳанинг фақат энг муҳим томонларининг дастлабки хулосаси ва Консультантдан хусусийлаштириш бўйича кутилиши мумкин бўлган ишлар ҳажми тўғрисида умумий маълумот сифатида хизмат қилишига мўлжалланган.

Сотувчи сотиш жараёни бўйича, шу жумладан, уларнинг тавсиялари асосида қарор қабул қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

 “UZPAYNET” МЧЖни хусусийлаштириш бўйича консультантни жалб қилиш бўйича таклиф тақдим этиш учун сўровнома (RfP)

Кириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 18 мартдаги ПҚ-168-сон қарорига мувофиқ, "UZPAYNET" МЧЖ устав капиталидаги 100% давлат улушини хусусийлаштириш (кейинги ўринларда - Битим) белгиланган.

Сотиш жараёнлари тўлов тизимлари бозорининг тармоқ ва индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари доирасида, энг мақбул хорижий тажриба асосида ташкил этилиши лозим, қонун ҳужжатларига мувофиқ Сотувчи тўғри қарор қабул қилиши учун Активни мустақил баҳолаш баҳолаш ишларини амалга оширади.

Битим жараёнига ҳамроҳлик қилиш доирасида хусусийлаштириш бўйича консультантдан талаб қилинадиган Иш ҳажми ушбу Сўровноманинг иловасида кўрсатиб ўтилган. Консультантлар талаб этилган иш ҳажмини тўлиқ бажариш учун консорциумга киришлари ёки биргаликда қўшма таклифлар тақдим этишлари мумкин.

Актив тўғрисида қисқача маълумот

“UZPAYNET” МЧЖ – PAYNET тўлов тизимининг эгаси ва яратувчиси ҳисобланади.

“UZPAYNET” компанияси Ўзбекистон бозорида 2005 йилдан буён 390 дан ортиқ турли хизматларни кўрсатиб келмоқда. Жумладан, PAYNET.UZ мобил иловаси орқали барча коммунал тўловларни амалга ошириш мумкин. Компаниянинг республика бўйича 21 000 та тўлов пунктлари хизмат кўрсатмоқда. 

Ҳар куни 1,3 миллиондан ортиқ фойдаланувчи PAYNET тизими орқали тўловларни амалга оширади.

“UZPAYNET” МЧЖ Тошкент шаҳри, Фуркат кўчаси 10-уй манзилида жойлашган.

2021 йил якуни бўйича устав капитали 378,5 млн. сўм, соф активлари – 71,8 млрд.сўм, соф фойдаси – 94,6 млрд. сўмни ташкил этган.

Консультантлардан кутилаётган таклифлар тузилмаси ва уларга қўйиладиган талаблар

Рақамлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида тегишли билим ва тажрибага эга маслаҳатчига устунлик берилади.

Консультантнинг таклифи (индивидуал ариза берувчи ёки консорциум*) ўзбек ёки рус/инглиз тилларида тайёрланиши ҳамда қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:

а) Активни хусусийлаштириш жараёнини ташкиллаштириш бўйича консультантнинг келгусидаги ҳаракатлар кетма-кетлигини ва иш кўламини ўз ичига олган режаси. Консультантнинг тавсиялари ва таклифларига қисқа вақт ичида тегишли жавоб берилган тақдирда, хусусийлаштириш жараёнининг давомийлиги бўйича хулосаси (10 баллгача);

б) Шу тоифадаги активлар доирасида тузилган битимлар юзасидан консультантларнинг иш тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, 2017 йил 1 январь кунидан бошлаб ҳозирги даврга қадар МДҲ минтақасидаги мандатлар тўғрисида маълумот (35 баллгача);

в) Лойиҳани амалга оширишдан келиб чиқиб, Битимни амалга ошириш юзасидан ишларни ташкил этиш бўйича таклиф. Таклиф этилган битимга жалб қилинган жамоа ҳақида маълумот, шахсларнинг (жисмоний ва юридик) исмлари ва улар ҳақидаги маълумотлар: иш тажрибаси, фаолият муддати, битимлар тузиш бўйича умумий тажриба ва уларни амалга ошириш бўйича малакаси. Жамоа аъзоларининг ўзбек тилини билиши инобатга олинади (15 баллгача);

г) Тижорат таклифи икки қисмдан иборат (40 баллгача):

Хизмат ҳақининг қатъий қисми ягона рақам шаклида бўлиши ва консультантнинг субъектив тахминларидан ҳоли бўлиши керак;

Шу билан бирга, таклиф этилган ҳақ миқдори ишлаб чиқилган савдо стратегиясига боғлиқ ва Сотувчи таклифнинг муваффақияти учун (“success fee”) мутаносиб ҳақ тўлашни таъминлайдиган таклифларга устунлик беради;

Агар хизмат ҳақи нархлар оралиғида берилган бўлса, унда таклифни баҳолаш учун унинг юқори чегараси қабул қилинади. Қўшимча жорий харажатлар (хизмат сафари, таржима ва бошқалар учун) белгиланган қатъий қисмига киритилиши керак;

д) Қўйилган вазифаларни бажариш учун етарли салоҳият ва ваколатга эгалиги, шунингдек, инсон, вақт ва моддий ресурсларнинг мавжудлиги тўғрисидаги ёзма ариза;

е) Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида маълумот. Маслаҳатчи ушбу савдога жалб қилинган тақдирда зиддиятлар олиб келиши мумкин бўлган ҳолларда потенциал битим бўйича салоҳиятга эга эканлигини кўрсатиш.

Хусусийлаштириш бўйича консультантдан кутилаётган ишлар ҳажми

I. Тўлов тизимлари бозорини таҳлил қилиш:

Ўзбекистонда ва минтақада соҳани ривожлантиришдаги шароитларни ва бозор таҳлили, соҳа корхоналарини ривожлантириш учун зарур шароитлар; Ўзбекистонда тўлов тизимлари бозорини тартибга солувчи асосий қоидалар тавсифи;

бошқа (жумладан, қўшни) давлатларда мазкур соҳада амалга оширилган хусусийлаштириш тажрибаси таҳлили, ушбу турдаги активнинг хусусийлаштиришдаги муваффақиятсизликларининг асосий сабаблари, келгусида соҳани ривожлантириш ва муваффақиятли хусусийлаштиришни таъминловчи омиллар.

II. Актив таҳлили:

Активнинг тавсифи, унинг бозор ва рақобатдаги ўрни;

хатарлар (риск)нинг таҳлили: инвестор таҳлилига мувофиқ активни хатарга қўядиган потенциал йўналиш ва эҳтимолларни аниқлаш ва бундай битимларнинг мувоффақиятсизлигига сабаб бўладиган энг кенг тарқалган сабабларни ўрганиш. Аниқланган хатарларни камайтириш борасида чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида тавсиялар бериш;

юридик экспертизадан ўтказиш, жумладан, қуйидаги масалаларда:

интеллектуал фаолиятнинг объектив ифодаланган натижаларига ва уларга тенглаштирилган индивидуаллаштириш воситаларига, шу жумладан, товар белгисига, бозор брендларига ва интеллектуал мулкнинг бошқа жиҳатларига эгалик ҳуқуқини белгилаш;

тадбиркорлик фаолияти натижаси бўйича асосланган ҳуқуқий манбаларини ва мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа хўжалик фаолиятлари бўйича асосларни аниқлаш ва хулоса бериш, шунингдек, мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш, мерос қилиб қолдириш, Актив фойдасига ёки учинчи шахс мулкига эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтириш муддати, учинчи шахслар фойдасига Активнинг мол-мулкига бўлган мулкий ҳуқуқлар бўйича белгиланган чекловлар;

юкланиш, шунингдек, қарзларни ундириш ва мажбурий ижро этиш бўйича кўрилган чоралар;

меҳнат ва антимонополия қонунларига, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги низомларга риоя қилиш ҳолати;

Активни хусусийлаштириш бўйича ҳаракатлар кетма-кетлиги тавсифи билан хусусийлаштириш механизми бўйича таклифлар ва эълон матни бўйича тавсиялар. 

III. Активни сотишдан олдин тайёрлаш бўйича маслаҳатлар: 

Активнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, энг илғор амалиётлар ва ўхшаш (аналог) активларнинг таҳлили асосида тузилма ва бошқарувни такомиллаштириш бўйича таклифлар;

Активнинг ҳар томонлама (солиқ, ҳуқуқий, молиявий ва экологик) чуқур таҳлилини ўтказиш (due diligence);

оптимал маркетинг стратегияси бўйича тавсиялар, маркетинг материалларини тайёрлаш (тизер, инфо-меморандум, жараён ҳолати бўйича хат ва бошқалар) ва инвесторлар ўртасида ахборот материалларини тарқатиш;

жамоатчилик билан алоқалар ўрнатиш бўйича тавсиялар тақдимоти, уларнинг саволларига жавоблар;

баҳолаш услубини тўғри танлаш ва уларнинг инвесторлар учун долзарблигини белгилаш, нарх диапазони бўйича тавсияларни тақдим этиш;

инвестор нуқтаи назаридан баҳолашга таъсир этувчи асосий омиллар, асосий кўрсаткичлар ва тахминларни аниқлаш;

лойиҳа доирасида бошқа малакали консультантларни жалб этиш (зарур бўлган ҳолларда) ва уларнинг ишини мувофиқлаштириш.

IV. Битим жараёнига ҳамроҳлик қилиш:

Активни хусусийлаштиришга қаратилган барча чораларни кўриш, виртуал маълумотлар хонаси (VDR)ни ташкил этиш;

салоҳиятли талабгорлар билан алоқаларни мувофиқлаштириш, шу жумладан, уларнинг саволларига жавоблар бериш;

барча зарур ҳужжатларни, жумладан, олди-сотди шартнома лойиҳасини (ўзбек тилига таржимаси билан, керак бўлса рус ва инглиз тилларида ҳам) тайёрлаш билан бирга сотиш жараёнида ҳамроҳлик қилиш;

Битимни элон қилиш ва ёпишни ташкиллаштириш.

 

(1) Консорциумлар ариза топширган тақдирда, консорциум тўғрисидаги шартномаларини тақдим этишларини, шунингдек, ишга бевосита жавобгар ва мувофиқлаштириш учун жалб қилинган консультант-шерикнинг асосий консультантини кўрсатиш сўралади. Бунда, умумий хизмат хақи кўрсатилиши лозим.

(2) Агар консультантларнинг таклифлари “а”, “б” ва “в” бандларида кўрсатилган талабларга жавоб бермаса, “г” бандида назарда тутилган баҳолаш бали қўлланилмайди.

5190 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech