Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

23 Апрель 2022

“Tashkent city” боғини хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компаниясини жалб қилиш тўғрисида эълон

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда - Давактив агентлиги/Сотувчи) тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, “Tashkent city” боғи (виртуал кўриш 360°(кейинги ўринларда - Актив)ни хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компанияси (кейинги ўринларда - консультант) танлаб олиниши юзасидан танлов эълон қилади.

Барча қизиқиш билдирган талабгорлардан 2022 йил 23 май куни соат 18:00 дан (Тошкент вақти билан) кечиктирмай қуйида кўрсатилган Таклиф тақдим этиш учун сўровномага (RfP) асосан тижорат таклифларини тақдим этишларини сўраймиз.

Консультантлар томонидан Активни хусусийлаштириш учун зарур бўладиган барча маслаҳатлар ва консултация хизматларини тақдим этилиши кутилади. 

Консультантлар талаб этилган иш ҳажмини тўлиқ бажариш учун консорциумга бирикишлари ёки биргаликда қўшма таклифлар тақдим этишлари мумкин.

Агар консорциум томонидан ариза тақдим этилса, консорциум битимини тақдим этилиши сўралади. Агар, биргаликда қўшма тижорат таклифи тақдим этилса, жалб қилинган шерик-консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрсатилиши керак.

“Tashkent city” боғини келгусида эксплуатация қилишда қуйидаги мажбуриятларни амалга ошириши зарурлиги эслатиб ўтилади:

“Tashkent city” боғнинг фаолиятини сақлаб қолиш;

ҳар қандай капитал бино ва иншоотларни қурмаслик;

“шовқинли” аттракционлар ўрнатмаслик;

“Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази резидентлари (ҳудудда яшовчи фуқаролар ва ходимлар) учун эркин кириш-чиқиш ҳуқуқини таъминлаш;

яшил ҳудудни сақлаш ва яшил майдонларни агротехник жиҳатдан парвариш қилиш;

белгиланган майдонда автотураргоҳ ташкил этиш;

иш ўринларини сақлаб қолиш;

дарахт ва буталарнинг кесилишига жорий этилган мораторийга риоя этиш талаб этилади. 

"Tashkent city" боғини хусусийлаштириш бўйича консультантларни жалб қилиш бўйича таклиф тақдим этиш учун сўровнома (RfP)

 Кириш

Давактив агентлиги тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, "Tashkent city" боғини мулкий мажмуа сифатида хусусийлаштириш (кейинги ўринларда - Битим) бўйича консультант танлаб олиш юзасидан танлов эълон қилади.

Сотиш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилик талаблари доирасида ҳамда Активнинг соҳавий ва индивидуал хусусиятидан келиб чиқиб, энг яхши хорижий ёки маҳаллий тажриба асосида ташкил этилиши лозим 

 Актив тўғрисида қисқача маълумот

Манзили: Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Янги Тошкент кўчаси, 1-уй;

Балансда сақловчи: "Tashkent city" ХИМ ДУК;

Объектни фойдаланишга топширилган йили: 2020 йил;

"Tashkent city" боғининг умумий майдони: 23,46 га.;

Бино-иншоотлар майдони: 3 933 кв.м;

Мавжуд ижарачилар сони 17 нафарни ташкил этиб, уларга 1 860 кв.м майдон бириктирилган.

 Консультантлардан кутилаётган таклифлар тузилмаси ва уларга қўйиладиган талаблар

Консултантнинг таклифи (индивидуал ариза берувчи ёки консорциум*) ўзбек ёки рус/инглиз тилларида тайёрланиши ҳамда қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:

*Консорциумлар ариза топширган тақдирда, консорциум тўғрисидаги шартномаларини тақдим этишларини, шунингдек ишга бевосита жавобгар ва мувофиқлаштириш учун жалб қилинган консультант-шерикнинг асосий консультантини кўрсатиш сўралади. Бунда, умумий хизмат хақи кўрсатилиши лозим.

а) Активни хусусийлаштириш жараёнини ташкиллаштириш бўйича консультантнинг келгусидаги ҳаракатлар кетма-кетлигини ва иш кўламини ўз ичига олган режаси. Консультантнинг тавсиялари ва таклифларига қисқа вақт ичида тегишли жавоб берилган тақдирда, хусусийлаштириш жараённинг давомийлиги бўйича хулосаси. (10 баллгача);

б) Хизмат ҳақи бўйича таклиф. Шу билан бирга, таклиф этилган ҳақ миқдори ишлаб чиқилган савдо стратегиясига боғлиқ ва Сотувчи таклифнинг муваффақияти учун (“success fee”) мутаносиб ҳақ тўлашни таъминлайдиган таклифларга устунлик беради. Хизмат ҳақининг қатъий қисми ягона рақам шаклида бўлиши ва консультантнинг субъектив тахминларидан ҳоли бўлиши керак. Агар хизмат ҳақи нархлар оралиғида берилган бўлса, унда таклифни баҳолаш учун унинг юқори чегараси қабул қилинади. Қўшимча жорий харажатлар (хизмат сафари, таржима ва бошқалар учун) белгиланган қатъий қисмига киритилиши керак (40 баллгача);

в) Шу тоифадаги активлар доирасида тузилган битимлар юзасидан консультантларнинг иш тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, 2017 йил 1 январь кунидан бошлаб ҳозирги даврга қадар МДҲ минтақасидаги мандатлар тўғрисида маълумот (25 баллгача);

г) Лойиҳа бошқарувидан келиб чиқиб Битимни амалга ошириш юзасидан ишларни ташкил этиш бўйича таклиф. Таклиф этилган битимга жалб қилинган жамоа ҳақида маълумот, шахсларнинг (жисмоний ва юридик) исмлари ва улар ҳақидаги маълумотлар: иш тажрибаси, фаолият муддати, битимлар тузиш бўйича умумий тажриба ва уларни амалга ошириш бўйича аниқ тажрибаси. Жамоа аъзоларининг ўзбек тилини билиши инобатга олинади (25 баллгача);

д) Қўйилган вазифаларни бажариш учун етарли салоҳият ва ваколатга эгалиги, шунингдек, инсон, вақт ва моддий ресурсларнинг мавжудлиги тўғрисида ёзма ариза;

е) Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида маълумот. Маслаҳатчи ушбу савдога жалб қилинган тақдирда зиддиятлар олиб келиши мумкин бўлган ҳолларда потенциал битим бўйича салоҳиятга эга эканлигини кўрсатиш.

 

 Хусусийлаштириш бўйича консультантдан кутилаётган ишлар ҳажми

I. Боғ (парк)ни бошқариш соҳадасидаги бозор таҳлили:

Ўзбекистонда ва минтақада соҳани ривожлантиришдаги шароитларни ва бозор таҳлили, соҳа корхоналарини ривожлантириш учун зарур шароитлар; Ўзбекистонда боғ (парк) бозорини тартибга солувчи асосий қоидалар тавсифи;

бошқа (жумладан, қўшни) давлатларда мазкур соҳада амалга оширилган хусусийлаштириш тажрибаси таҳлили, ушбу турдаги активнинг хусусийлаштиришдаги муваффақиятсизликларининг асосий сабаблари, келгусида соҳани ривожлантириш ва муваффақиятли хусусийлаштиришни таъминловчи омиллар;

"Tashkent city" боғини келгусидаги таклифий бизнес-модели (концепция)ни ишлаб чиқиш.

II. Актив таҳлили:

Активнинг тавсифи, унинг бозор ва рақобатдаги ўрни;

хатарлар (риск)нинг таҳлили: инвестор таҳлилига мувофиқ активни хатарга қўядиган потенциал йўналиш ва эҳтимолларни аниқлаш ва бундай битимларнинг мувоффақиятсизлигига сабаб бўладиган энг кенг тарқалган сабабларни ўрганиш. Аниқланган рискларни камайтириш борасида чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида тавсиялар бериш;

юридик экспертизадан ўтказиш, жумладан, қуйидаги масалаларда:

товар белгиси, бозор брендлари ва интелектуал мулкнинг бошқа жиҳатларига эгалик қилишни аниқлаш; 

активларга эгалик қилиш ҳуқуқи, корхона фойдасига ёки учинчи шахсларнинг мол-мулкига бўлган мулкий ҳуқуқлар, учинчи шахслар фойдасига корхона активлари бўйича белгиланган чекловлар;

даъволар ва қарзлар, талабларнинг ҳолати, шунингдек қарзларни ундириш ва мажбурий ижро этиш бўйича кўрилган чоралар;

меҳнат ва антимонополия қонунларига, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги низоларга риоя қилиш ҳолати;

Активни хусусийлаштириш бўйича ҳаракатлар кетма-кетлиги тавсифи билан хусусийлаштириш механизми бўйича таклифлар ва эълон матни бўйича тавсиялар.  

III. Активни сотишдан олдин тайёрлаш бўйича маслаҳатлар: 

Активнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, энг яхши амалиётлар ва ўхшаш (аналог) активларнинг таҳлили асосида тузилма ва бошқарувни такомиллаштириш бўйича таклифлар;

Активнинг ҳар томонлама (солиқ, ҳуқуқий, молиявий ва экологик) чуқур таҳлилини ўтказиш (due diligence);

оптимал маркетинг стратегияси бўйича тавсиялар, маркетинг материалларини тайёрлаш (тизер, инфо-меморандум, жараён ҳолати бўйича хат ва бошқалар);

roadshow ва “PR” стратегиясини ишлаб чиқиш, жамоатчилик билан алоқалар ўрнатиш бўйича тавсиялар тақдимоти, уларнинг саволларига жавоблар;

баҳолаш услубини тўғри танлаш ва уларнинг инвесторлар учун долзарблигини белгилаш, диапазон нархи бўйича тавсияларни тақдим этиш;

инвестор нуқтаи назаридан баҳолашга таъсир этувчи асосий омиллар, асосий кўрсаткичлар ва тахминларни аниқлаш;

лойиҳа доирасида бошқа малакали консультантларни жалб этиш (зарур бўлган ҳолларда) ва уларнинг ишини мувофиқлаштириш.

IV. Битим жараёнига ҳамроҳлик қилиш:

Активни хусусийлаштиришга қаратилган барча чораларни кўриш, виртуал маълумотлар хонаси (VDR) ташкил этиш (заруратга кўра);

салоҳиятли талабгорлар билан алоқаларни мувофиқлаштириш, шу жумладан, уларнинг саволларига жавоблар бериш;

барча зарур ҳужжатларни, жумладан олди-сотди шартнома лойиҳасини (ўзбек тилига таржимаси билан) тайёрлаш билан бирга сотиш жараёнида ҳамроҳлик қилиш;

Битимни элон қилиш ва ёпишни ташкиллаштириш.

 

Барча манфаатдор томонлар қуйидаги ахборот каналлари орқали  тижорат таклифларини тақдим этишлари сўралади:

Жамол Ахмедов, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Давлат активларини хусусийлаштириш департаменти бошлиғи ўринбосари;

Тел.: + 998-71-259-22-10; эл.почта: privatization@davaktiv.uz;

Шохаббос Абдуазимов, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Мувофиқлашган ҳаракатни таъминлаш департаменти бошлиғи ўринбосари;

Тел.: + 998-71-259-22-43; эл.почта: cooperation@davaktiv.uz.

 

Консультантларнинг вакиллари билан Битим бўйича ишлар яқин ҳамкорликда, зарур ҳолларда эса Активда қўшимча лойиҳа гуруҳини тузиш орқали амалга оширилиши мумкинлиги маълум қилинади.

 

Дисклеймер:

Мазкур сўровнома таклиф ҳисобланмайди ва Сотувчи сўровга мувофиқ бирон-бир таклифни қабул қилиш ёки бирон-бир шартнома тузиш мажбуриятини юкламайди. Шунга кўра, таклифлар учун ушбу сўровни эълон қилиш ва/ёки у билан боғлиқ аризаларни олиш, бир ёки бир нечта иштирокчилар билан музокаралар ва муҳокамалар орқали шартнома тузишни назарда тутмайди.

Ушбу ҳужжатда келтирилган материаллар ва маълумотлар лойиҳанинг фақат энг муҳим томонларининг дастлабки хулосаси ва консультантдан хусусийлаштириш бўйича қутилиши мумкин бўлган ишлар миқдори ҳақида умумий маълумот сифатида хизмат қилишига мўлжалланган.

Сотувчи сотиш жараёни бўйича, шу жумлдан уларнинг тавсиялари асосида қарор қабул қилиш ҳуқуқни ўзида сақлаб қолади.

 

 

2589 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech